Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • САБРЛИ БЎЛИНГ, ЁМОНЛАР БУНГА ТОҚАТ ҚИЛИШОЛМАЙДИ. ҲАСАДГЎЙЛИК, БАХИЛЛИК УЛАРНИ ИЧ-ИЧИДАН ЕБ АДО ҚИЛАДИ

Б.САЙФИЕВ

12.10.2023


САБРЛИ БЎЛИНГ, ЁМОНЛАР БУНГА ТОҚАТ ҚИЛИШОЛМАЙДИ. ҲАСАДГЎЙЛИК, БАХИЛЛИК УЛАРНИ ИЧ-ИЧИДАН ЕБ АДО ҚИЛАДИ

Сараланган сатрлар

Шундай ижодкорлар борки, ҳамма танийди, билади, мудом унвондору мансабдор қаторида бўлади. Аммо улар ёзган пичоққа илингулик бирор асарни эса ҳеч ким билмайди. Ҳатто ўша мансабдор ижодкор ўзи ёзган нарсани телефондан ўқиб беради: ўшандайлардан бири чекка туманда интернет йўқлиги сабабли шеърини ўқишга имкон тополмай қолгани ҳам бўлган гап.

Чин ижодкорни эса одамлар асарлари орқали танийди. Эҳтимол отини, мансабу мавқеини ҳеч ким билмас, аммо у ёзган бирор асар номини айтишингиз биланоқ кишиларнинг юзи ёришади. Дейлик, қорақалпоқларнинг "Танка" фильмини кўпчилик кўрган, ҳаммага маъқул тушган. Шу кино сценарийсини ким ёзган: ҳаммаям бунга эътибор беравермайди. Муратбай Низанов десак, унча таниш ном эмасдир, аммо "Танка" фильми сценарийсини шу одам ёзган, десангиз, "Э-ҳа" дейишади ва ижодкорга нисбатан муносабат дарҳол илийди, қалбга яқин ола бошлашади.

Муратбай Низанов содда ёзади, қаҳрамонлари ҳам одатда кекса, ўтган умрини тафтиш қиладиган кишилар. Уларнинг қалби қорақалпоқ кенгликлари каби бепоён, беором, мудом эл ташвиши, овулдошлари дарду ҳасрати билан чамбарчас, демакки, инсон номига лойиқ.

Бугун эътиборингизга адибнинг "Душман" романидан диққатга молик лавҳаларни келтираяпмиз. Халқчил фалсафа, киноя ва ўзига хос услуб ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Асарда рус мустамлакаси даврида кўп халқлар қатори уруш ва қатағонлардан четда турмаган қорақалпоқ овулидаги ҳаёт тасвирланади.

*  *  *

Ғафлат босса, одам қаршисидаги туяни ҳам кўрмас эмиш.

*  *  *

Асл полвон ўз элининг орини қўлдан бермайди!

*  *  *

Уйқу билан томоқда ор йўқ.

*  *  *

Ўлик арслондан тирик сичқон зиёд.

*  *  *

Аслида, сиртдан милтиқ ўқталиб келган душмандан қуроли бўлмаса ҳам, ичингдан чиққан ғаним ёмон.

*  *  *

Бировларнинг бахтсизлигидан қувонган одам мўмин-мусулмон эмас!

*  *  *

- Чакмонингизнинг ёқасига чўғ тушса, бўйнингиз куядими-йўқми?

- Нега куймас экан?!

- Бу уруш ҳам ана шу чўққа ўхшайди.

*  *  *

От бошига иш тушса, сувлиғи билан сув ичар, эр бошига иш тушса, этиги билан сув кечар.

*  *  *

Одатда, кексалар қўлини уч мартадан зиёд ювишмайди, сувнинг уволидан қўрқишади.

*  *  *

Ҳозир ютганинг ўзингники, чайнаганингга ҳукуматнинг рухсати керак.

*  *  *

Бунинг номини уруш деб қўйишибди. Урушда туриш бўлмайди.

*  *  *

Жон билан мол омонат.

