Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

06.03.2020


ОТА ОРЗУСИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРГАН ҚИЗ

Спорт

Чироқчининг Хушали қишлоғида азалдан тўй ва байрамлар кураш ва кўпкарисиз ўтмайди. Шу ҳудудда яшовчи Ғайрат Нурматов ҳам ана шундай давраларда кураш тушиб, улоқ чопиб улғайди. Эл-улус орасида полвон номи билан танилди. Аммо у вақтларда оддий қишлоқ йигитининг профессионал спорт билан шуғулланиши, халқаро ареналарда юрт шаънини ҳимоя этиши учун имконият, шарт-шароит йўқ эди.

Шу боис бугун юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятларни кўрган Ғайрат ака кичик қизи Фелуранинг курашчи бўлишини орзу қиларди. Қолаверса, қизалоқдаги эпчиллик, полвонларга хос ирода ва шижоат уни бу мақсад сари янада илҳомлантирди. Саккиз ёшли Фелурани кураш тўгарагига қўйди, бу борада яхши натижаларга эришаётганини кўриб, кўпроқ шуғуллантиришга ҳаракат қилди. Косонлик таниқли мураббий Пўлат Омонқулов раҳбарлик қилаётган спорт тўгарагига ўтгач, Фелура кураш сир-синоатларини янада мукаммал ўрганди, жисмоний имкониятларини ҳар томонлама ошириб борди, катта тажриба тўплади. Вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилган қатор мусобақаларда  иштирок этиб, кўплаб ютуқларга эришди.

- Мен учун эсда қоларли мусобақалардан бири 2017 йилда бўлган, - дейди Фелура Эргашева. - Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган халқаро мусобақада иштирок этиб, 1-ўринни эгаллаган эдим. Бу халқаро даражадаги дастлабки ютуғим бўлган. Шунингдек, 2017-2019 йиллар давомида миллий кураш бўйича мамлакатимизда ва халқаро миқёсда ўтказилган кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олдим. Масалан, ўтган йили Жанубий Кореяда ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбек миллий кураши бўйича 70 килограммгача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритдим. Илк маротаба менинг ғалабам учун ўзга давлатда байроғимиз баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Ўша вақтдаги туйғуларимни сўз билан ифода этиш қийин. Эндиликда янада катта мусобақаларда, жумладан, Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, олтин медалларни қўлга киритишни мақсад қилганман.

Фелура 2019 йилда Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, олийгоҳга синовларсиз ўқишга кириш ҳуқуқини  қўлга киритган эди. Айни пайтда у Қарши давлат университетининг жисмоний маданият факультети 1-босқичида таҳсил олмоқда. Ўқиш билан бир қаторда вилоят марказидаги спорт клубларидан бирида жаҳон чемпиони Баҳром Авазов мураббийлигида машғулотлар олиб бораяпти. Олдинда эса уни яна кўплаб мусобақалар ва умид қиламизки, кўплаб ғалабалар кутмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo