Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ШОИМҚУЛОВ,

10.07.2018


ОЛИЙ ТАЪЛИМ СИФАТИ ДАВР ТАЛАБИГА МОСМИ?

Очиқ айтиш керак, ҳар бир таълим муассасасида, жумладан, Қарши давлат университетида ҳам қарорда таъкидлаб кўрсатилган қатор муаммолар мавжуд эди. Хусусан, талабалар билимини баҳолашнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, профессор-ўқитувчилар фаолияти, билими ва педагогик кўникмасига баҳо беришнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги, таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилмагани, олимларимизнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки сезилмаслиги, ташаббускорликнинг етишмаслиги кабилар шулар жумласидан. Баъзан эса жуда паст савиядаги абитуриентларнинг ўқишга кириб қолиши таълим сифатига ўта салбий таъсир кўрсатиб келаётганди.

Бундай муаммоларни бартараф этиш учун ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, шу мақсадда дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар кун тартибидаги масалалар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Қарорда илмий салоҳиятнинг ошиши билан ҳал қилинадиган бир муҳим жиҳат мавжуд. Бу талабаларни илмий фаолиятга йўналтириш ва уларда инновацион фикрлашни шакллантириш, шундай фикрлашга йўналтирилган ўқитиш технологиялари ва интерфаол услубларни жорий этиш масаласидир. Шу мақсадда ҳар бир олий таълим муассасасида, жумладан, Қарши давлат университетида ҳам 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этиш, 2-курсдан уларни ўқитишни алоҳида ўқув режа ва дастурлар асосида амалга ошириш, ушбу тоифадаги талабаларни магистратурага мақсадли қабул қилиш ва бу орқали олий таълим муассасалари кафедралари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, университетларда    “Ёш экспертлар гуруҳи” тузилади. Бу орқали давлатимизда инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар, талабалар ва ташаббускор фуқаролар учун таъсис этиладиган  “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишонига номзодлар тайёрланади.

Одатда, назарий жиҳатдан, вилоятда жойлашган олий таълим муассасасининг ишлаб чиқариш, умуман, халқ хўжалиги билан интеграцияси жуда жипс ўрнатилиши керак. Бунинг учун эса олий таълим муассасаси олимларининг салоҳияти, битирувчиларининг малакаси юқори бўлиши лозим. Афсуски, ҳозирча биз университет олимларининг салоҳияти ва битирувчиларининг малакаси юқорилиги билан мақтана олмаймиз. 31 та таълим йўналишларида таҳсил олаётган бакалавриат ва 15 та мутахассисликда ўқиётган магистратура талабалари орасида инновацион технологиялар ва ғояларни ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларнинг соҳаларда татбиқ қилинишига интилувчи ёшлар ниҳоятда кам. Шу ва шунга ўхшаш баъзи номақбул ҳолатлар университетдаги таълим жараёнига нисбатан ота-оналар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларида ҳақли эътирозлар пайдо бўлишига олиб келган. Қарорда бундай аҳволни яхшилашнинг аниқ механизмлари кўрсатиб берилган.

Қарор эълон қилингач, университет билан алоқадор жамоалар ва шахслар томонидан ундаги икки фикр кўп бор катта мамнуният билан тилга олинаётганига амин бўлмоқдамиз. Биринчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида талабалар билимини баҳолашда муайян фандан дарс берадиган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этиш баробарида “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойилини жорий қилишнинг аниқ механизмларини белгилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш; ушбу тамойил талабларига жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўриш белгиланган. Ҳеч шубҳасиз, бу тамойил таълим жараёнида талаба билимини баҳолашнинг замонавий ва холис усуллари татбиқ қилинишини ҳам таъминлайди.

Иккинчиси, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларини  уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этишнинг тақиқланганидир. Модомики, биз юксак маданиятли, ривожланган жамият қуриш сари бораётган эканмиз, бунинг ҳеч таажжубланадиган жойи йўқ. Жамият тараққиётини таъминловчи энг катта куч – интеллектуал салоҳиятли ёшлар. Уларсиз ҳеч қачон бардавом тараққиётга эришиб бўлмайди. Лекин уларни ана шундай салоҳиятли устозлар тарбиялашини ҳам унутмаслик керак. Шунинг учун ҳам қарорда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб профессор-ўқитувчиларнинг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш, уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтириш, “Устоз – шогирд” тизимини жорий этиш, бунинг учун, ҳатто, ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда вақт меъёрларининг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари белгиланган.

Университетда жорий этилган яна бир янгиликни вилоятимиз аҳлига мамнуният билан етказишни истар эдим. Бу Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан Қарши давлат университетида илмий даражалар берувчи кенгашларнинг очила бошланганидир. Ҳозирча ўзбек тили ва ўзбек адабиёти ихтисосликларидан филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш иш бошлади. Яқин    вақтларда бошқа соҳалар бўйича ҳам ана шундай кенгашларни очиш режамиз бор. Бу кенгашлар муайян фанлар бўйича катта илмий муҳитни вужудга келтириши, илмий тасаввурларни кенгайтириши ва ёшларда илм-фанга рағбатни кучайтириши билан алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, бу кенгашлар университет ва вилоятда илмий салоҳиятнинг кескин кўтарилишига хизмат қилади.

Комплекс чора-тадбирлардан келиб чиқиб, ҳар бир олий таълим муассасасида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Олий таълим тизимидаги вазифалар ижросидан жамиятимизнинг барча аъзоси бирдай манфаатдор экани эса бизни янада масъулиятли бўлишга ундайди.

Баҳодир ШОИМҚУЛОВ,

Қарши давлат университети ректори

Report typo