*  *  *

Ҳар бир элнинг қуёнини ўзининг тозиси билан овлаган маъқул.

*  *  *

Тўқмоғи оғир бўлса, кигиз қозиқ ерга киради.

*  *  *

- Сталиннинг ўзи "қорақалпоқдан аскар олмай қўя қолинглар, ўзи оз халқ, тугаб қолмасин" деган экан.

*  *  *

"Ота рози - худо рози" дейишган, лекин қиз бола ҳам мол эмас, қўрадан етаклаб кетаверадиган!

*  *  *

"Бизнинг Довуткўл бўйларининг табиати шунчалик чиройлики, кўрган одамнинг ҳаваси келади. Мен еттинчи синфни битираётган ўқувчиларга "Теварак-атрофимиздаги табиат" мавзусида иншо ёзиб келишни топширган эдим. Ўқувчилар ҳам бундан хурсанд бўлишган эди. Лекин эртаси куни уларнинг бирортаси иншо ёзиб келмади. Сабабини сўрасам, ўқувчилар бу ердаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг рус тилида қандай номланишини билишмас экан. Китобларни текшириб кўрдим, аммо уларда ҳам йўқ экан. Масалан, туранғил, тўқайтол, қарамиқ, итсийгак деган ўсимликларнинг, сассиқкузан, дала сичқони, сувмешин деган ҳайвонларнинг рус тилида қандай аталишини ўзим ҳам топа олмадим.

Хуллас, ҳозир мактабларда ўқитилаётган рус тили дарслиги россиялик ўқувчиларга мўлжаллаб ёзилган. Бу дарслик бизнинг ўқувчиларимизга оғирлик қилади. Шунинг учун маҳаллий шароитни ҳисобга олиб, дарсликни қайтадан ёзиб чиқиш керак деб ҳисоблайман".

*  *  *

Кўпчилик билан ҳазиллашиб бўлмайди. "Кўпчилик қўрқитади, чуқур ботиради" дейишган. Бугун беш одам гапирса, эртага ўнтаси гапиради, бориб-бориб ҳаммаси тескари айланиб кетиши мумкин.

*  *  *

Ит бўлмаган жойда чўчқа ҳуради.

*  *  *

Араванинг остида кетаётган ит "аравани мен тортиб кетаяпман" деб гердайган экан...

*  *  *

Олдингдан милтиқ ўқталиб чиққан ёв унчалик қўрқинчли эмас. Ё енгасан, ё енгиласан. Мана, сен урушга бориб, душман билан юзма-юз савашдинг. Бомбанинг остида қолиб кетдинг. Лекин ҳаётдан насибанг узилмаган экан, омон қолдинг. Қайтадан урушга кирдинг. Олдингдан чиққан ёвни кўпчилик билан биргалашиб енгдинг! Ҳукумат сенга раҳмат айтиб, кўкрагингга орден тақди. Лекин Жўлдасга ўхшаган қаватингдаги душманлардан қўрқиш керак. Уларнинг милтиғи қўлида эмас, кўксида бўлади. Ана шу милтиқ доим ўқланган ҳолида сени мўлжалга олиб туради. Қачон тепкини босишини билмайсан. Бундай одамларга тирноғингни теккизсанг, шу заҳоти ҳукуматнинг ўзи сени қамоққа тиқади. Чунки улар ҳукуматнинг одамлари!.. Икки хил ёвнинг фарқини кўрдингми, болам? Қаршингдан чиққан ёвни енгсанг олқиш оласан, ёнингдаги душманга ҳамла қилсанг балога қоласан. Унинг қанақа душманлик қилишиниям билмайсан. У бошқа одамларга, мамлакатга эмас, фақат сенгагина душманлик қилади. Шунинг учун мамлакат уни ҳимоя қилади.

Бундай душманни фақат сабр-тоқат билан енгишинг мумкин. Ҳеч қачон у билан ўчакишишни хаёлингга келтирма! Қилган ёмонликларининг ҳукмини Яратганнинг ўзига ҳавола қилиб, индамай кетавер. Сабрли бўл, ўғлим. "Сабрнинг таги сариқ олтин, сарғайган етар муродга" дейишган. Улар сенинг сабрингга  тоқат қилишолмайди. Ҳасадгўйлик, бахиллик уларни ич-ичидан еб адо қилади.

*  *  *

Элнинг оғзини тийиш учун эллик қарич бўз керак.

*  *  *

Қўлда ўсган тойнинг қилиғи эгасига маълум.

*  *  *

Эшикдаги мушукка "пишт" дейилса, тўрдаги мушук қулоғини динг қиларкан.

*  *  *

Эгасиз қолган элда оғизбирчилик йўқолади. Оғизбирчилик йўқолган элдан барака кўтарилади. Фарзанд отанинг, ёш киши кексанинг юзига тик қарайдиган бўлади. Оқибатда эл бузилади. Бузилган элнинг ризқ-насибаси қирқилади. Элдан-эл кўчади.

*  *  *

Таниш-нотаниш бўлсаям, тилини тушунсангу тушунмасанг ҳам атрофингда одамларнинг бўлгани яхши экан. Одамларсиз бу дунёнинг зимистондан фарқи қолмас экан. Одамнинг одамсиз яшаши душвор экан.

*  *  *

Усмон Юсупов Сталин билан қалин жўра бўлган экан. Мажлисдан чарчаб чиққан пайтларда иккови гуржиларнинг шаробидан ичишаркан. Ана шундай ўтиришлардан бирида Усмон Юсупов Сталиндан қорақалпоқларнинг  гуноҳини сўраб олибди. Бўлмаса, Сталин Қўнғиротдаги исёнда военкомни ўлдиргани учун қорақалпоқлардан жаҳли чиқиб, уларни бўлак-бўлак қилиб, чор тарафга кўчириб юбормоқчи бўлиб турган экан. Усмон Юсупов орага киргач, шаштидан тушибди.

- Майли, сенинг ҳурматингга уларнинг гуноҳини кечдим, - деб Сталин бир сархум шаробни бир кўтаришда симириб юборибди.

Бу гапларнинг қай бири ҳақиқат, қай бири ёлғон эканлиги Қудайназарга қоронғи. Ёлғон дейин деса, даврадагилар худди ўзлари кўриб-эшитиб келгандек ишонарли қилиб гапиришади, тағин биттаси кам-кўстини тўлдириб туради. Лекин кимсан - мамлакат подшосининг хизматидаги мулозимлари билан бирга шароб ичиб ўтиришини ҳеч тасаввур қилолмайди.

*  *  *

Элнинг соғинчини элдан йироқ кетганингдагина биласан!

Садағанг кетай, киндик қонинг тўкилган маконнинг меҳри бунча иссиқ бўлмаса, деган ўй кечди хаёлидан. Бунинг меҳригиёси нимада экан - хас-чўпидами, тупроғидами, сувидами ёки ҳавосидами? Ҳаммасининг ўзига яраша оҳанрабоси бўлса керак.

*  *  *

Чолларнинг феълини биласан, қартайганда ҳар бозор куни шаҳарга тушишади, уйида чой булоқ бўлиб оқиб турса ҳам чорбоғнинг чойи ширин туюлади уларга. Бозорда ҳеч бирининг қиладиган тайинли иши йўқ. Шунда ҳам канда қилмай боришади. "Дийдор ғанимат" деб бир-бирини соғиниб боради улар. Умрнинг кўпи кетиб ози қолгач, бир-бирини кўриб туриш ҳам ғанимат бўлиб қоларкан.

*  *  *

Биз урушда одамларга қарата ўқ отмадик. Уларнинг юрагида патос боғлаб ётган иллатларга қарши жанг қилдик. Лекин ўзларининг чиркин феъл-атвори, шум хаёлларга бутун жон-тани билан қоришиб кетган кимсалар яхшиликнинг нуридан қурбон бўлишди.  Дунёда бундай ёвуз ниятлар қанча камайса, яхшилик шунча чуқур томир отади. Яхши одамлар дунёга устун бўлади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo