Франциянинг “Лилл” футбол клуби ҳужумчиси Тимоти Веа АҚШ терма жамоасининг Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этувчи якуний таркибидан жой олди.
Эътиборга молик томони, у “Олтин тўп” соврини ғолиби, турли вақтларда “Пари Сен-Жермен”, “Милан” ва “Челси” клублари шарафини ҳимоя қилган таниқли Африка қитъасилик футболчи Жорж Веанинг ўғлидир. Катта Веа 2018 йилда Либерия президенти этиб сайланган эди.
Тимоти Веа АҚШда туғилган. У мамлакатнинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари сафида ҳам тўп сурган. 2018 йилда эса илк бор бош жамоадан чақирув олган.
Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини АҚШ термаси Англия, Эрон ва Уэльс жамоалари билан бир гуруҳда бошлайди. Турнирга жорий йилнинг 20 ноябрида старт берилиши белгиланган.