Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

02.02.2023


"ЎПКА САЛОМАТЛИГИ" МОБИЛ БРИГАДАЛАРИ

жойларда скрининг тадбирларини ўтказиб, туберкулёзни эрта ташхислаш учун тузилади

 Қарор ва шарҳ

Мамлакатимизда аҳоли орасида туберкулёз (сил) ва ўпканинг носпецифик касалликларини эрта ташхислаш учун "Ўпка саломатлиги" кўп функцияли мобил комплекси яратилади.

"Ўпка саломатлиги" мобил бригадалари томонидан юртимизнинг олис, чекка, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида яшовчи фуқаролар учун бепул тиббий кўрик доирасида скрининг тадбирларини ўтказиш талаби Президентнинг шу йил 20 январдаги қарорида қўйилган. Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти билан биргаликда "Isuzu" микроавтобуси негизида олис, чекка ва тоғли ҳудудларга мўлжалланган ихтисослаштирилган автотранспорт воситасининг техник параметрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Мазкур қарорнинг иловаларидан бирида 2023-2024 йилларда "Ўпка саломатлиги" мобил бригадаларини жиҳозлаш учун ускуналар рўйхати келтирилган бўлиб, унга кўра, ихтисослаштирилган "Isuzu" микроавтобуслари керакли жиҳозлар (мебель, пана ва тўсиқлар), мобил спирометр, 6 каналли электрокардиограф ва ноутбук тўплами билан таъминланади. Шунингдек, бу автотранспорт воситаларида мобил рентген ускунаси, сунъий интеллект ташхислаш комплекси ва замонавий тезкор GeneXpert 2 модуллик ускунаси ўрнатилади.

Маълумотларга қараганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё,  Фарғона ва Тошкент вилоятларида "Ўпка саломатлиги" мобил бригадаларини жиҳозлаш 2023 йил давомида амалга оширилади. Қолган вилоятларда, шу жумладан, Қашқадарёда ҳам мазкур жараён 2024 йилда якунланади. Ҳар бир ҳудудда микроавтобус ҳамда мебель, пана ва тўсиқлар, спирометр, электрокардиограф ва ноутбукни харид қилишга маҳаллий бюджетдан 602 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Мураккаброқ асбоб-ускуналар эса халқаро грантлар маблағлари (барча ҳудудлар учун - 1,4 миллион доллар) ҳисобидан сотиб олинади.  

 "Ўпка саломатлиги" кўп функцияли ташхислаш комплексини яратиб, мобил бригадалар ишини йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор чора-тадбирларни рўёбга чиқариш натижасида юртимизда латент туберкулёз инфекциясига ҳар йили 1 миллионта скрининг текширувини ўтказиш, пировардида эса касалланиш кўрсаткичини амалдаги 35,2 дан (ҳар 100 минг нафар аҳолига)  2026 йилда 33,7 гача қисқартириш кўзда тутилган.

Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси аҳолисига фтизиатрия ва пульмонология ёрдамини кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ва мазкур жабҳага оид бошқа бир қатор ҳужжатлар тасдиқланган. Масалан, тегишли чора-тадбирлар режасига асосан фтизиатрия ва пульмонология тизимидаги муассасалар замонавий ташхислаш, даволаш ва реанимация ускуналари билан жиҳозланади. Хусусан, вилоятимиздаги фтизиатрия ва пульмонология марказига рақамли конверторли рентген ускунаси, нур манбали фиброоптик толали бронхоскоп, универсал ультратовуш ускунаси, биохавфсизлик бокси, видео-торакоскоп, полисомнографик юрак-нафас олиш комплекси, қон газлари, электролитлар, глюкоза ва гематокритни аниқловчи портатив автоматик анализатор, 1,5 kW кучланишли қуёш батареялари, 300 литр ҳажмли музлаткич, лаборатория тестлари учун штрих кодларни чоп этиш ускунаси ва бундай штрих кодлардаги маълумотларни ўқиш учун сканер ҳамда бошқа жиҳозлар етказиб берилади. Тизимдаги сиҳатгоҳлар, шу жумладан, вилоятимиздаги фтизиатрия ҳамда болалар фтизиатрия сиҳатгоҳлари эса ультрабинафша нурлантириш, магнитотерапия, дарсонвализация ва физиотерапевтик гальванизатор электрофорез аппаратлари, чироқли ванна ва даволаш лампаси каби ускуналар билан жиҳозланади.

Ўз мухбиримиз

Report typo