Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

13.09.2019


САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Президент томонидан шу йилнинг 4 сентябрь куни "Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун имзоланиб, кучга кирди. Унга асосан Конституция, бир нечта конституциявий қонунлар ва қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиб, учта қонун ўз кучини йўқотган деб топилди.

Конституциямизнинг 117-моддаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, дейилган қисм билан тўлдирилди.

Конституцияга киритилган ўзгартиришга мувофиқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларга сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи бериладиган бўлди. Кўп қонунларимиздан "Ўзбекистон экологик ҳаракати" ва "депутатлар гуруҳи"га оид сўзлар чиқариб ташланди. Бундан буён Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар фақат кўппартиявийлик асосида сайланиши ва сайланган депутатлар фракцияларга бирлашиши мумкин этиб белгиланди.

"Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги Қонунга киритилган қўшимчага биноан, Президент, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари давлат мадҳияси - овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8:00 да ижро этилади, деб белгиланди. Бундай норма муқаддам қонунимизда бўлмаган.

"Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Қонун 7-моддасидан "...ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи" деган сўзлар олиб ташланди. Чунки, қонунларимизга биноан маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодлар ҳам фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатиладиган бўлди.

"Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонун 33-моддасининг биринчи қисмидаги  "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига, Сенати аъзолигига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатлигига сайланган (тайинланган)" деган сўзлар чиқариб ташланди. Шунга асосан бундан буён ички ишлар органи ходимлари Қонунчилик палатасига ёки маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайлана олмайдиган бўлди.

Шу ўринда сайлов қонунчилигига оид қуйидаги нормалар ҳақида ҳам сўз юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари қачон ва қандай тартибда тузилади?

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 19-моддасига асосан вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида етти-ўн беш нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошлангани эълон қилингунга қадар амалга оширади. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланади.

Сайлов округлари қандай тартибда тузилади?

Сайлов кодексининг 9-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари халқ депутатлари вилоят Кенгаши тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш учун олтмиштадан кўп бўлмаган сайлов округи тузилади. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун - ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи тузилади.

Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида етмиш беш кун олдин тегишли сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

Сайлов участкалари-чи?

Сайлов кодексининг 10-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади. Ҳарбий қисмларда, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида етти кун қолганида тузилади. Сайлов участкаларининг сони округлар сонидан кам бўлиши мумкин эмас.

Округ сайлов комиссияларини тузиш қачон ва қай тартибда амалга оширилади?

Сайлов кодекси 21-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти-саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг мажлисида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан вилоят сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан туман ва шаҳар сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади. Сайлов кодексининг 26-моддасига асосан маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ ва участка сайлов комиссиялари тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.

 Участка сайлов комиссияси қачон ва қандай тартибда тузилади?

Сайлов кодексининг 23-моддасига асосан участка сайлов комиссияси сайловга қирқ кун қолганида беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Номзодларни рўйхатга олиш тартиби қандай?

Сайлов кодекси 40-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни эса тегишли вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси амалга оширади. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади. Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни эълон қилади.

Депутатликка номзоднинг ишончли вакиллар олиш тартиби қандай?

Сайлов кодекси 43-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ишончли вакилларини ўз хоҳишига кўра белгилайди ва улар ҳақида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олади ва уларга гувоҳномалар беради.

Сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларнинг қонуний, демократик ва шаффоф ўтишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

 

Report typo