Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 январь, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

01.12.2020


ПАХСАДАН ЭМАС, СИҒИМДА ҲАМ МУАММО ЙЎҚ, АММО ТАЪМИРГА МУҲТОЖ

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Сўнгги йилларда турли оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда вилоятимиздаги қайсидир мактабнинг абгор ҳолатдаги биноси ҳақида видео ёки суратли хабар чоп этилишию, бу ердаги ўта ночор шарт-шароит тезда омма эътиборига тушиб, катта муҳокамаларга сабаб бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди.

Бу бежиз эмас, албатта. Қайсидир жойда миллиардлаб маблағ   сарфланиб, барча шарт-шароитларга эга, энг замонавий технологиялар, ўқув-услубий қўлланмалар, кўргазмали воситалар билан жиҳозланган, кенг ва ёруғ хоналарга эга мактаблар бино этилаётган бир пайтда, яна бошқа бир ҳудуддаги мактабда оддийгина темир печ учун ўтин, кўмир ҳам муаммо. Мактаб жамоаси эса гоҳ шифтдан томчилаётган чаккани тўхтатиш, гоҳ ойнаси йўқ ромларга целлофон қоплаш билан овора.

Ёки бошқача айтганда, қайсидир мактабда ўқувчилар айни қиш вақтида иссиқ, кенг ва ёруғ, яп-янги парталар, мебеллар билан жиҳозланган  синфхоналарда ўқияпти. Яна ўзга бир мактабда эса худди шу юртнинг фарзандлари, улар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлган бошқа болалар эса совуқ ва дим хонада қўша-қўша қалин кийимлар кийиб, қўлбола печдан  чиқаётган аччиқ тутундан кўзлари ёшланиб дарсни тинглашмоқда.

 Биз бу билан масъулларни қаергадир эътибор қаратиб, бошқа жойни айириб қўяётганликда айбламоқчи эмасмиз, шунчаки, бир мактаб билан иккинчи бир мактаб, улардаги шарт-шароит бир-биридан кескин фарқ қилиб қолаётгани юқоридаги каби муҳокамаларга сабаб бўлаётганини таъкидламоқчимиз, холос.

 Чиндан ҳам, ҳар йили мамлакатимизда халқ таълими муассасаларини қуриш, мукаммал таъмирлаш ёки реконструкция қилиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Ҳатто, ҳар уч-тўрт йилда қайта-қайта реконструкция қилинадиган, қўшимча маблағлар ажратилиб, янги "корпус"лар қўшиладиган, тинмай қайта жиҳозланадиган мактаблар бор. Уларнинг айримларида чиндан ҳам ўқувчилар сони мактабнинг мавжуд қувватидан анча юқори бўлиб, қўшимча биноларга эҳтиёж катта бўлса, шунчаки масъулларнинг назари тез-тез тушиб турадиган ерда жойлашгани, мактаб раҳбарининг талашиб-тортишиши, юқорига ўз талабини ўтказа олиши ёки бошқа омиллар сабаб доимий эътиборда бўлган мактаблар ҳам йўқ эмас.

Бу яхши, аммо, шу билан бир қаторда, чекка бир ҳудуддаги қайсидир мактаб ҳам йигирма-ўттиз йиллаб "ремонт" учун бир тийин ажратилмай, ҳар йили масъуллар томонидан тузиладиган ва маблағ ажратилиши учун юқорига тақдим этиладиган "таъмирлаш", "қайта жиҳозлаш" деган дастурларда умуман кўринмай қолиб кетмаслиги керак.

 Мисол учун, Касби туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабини олайлик. Туманнинг Комилон маҳалласида жойлашган ушбу илм муассасасининг илк тамал тоши 1933 йилда қўйилган. Орадан бир йил ўтиб, бу ерда кичиккина бино кўтарилиб, ўқувчилар илм олишни бошлашган. 1980-йилларга келиб, ҳудудда оилалар сони кўпайиб, синфхоналар етишмовчилиги сезила бошлагач, эски бино ёнидан барак типидаги яна бир бино қурилиб, мактаб ихтиёрига берилган.

2005 йилда эса 1993 йилда қурилган илк бино бузилиб, унинг ўрнида яна бир янги корпус барпо этилган. Энди 1980 йилда қурилган бино билан биргаликда, мактабнинг қуввати 480 ўринга етади. Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 483 нафар ўғил-қиз ўқиётганини инобатга олсак, сиғим борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо...

Аввало ушбу мактаб ҳудуди девор билан ўраб олинмаган. Ҳамма томони очиқ. Шу боис мактаб ҳудудига кимнингдир чорва моллари ёки итларнинг бемалол кириб келиб, ҳудудни пайҳон қилиши, ўқувчиларга ноқулайлик туғдириши одатий ҳолга айланган.

Қолаверса, чегаралар аниқ белгиланмагач, аҳоли ҳам бўш жойдан бемалол уй ёки бошқа хўжалик биноларини қуриб олаверган. Бир жойда уч-тўртта бино жойлашиб, ўрта ажратилмаганидан кейин уларнинг қайси мактаб, қайси уй, қайси молхона эканлигини англамай ҳам қолар экансан киши. Энг ёмони, 1980-йилларда қурилган ва бошланғич синфлар ўқиётган бино билан ёнма-ён солинган "қўшнининг молхонаси"дан таралаётган гўнг ҳиди ўқувчиларнинг кийимига ҳам ўрнашиб қолар экан.

 Энди ўқувчилар "янги мактаб" деб атайдиган ва 2005 йилда қурилган бинога ўтамиз. Бино 15 йил ичида анча эскириб, кўримсиз ҳолатга келиб қолган бўлса-да, ҳозирча ундан шикоят йўқ. Мактаб жамоасининг арзи ана шу бинога ўрнатилган иссиқлик тизимидан. Уни ўрнатган қурувчилар шу даражада маҳоратини ишга солишган эканки, "котёл" бир кун ҳам ишламаган. Кейинги арз-додларни эса биров тингламаган. Шу боис айни пайтда ҳар бир хонага синф раҳбарлари ва ота-оналар ҳамкорлигида алоҳида қўлбола печлар қурилибди.

Бошланғич синфлар ўқийдиган эски бинога эса киши бош суқишга ҳам ҳайиқади. Темир-бетон плиталардан тикланган ушбу бино том қисмининг бир неча жойлари ёрилиб кетган, ҳатто тепадаги плитанинг  қулаб тушмаслиги учун қўлбола устун суяб қўйилган хоналар ҳам бор. Яқинда бир маротаба ёққан  унча кучли бўлмаган ёмғир шифтдан ўтиб, деворларга ўз изини қолдиришга улгурибди. Ўқитувчиларнинг айтишича, бинони жорий ўқув мавсумидан олдин ўзлари қўлдан келганча ремонт қилишган, аммо бу билан эски бинодаги камчиликларни бартараф этиб бўлмайди. 

- Тўғриси, мактабимизнинг таъмирланиши учун бир неча йилдан буён ҳаракат қиламиз, бир-икки маротаба тегишли дастурга тушганини  ҳам айтишувди, аммо барибир қолиб кетаверди, - дейди мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сурайё Бекмирзаева. - Айниқса, совуқ кунларда жуда қийналаяпмиз, ахир бировнинг фарзандини совуқ хонада олиб ўтиролмаймиз-ку. Яхшиям ота-оналарнинг ўзлари ҳаракат қилишиб, синф раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳар бир хонага биттадан қўлбола печкалар қуриб, деразаларимизга целлофан олиб беришди. Печкага ёқилғи масаласида эса ҳозирча муаммо йўқ. 25 тонна кўмир олганмиз, бу йил сифати ҳам анча яхши экан. Шу билан бирга, қишлоғимиздаги фермерлардан бири бир "тележка" ўтин ёрдам қилди. Яна бошқа ота-оналар ҳам ўтиндан қарашиб туришибди. Аммо ҳар куни 15-20 та печ ёнгач, барибир захиранинг туби кўриниб қолаяпти.

Директор ўринбосарининг айтишича, сўнгги 15 йил давомида  синфхоналарни таъмирлаш, атрофни ободонлаштириш ишлари ҳам ўқитувчилар ҳисобидан ўзаро пул йиғиб ёки ота-оналар ҳомийлигида амалга ошириб келинмоқда. Бусиз илож йўқ. Аксарият ҳолларда мактабнинг аҳволини кўриб пул йиғишни ота-оналарнинг ўзлари таклиф қилишади. Мактаб катта таъмирга муҳтож.

Энди ўз-ўзидан савол пайдо бўлади. Ҳар йили бир туманда икки-учта мактаб инвестиция дастурига киритилиб, капитал ёки жорий таъмирланади. Бундан ташқари, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" ёки бошқа дастурлар ҳисобидан ҳам таълим  муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Хўш, ана шундай бир вазиятда Касби туманидаги 43-мактабнинг таъмирга ўта муҳтож бўлгани ҳолда йиллар давомида таъмир кўрмаслигига сабаб нима? Ёки ҳудудда бундан-да баттар аҳволдаги мактаблар кўпу, унга    навбат келиши қийин бўлаяптими?

- 43-мактабдаги ҳолатдан хабарим бор, - дейди Касби тумани халқ таълими бўлимининг махсус таъмирлаш-эксплутация бўлими бошлиғи Акром Суяров. - Биз ушбу мактабни таъмирлаш бўйича ҳам таклиф берганмиз. Жорий йилда битта мактабимиз инвестиция дастури асосида капитал таъмирланиб, 120-ўринли қўшимча бино қурилди. Ушбу мактабда ўқувчи сони мавжуд қувватга нисбатан жуда ортиб кетган эди. Яна битта мактабимиз эса Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинди. 43-мактаб ҳам келгуси йилларда дастурга тушади.

Туманда бундан-да ёмон аҳволдаги мактаблар кўпми, деган саволимизга Акром Суяров "Айни пайтда ушбу мактаб билан биргаликда яна бир таълим муассасаси шундай ҳолатда", деб жавоб берди.

Аммо 43-мактаб жамоаси энди бизга навбат келибди-да, деб бундан кўпам хурсанд бўлмаслиги керак. Боиси, туман ХТБ масъулининг айтишича, Президентнинг вилоятимизга ташрифи давомида берган кўрсатма ва таклифларига асосан, келгуси йил вилоятда мактаблар қуриш ва таъмирлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилиши кутилмоқда. Лекин бунда биринчи навбатда пахсадан қилинган ҳамда  ўқувчи сони мавжуд қувватдан бир неча баробар ошиб кетган мактабларга эътибор қаратилади. 43-мактаб эса қанчалик таъмирга муҳтож бўлмасин, пахсадан қурилмаган, қуввати ҳам ўқувчилар сонига мос... 

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo