Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

05.05.2020


РЎЗАГА ДОИР МАСАЛАЛАР

Билиб қўйган афзал

Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради (манба: "Оламгирия", "Қозихон").

Рўзадор тиш орасидаги бир дона кунжутни ютиб юборса,   кичик бўлгани учун рўзаси очилмайди. Аммо уни оғзидан чиқариб, сўнгра яна қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф бор. Агар тиш орасидаги бир дона кунжутни чайнаса, рўзаси очилмайди. Лекин чайнаб ютганида томоғида унинг мазасини сезса, рўзаси очилади. Бошқа ҳар қандай таом, дон ёки бошқа чайналган оз нарсалар шу қоидага қиёс қилинаверади ("Оламгирия", "Мухтасар", "Қозихон", "Фатҳул-Қадир").

Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютса, рўзаси очилмайди. Ташқарига чиқариб олиб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади ("Оламгирия", "Заҳирия").

Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини оғиз сўлагига қўшиб ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун мишиғини (манқасини) томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди ("Оламгирия", "Муҳит").

Қонни ютиб юборса, рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлмайди, қазосини тутади. Тишларнинг милкидан чиққан қонни сўлак билан қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю, сўлак ортиқ бўлса, очилмайди ("Оламгирия", "Заҳирия").

Рўзадорлик ниятини бекор қилиш дуруст бўладими?

- Бир киши рўза тутишни кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирмасдан ниятидан қайтса, рўзадор бўлмайди. Рамазон кунларида шундай иш содир бўлса, зиммасига ўша куннинг қазоси лозим бўлади, каффорати эмас.

Агар кечасидан ният қилиб, субҳи содиқ кирганидан кейин ниятини бекор қилса, нияти бекор бўлмайди, рўзадор бўлади. Мободо еб-ичиб юборса, ўша кунги рўзанинг қазоси ва каффорати лозим бўлади.

Бир киши кечасида саҳарликка тура олмаслигини ўйлаб рўзани ният қилса, сўнг саҳарликка туриб қолса, саҳарлик қилаверади ва ниятини янгилаб олади.

Рўзадор рўзасини бузишни ният қилсаю, бирор нарса еб-ичмаса рўзаси бузилмайди ("Умдатул-Фиқҳ").

Рўзаларнинг барчасида кечаси ният қилиб сўнг ниятидан субҳи киришидан олдин қайтиб олса, қайтиши дуруст бўлади, яъни рўза тутиш нияти бекор бўлган бўлади ("Фатавои Ҳиндия").

Рўза қачондан ният қилинади?

- Қуёш ботиши билан эртанги куннинг рўзасини ният қилса, ният дуруст бўлади. Яъни бир киши шундай ният қилиб беҳуш бўлиб қолса, беҳушлиги эртаси куннинг қуёши ботгунича давом этса-да, ўша кунда рўзадор бўлган ҳисобланади. Қуёш ботишдан аввал ёки ботаётганда эртанги куннинг рўзасини ният қилиш кифоя қилмайди, балки қуёш ботгандан сўнг қайта ният қилиши зарур ("Умдатул-Фиқҳ").

Рўзанинг нияти қуёш ботишидан аввал қилинса дуруст бўлмайди. Агар қуёш ботишидан аввал эртага рўза тутишни ният қилса-ю, сўнг ухлаб қолса, беҳуш бўлиб қолса ёки ғафлатда қолиб эртаси кунги қуёш тиккадан оғгунча ният қила олмай қолса, нияти жоиз бўлмайди. Агар ниятни қуёш ботгандан сўнг қилса нияти дуруст бўлади ("Роддул Муҳтор").

Рўзада дил билан ният қилиш кифоями?

- Ният сўзи луғатда қасд қилиш, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишини  қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният қилиш шарт, тилда талаффуз қилиш эса шарт эмас. Фиқҳий китобларда "тилда талаффуз қилиш суннат",     дейилганидан мурод машойихларнинг таълим мақсадида йўлга қўйган суннатларидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тил билан ният қилиш собит бўлган эмас ("Умдатул-Фиқҳ").

Ниятнинг ҳақиқати эртанги рўзани қалби билан азму-қарор қилган ҳолда қасд қилмоқлик. Рамазон ойининг кечалари мусулмон киши бундай ниятдан ҳоли бўлмайди. Баъзиларгина бундан мустаснодир. Тил билан ният қилиш шарт эмас ("Мароқил Фалоҳ").

Рамазон рўзасининг нияти қандай қилинади?

- Рамазон рўзасини адо қилиш учун умумий равишда "рўза тутишни ният қилдим", деса кифоя.

Мусофир ва беморлардан бошқалар қайси турдаги рўза тутишни ният қилмасинлар (назрни ният қиладими, нафлни ният қиладими барибир), барчаси Рамазон рўзасидан ҳисоб қилинаверади ("Умдатул-Фиқҳ").

Рамазон рўзаси ва унинг ҳукмидагилар мутлақ ният қилиш ҳамда       нафлни ният қилиш билан дуруст бўлаверади ("Баҳрур Роиқ").

Рўзадор тутқаноқ ё шунга ўхшаш бирор сабаб туфайли ҳушидан кетиши билан рўзаси очиладими?

- Рўзаси очилмайди.

Ният қилгандан кейин гўдак балоғатга етса, бирор киши мажнун бўлиб қолса ёки ҳушидан кетиб қолса рўза дуруст бўлгани учун балоғатга етиш ва ҳушида бўлиш рўзанинг шартларидан эмас ("Роддул Муҳтор").

Рўзадор ҳолатда сақич чайнаш билан рўза очиладими?

- Рўзани халқумдан ичкарига ўтган нарса очади. Сақични ҳам чайнаганда ундан бирор нарса ажраб чиқиб ичкарига кетса, рўза очилади. Ичкарига кетмаса рўза очилмайди. Лекин сақич чайнаш макруҳ ҳисобланади.

Оқ, аввал чайналиб ажрайдиган нарсаси ажраб бўлган, титилиб кетмайдиган сақични чайнаш макруҳдир. Лекин рўза очилмайди. Бунинг акси бўлса, рўза очилади. Юқоридагидек қайдлашнинг сабаби шуки, қора сақич, аввал чайналмагани, чайнаса титиладиганидан одатда ичкарига бирор нарса кетиб қолади.

Қайсики нарса одатда ичкарига кетиб қоладиган нарсалар жумласидан бўлса,  рўзанинг очилганлигига ҳукм қилинади. Одатда ичкарига етадиган нарса аниқ етган нарса кабидир ("Роддул Муҳтор").

Рўзадорлиги эсидан чиқиб қулоғига дори томизса, рўзаси очиладими?

- Рўзадорлиги эсида бўла туриб дори томизса очилади, эсида йўқ бўла туриб томизса очилмайди.

Рўзадорнинг бурни иссиқ кунда қонаса ва қонни тўхтатаман, деб бошини тепага кўтариши натижасида қон ичкарига кетиб қолса рўзаси бузиладими?

- Рўза очилади. Қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Шунинг учун рўзадор бурнидан қон келиб қолса, қонни тўхтатишда рўзаси очилмаслигининг эҳтиётини қилсин. Томоғига қон кетишидан сақлансин  ("Аҳсанул Фатаво Рашид Аҳмад").

Рўза тутган аёл овқатнинг тузини тотса бўладими?

- Аёл киши баъзан овқатнинг тузини тотиб кўришига тўғри келади. Баъзан, у-бу емиш сотиб олишда ҳам таъмини тотиб кўрмаса бўлмайди. Бундай ҳолларда, томоқдан ўтмаслик шарти билан емакнинг таъми ёки тузини тотиб кўрса бўлади.

Рўзадор шўр сувда оғзини чайса бўладими?

- Сув чучук бўлсин ёки шўр, рўзадор у билан таҳорат олса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади.

Рўзадор исириқ, пар ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳидлаши билан рўзаси очиладими?

- Қасддан, рўзадорлиги эсида туриб, тутун ютса, исириқ ҳидини ичига ютса, доривор ўтларнинг буғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.

Рўзадорлиги эсида бўла туриб тутатқини тутатиб нафаси билан ичига ютса, рўзаси очилади ("Роддул Муҳтор").

Ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади, деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорат лозим бўладими?

- Қазо ҳам, каффорат ҳам, лозим бўлади.

Рўзадор бошқа бировни ғийбат қилиб, бу иши рўзани очади, деб гумон қилиб қасддан еб-ичиб юборса, зиммасига қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади ("Фатавои Ҳиндия").

Эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланишни давом  қилса рўзаси очиладими?

1. Эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.

2. Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин рўзам очилди, деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди.

3. Эсдан чиқариб еб-ичгач, рўза очилмаслигини била туриб сўнг таомланиб қўйса, қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Қусишнинг ҳукми ҳам шу кабидир.

Агар қусса ва бу рўзани очади, деб ўйлаб таомланиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Агар бу рўзани очмаслигини билиб туриб таомланиб юборса, каффорат ҳам вожиб бўлади ("Фатавои Ҳиндия").

Ҳаж ибодатида "ҳажжи бадал", яъни бошқанинг ўрнига ҳаж қилиш мавжуд. Шу каби рўзада ҳам бировнинг ўрнига рўза тутиш мумкинми?

- Намоз ва рўза баданий ибодат бўлиб, ўзгалар тарафидан бажарилиши билан адо бўлмайди. Шариат фидяни қайсидир сабаблар билан рўза тутишга қодир бўлмаган инсонга тайин қилган.

Рўзадорнинг ўрнига валийси рўза тутиб бермайди, намоз ўқиб бермайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирор киши бошқанинг ўрнига рўза тутмайди, бошқанинг ўрнига намоз ўқимайди", деганлар.

Фидя қанча миқдорда ва қандай адо этилади?

- Фидя Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига енгиллик қилиб юборилган ҳукмдир. Аллоҳ таоло айтади: "Рўза тутишга қодир бўлмаганлар зиммасига фидя тўлаш вожибдир".

Ҳар кунлик фидянинг миқдори фитр садақаси миқдоричадир, яъни буғдойдан ярим соъ - 1900 грамм, арпа ва хурмодан бир соъдан - 3800 грамм ёки буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо қилинган бўлади.

Рўзадан ожиз қолганлар рўза тутмай, фидясини беришлари вожибдир. Рамазон ойининг аввалида бўлса ҳам, бир нечта фақирга бермай, бир фақирга берса ҳам. Фитр садақасига ўхшаб буғдойдан ярим соъ, хурмо ва арпадан бир соъ адо этилади.

Сурункали беморлар, заифлиги туфайли рўза тута олмаганлар касалликлари ва заифликлари сабабли бир неча йил рўза тута олмасалар, лекин фидя тўлаганларидан кейин соғайиб, қувватга киргач, рўза тута оладиган бўлиб қолсалар, нима қилишади?

- Бундай кишилар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, аввалги берган фидялари бекор бўлиб, гарчи бир неча йиллик бўлса ҳам фидяси берилган кунлар рўзасининг қазосини тутишлари вожиб бўлади.

Рўза тутишдан ожиз қолганлар қачон рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир. Айни вақтда рўза тутишдан ожиз қолган ва келажакда рўза тута олишдан умиди узилган киши рўза тутмай, мискинларнинг қўлларига беради ёки чақириб таомлантиради.

Рўзанинг фидяси кимларга берилади?

- Мискинларга, фақирларга, бева-бечораларга, ночорларга, закотга қодир бўлмаганларга берилади. Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борларга, яъни ўзининг фарзандларига, фарзандининг фарзандларига, отасига, эрига, хотинига, бойларга, закотга қодир бўлганларга, закот бериш мумкин бўлмаганларга берилмайди.

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти маълумотлари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo