Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 май, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ОТБ кредити ҳисобидан воҳамизда ҳам халқаро стандартларга жавоб берадиган цемент-бетон қопламали ички йўллар қурилади

Ўз мухбиримиз

25.04.2024


ОТБ кредити ҳисобидан воҳамизда ҳам халқаро стандартларга жавоб берадиган цемент-бетон қопламали ички йўллар қурилади

Бунёдкорлик

Юртимизда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Қашқадарёда умумий қиймати 12,8 миллион долларга тенг ишлар бажарилиб, 61 километр узунликдаги цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилади.

Жорий йил 15 апрель куни давлатимиз раҳбари "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Унда қайд этилишича, ўтган йил декабрда ОТБ директорлар кенгаши  мамлакатимизда мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун 240 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларини 5 йиллик имтиёзли давр билан 25 йил муддатга ажратилишини маъқуллагач, Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида қарз битими имзоланган.

Техник-иқтисодий асоси Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бу лойиҳанинг умумий қиймати 304,9 миллион долларни ташкил этади ва бунда Ўзбекистон Республикасининг улуши 64,9 миллион долларга тенгдир. Лойиҳа 9 йил (2024-2032 йиллар) мобайнида амалга оширилади, шу жумладан, қурилиш ишлари 4 йил, сақлаш ва эксплуатация қилиш ишлари эса 5 йил давом этади. Қурилиш ишлари тендер савдолари натижаларига кўра аниқланадиган маҳаллий пудратчилар томонидан амалга оширилади. Ички йўллар фойдаланишга қабул қилингандан сўнг бош пудратчи уларни 5 йил давомида кафолатли соз ҳолатда сақлайди ва эксплуатация қилади, шу жумладан, йўл бўйи минтақаларида барпо этиладиган яшил ҳудудларни шартнома асосида сақлаш ва парваришлаш учун ҳам масъул бўлади.

Қарор билан лойиҳа доирасида ҳудудлар кесимида амалга ошириладиган қурилиш ишлари қуввати тасдиқланган. Унга асосан республика миқёсида жами 841 километр узунликда цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилади ва бунга 211,6 миллион доллар маблағ сарфланади.

Ҳужжатда кўрсатиб ўтилганидек, ОТБ томонидан 2035 йилгача мўлжалланган қишлоқ йўлларини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган ва лойиҳа доирасида қуриладиган цемент-бетон қопламали ички йўллар рўйхати мазкур стратегия талабларига мувофиқ шакллантирилган.

Ўз мухбиримиз

Report typo