Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.01.2018


РЎЗИҚУЛ БЕРДИЕВ: БУ ЎЙИН БИЗ УЧУН ФИНАЛГА ТЕНГ

Учрашув олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унинг дастлабки қисмида “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев ва тажрибали ҳимоячи Мақсуд Каримов иштирок этди.

Дастлаб Рўзиқул Бердиев сўз олиб, барча футбол ишқибозларини ёшларимизнинг Осиё чемпионатида қўлга киритган ғалабаси билан самимий табриклади ва “Ал Файсали” билан бўлиб ўтадиган ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Эртага бўладиган ўйинни финалга тенглаштирган бўлар эдим, - дейди у. - Биз эртага гуруҳ босқичига чиқиш масаласини ҳал қиламиз. Бу биздан катта масъулият талаб қилади, буни ҳаммамиз ҳис қилиб турибмиз. Янги футбол мавсумини ғалаба билан бошлаш иштиёқидамиз. Албатта, бу йил жамоамизда бир қатор ўзгаришлар ҳам рўй берди. Таркибимизга янги футболчиларни қўшиб олдик, яна тажрибали  ўйинчилар олиш режамиз бор. Бу борада бизни клубимиз раҳбарияти ҳам қўллаб-қувватлаяпти. Асосий мақсадимиз мухлисларимиз ва раҳбариятимизнинг ишончини оқлаш.

Кўпчиликни яқиндагина Осиё чемпионатида иштирок этган 4 нафар “Насаф” футболчисининг бу ўйинга тайёргарлиги, уларнинг майдонга тушиш-тушмаслиги қизиқтираётгани сир эмас. Рўзиқул Бердиев бу борадаги саволларга жавоб берар экан, “Осиё чемпионатида иштирок этган футболчиларимиз албатта, бизга ёрдам беришади. Бугун улар сафимизга келиб қўшилишади. Ўйлайманки, улар ёш бўлганликлари учун жисмонан тезроқ тикланишади ва  бизга ёрдам беришади” дея таъкидлаб ўтди.

Матбуот анжуманида “Насаф”нинг тажрибали ҳимоячиси Мақсуд Каримов ҳам ўйин ва унга тайёргарлик ҳақида ўз фикрларини билдирди.

“Ал Файсали” клуби бош мураббийи иштирокидаги матбуот анжумани эса ўйиндан аввал бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун ғалаба қозонган жамоа ОЧЛнинг гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритади ва “C” гуруҳидан жой олади. Бу гуруҳда ҳозирда Эроннинг “Персеполис”, Қатарнинг “Ал-Садд” ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Васл” клублари жойлашган.

 

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo