Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Р.УСМОНОВ

20.04.2023


РАМАЗОН ҲАЙИТИ - ЭЗГУЛИК, ШУКРОНАЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

Қадрият

Яхши кунлар тез ўтади, дейишади. Яқиндагина ташрифини кутганимиз Рамазон ойининг ниҳояланишига саноқли фурсатлар қолди. Бинобарин, эзгулик, меҳр-мурувват, оқибат, саховат, олижаноблик ва шукроналик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар тимсоли бўлмиш ушбу муборак ой дилларга сурур бахш этиши билан алоҳида қадрлидир.

Бу йилги Рамазон ойи ўзгача файз, ўзгача тароват билан кириб келди.  Президентимизнинг ушбу муборак ойни муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарори эса унинг файзига янада файз қўшди.

Рамазон кунлари яқинлар, кексалар, беморлар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш   халқимизда эзгу  анъанага айланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади", деганлар (Имом Муслим ривояти).

Айниқса, ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга ҳам хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига  байрам шукуҳи кириб келган бўлади. Шуни назарда тутган ҳолда бу йилги Рамазони шарифда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзилди. Бу хайрли амал ҳам динимиз кўрсатмаларига, ҳам халқимиз анъана ва қадриятларига  тўла мутаносиб, десак муболаға бўлмайди. Бу ифторлик дастурхонларида имом-хатиблар қатнашиб, ўксик қалбларнинг хурсандчилигига шерик бўлдилар.

Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсатдир. Ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд бўлган фуқароларимиз имом-хатиблар билан биргаликда хайрли дуоларда бардавом бўлдилар. Улар бу хайру саховатга бош-қош бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Рамазон шариф умматимнинг ойидир" деган муборак ҳадислари мазмунига мувофиқ бу йилги Рамазон ойида юртимизда ҳақиқий хурсандчилик бўлди.  Президентимизнинг  ташаббуслари билан кам таъминланган фуқароларимиз Умра зиёратига боришди. Улар Умра зиёратини амалга оширар эканлар, кўзларида қувонч ёшлари билан хайрли дуолар қилишди.

 Бу йилги Рамазон ойида хатми қуръонларнинг юртимиздаги масжидларда бир кунда бошланиб, бир кунда тугаши ҳам ўзгача тароват касб этди. Чунки мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари диёримизнинг қайси бурчагида бўлишмасин ўттиз пора Қуръони каримни тўлиқ хатм қилиш бахтига муяссар бўлдилар.  

Маълумки, Рамазон ҳайити Рамазон ойида бир ой рўза тутиб, Аллоҳнинг фарзини бўйиндан соқит қилинганлиги туфайли қилинадиган байрам, тантанадир. Рамазон ҳайити яқинлашиб келаётган кунларда яшаб турган маҳалла, ҳовли ва хонадонларни тоза-озода, саранжом-саришталигига эътибор бериш яхши хислатлардандир. Ҳайит байрами яқинлашиб келаётган кунларда тоза ва чиройли либослар кийиб, хушбўйланиш ҳам фазилатли ишлардан ҳисобланади. Халқимизда янги унаштирилган қизларга йигитлар томонидан ҳайитликлар олиб борилади. Эрта ҳайит деган оқшомларда аёл ва қизларимиз қўлларига хина, кўзларига сурмалар қўядилар. Бу билан улар ўзларида ҳайит хурсандчиликларини намоён қиладилар.

Ҳайит куни тонгда тамадди қилиш, тишларни ювиш, ювиниш (ғусл), тоза-озода либосларни кийиш, хушбўйланиш, фитр-садақалар бериш фазилатли амаллардан ҳисобланади.

Шу ўринда эсга олиш лозим бўлган яна бир жиҳат, Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва хатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабига кўра Рамазон ҳайити кунида тонг отиши билан "садақаи фитр"ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. Фитр садақасини бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.

Ҳайит кунлари инсонлар бу муборак кун билан бир-бирларини қутлашади, ота-она ва устозларни зиёрат қилиб, уларнинг дуолари олинади. Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.

Барча юртдошларимиз муборак Рамазон ойида бошланган саховат ва кўмак тадбирларини бундан кейин ҳам фаол давом эттиришлари, ўзларининг кундалик вазифалари қилиб олишлари дини мубинимиз ғояларига мувофиқ иш бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Бас, яхшиликларга шошилинг", деб марҳамат қилади.

Халқимиз орасида файзу-барокат, меҳру-муҳаббат, хайру-саховатни зиёда қиладиган ҳайит кунларининг шукуҳи қалбларимизни сира тарк этмасин, барчаларимизга яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

              Р.УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилояти вакили

Report typo