Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 август, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Шониёз ҚУРБОНОВ, Гулноза БУРАНОВА

01.05.2020


САҲАРЛИК ВА ИФТОРЛИК ЧОҒИДА

овқатланиш тартиби қандай бўлиши керак?

Мутахассис тавсияси

Айтиш лозим, рўза билан боғлиқ амаллар кўп асрлик бўлиб, бугунга келиб овқатланиш билан боғлиқ шароитлар ўзгарган, таом турлари кўпайган. Шунинг учун кўпчилик рўза пайти хуш таъмли, ёғли, гўштли таомлар, хилма-хил ширинликларни бас дегунча еб олишга ҳаракат қилади. Қолаверса, кейинги йилларда юртимизда Рамазон ойи иссиқ кунларга тўғри келмоқда. Шундай экан, таомланишдаги мўл-кўлчилик ва иссиқ ҳарорат овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини зинҳор эсдан чиқармаслик керак.

Аввало, саҳарлик соғлом овқатланиш тартиб-қоидалари асосида ташкил қилинса, киши соғлом бўлади, тана касалликларга кам берилади, чиниқади. Саҳарликдан олдин қисқагина бадантарбия қилиб, бир-икки пиёла тоза қайнатилмаган сув ичиш ва бироздан кейин таомланиш керак. Саҳарлик чоғида  организмни керакли энергия билан таъминлашга эътибор бериш даркор. Бунда аввал қуруқ мевалар, масалан,  араб хурмоси, ёнғоқ ёки майиз ейиш фойдали. Сўнг ёғи ва гўшти меъёрида бўлган таомни имкон қадар камроқ истеъмол қилган маъқул. Саҳарликда меъёридан ортиқ овқатланиш кун давомида чанқаб юришингизга сабаб бўлади. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда енгил таомланиб, сув ичиб олишса, шунинг ўзи кун давомида тетик юришларига етарли.

Кечга тайёрланган таомни саҳарлик учун ейиш мумкин эмас. Чунки овқат совуткичда сақланишидан қатъи назар таркибида 6-8 соат ичида зарарли микроорганизмлар кўпайиб, кишини заҳарлаши мумкин. Шунинг учун саҳарлик таомини уни истеъмол қилишдан олдин тайёрлаган маъқул.  Албатта тонг саҳарда овқат тайёрлаш учун вақт камлик қилади. Шунинг учун тез пишадиган таомлар, масалан, ҳар хил гуручли, ёрмали бўтқалар ёки тухум қуймоқ (хоҳишга қараб) танлаб олинади. Саҳарликда тегишли миқдорда суюқлик ичиш лозим, сабаби, иссиқ кунлари киши чанқайди. Саҳарликдан олдин ичилган бир-икки пиёла сув 10-15 дақиқа давомида ошқозонда кечаси билан тўпланган шира, шилимшиқ суюқликларни ичакларга ювиб ўтиб кетади, меъдани навбатдаги таомларни ҳазм қилишга тайёрлайди.

Саҳарликда яхши овқатланиб туриб бирданига чўзилиб ётиш жудаям зарарли, бу ҳолат ошқозон-ичаклар иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар чиқариши мумкин. Яхшиси, таомланганингиздан кейин кўчада ёки ҳовлида 25-30 дақиқа сайр қилинг. Бу ҳол барча аъзолар, айниқса, ошқозон-ичаклар учун жуда фойдали.

Ифторликка қадар 10-15 соат овқат емаслик ва сув ичмаслик организм учун анча қийин. Очлик ва сувсизлик ҳолатидан чиқишда ёки ифторлик қилишда даставвал шошилмасдан бир пиёла тоза қайнатилмаган сув  ичиш керак. Бундай сувда организм учун керакли маъданли моддалар мавжуд, уни “тирик” сув дейилади. Сув қайнатилганида мана шу моддалар чўкмага тушиб, “ўлик” сув пайдо бўлади. Шунинг учун рўза даврида ва ундан кейин ҳам вақти-вақти билан “тирик” сув ичиш организм учун жуда фойдали. “Тирик” сув тоза булоқ ёки эриб тушган қордан бўлса янада яхши. Лекин йилдан-йилга бундай тоза сув камайиб кетмоқда. Ушбу муаммони ечишда энг осон йўл совуткичлардан фойдаланиш. Бунинг учун совуткич музхонасига эмалланган товоқда бир литр сув солиб қўйинг. 8-9 соат вақт ўтиши билан идишдаги сувнинг чекка қисми музлайди, унинг ўртасини ўйиб музламай қолган сувни тўкиб ташланг. Музни эса хона ҳароратида эритиб олинг. Музлаш жараёнида ҳар хил аралашмаларни ўзида сақлаган сув тезда музламай туради, сувнинг музлаган қисми ана шу ифлосликлардан тозаланган бўлади. Бу “эритилган сув” дейилади ва ундан тўғридан-тўғри истеъмол учун фойдаланиш мумкин.

10-15 дақиқа ўтказиб, хоҳласангиз бир пиёла айрон (чалоп) ичгандан сўнг кўкатлар, помидор, пиёзлар қўшиб тайёрланган салат ейиш лозим. Яна 10-15 дақиқа ўтиши билан иссиқ овқат истеъмол қилинади. Айрим кишилар овқатдан кейин ҳар хил ширинликлар ейишни одат қилишган. Бу нотўғри. Агар жуда ширинлик егингиз келса, бироз (бир-икки чой қошиқ) асал истеъмол қилинг, у овқат ҳазм бўлишини яхшилайди ва табиий маҳсулот ҳисобланади. Куни билан (очлик туфайли) толиқиш натижасида ифторликдан кейин организм бўшашади, кишининг ётгиси келади. Бундай ҳолатни телевизор кўриш янада чуқурлаштиради. Шу сабабли ифторликдан сўнг 20-30 дақиқа пиёда юриш жуда фойдали. Шундай қилинганида овқат яхши ҳазм бўлади, тинч ором олиб ухлайсиз.

Кўпчилик ифторлик тугаганидан кейин масжидларга бориб Таровеҳ намозини ўқишади. Умуман, намоз организм учун ўзига хос жисмоний машқ ҳисобланади. Намоз пайти бажарилган амаллар барча аъзоларни (қўл, оёқ, тана, бўйин, қорин мускуллари ҳамда ошқозон-ичак, жигар, юрак ва бошқалар) фаол ҳаракатга келтиради. Бу ҳол ўз навбатида ифторликда ейилган овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Ҳадиси шарифда ҳам “Еган таомингизни зикр ва намоз ўқиш билан эритингизлар”, дейилади. Шунга кўра ифторликдан сўнг камида тўрт ракат намоз ўқиш уламоларимиз томонидан тавсия қилинган (Таровеҳ намози эса 20 ракат, бу янада яхши).

Ётишдан ярим-бир соат олдин бир пиёла қатиқ ёки кефир ичсангиз, улар биринчидан, оқсил манбаи, иккинчидан, ҳазм йўлларидаги патоген (касаллик уйғотувчи) микробларни ўлдиради, организмни заҳарли токсинлардан тозалашда жигарга кўмак беради,  вужудни тинчлантиради. Ифторлик пайтига келиб, айниқса, иссиқ жазирама кунлари роса чанқаб қолганлиги туфайли айрим кишилар оғиз очилиши биланоқ бир неча пиёла, баъзан эса косалаб сув ичиб қўяди. Бундай қилиш физиологик жиҳатдан нотўғри, чунки бунда иштаҳа йўқолади. Шундай бўлса-да, киши ўзини мажбурлаб таомланади. Натижада овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади. Иштаҳа бўлмаганида ейилган овқатга нисбатан ажралган ҳазм ширалари (меъда-ичак ширалари, ўт суюқлиги) таркиби ва миқдори яхши иштаҳа бўлганидагидан фарқ қилади. Шунинг учун бундай ҳолатда овқатланмай турганингиз маъқул. Бир-икки соат ўтиши билан иштаҳа яна уйғонганида таомланиб олсангиз, мақсадга мувофиқ.

Физиологик нуқтаи назардан рўза тутиш - барча ҳазм аъзоларига вақтинча дам бериш дегани. 15-16 соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт ошқозон-ичакларга сув, овқат тушмай, улар дам олишади, ўзларида тўпланиб қолган қолдиқ моддалардан тозаланади. Кун узоғида ўзини “супуриш-сидириш” билан банд бўлган ошқозон-ичакларимизни ифторлик боис серёғ, сергўшт ва бошқа таомлар билан роса тўлдириб ташлаш организмга жабр қилиш демакдир.

Рўза тутиш орқали тозаланган организм ўз фаолиятини тўлиқ тиклаб олади. Натижада, хотира ва диққатни жамлаш қобилияти яхшиланиб, киши ўзини бардам сеза бошлайди. Рўза тутиш орқали анча енгиллашган вужуд бошқа ҳаётий функцияларга ўз эътиборини қаратиш имкониятига эга бўлади.

                                     Шониёз ҚУРБОНОВ,

  биология фанлари доктори, профессор

                                          Гулноза БЎРОНОВА,

                                                физиолог

Report typo