Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

30.03.2017


САРАЛАШ МУСОБАҚАЛАРИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

Айни кунларда  Жиззах вилоятида ўтказилиши белгиланган “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари бошланди.

Маълумки, мусобақа низомига кўра, футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпидан ҳудудларда бўлиб ўтаётган саралаш мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, ярим финалга йўлланма олган жамоалар ва бокс бўйича ҳар бир вазн тоифасида ярим финалга йўлланма олган спортчилар тўғридан-тўғри Жиззах вилоятида ўтказиладиган якуний республика   босқичида иштирок этади.

Шу тариқа, қўл тўпи Нукус, баскетбол Самарқанд, бокс Термиз шаҳарларида ва футбол бўйича ҳудудий баҳслар вилоятимиз марказида бўлиб ўтмоқда. Волейбол спорти бўйича мусобақалар бироз кечроқ, яъни 8-13 апрель кунлари Наманган шаҳрида ўтказилади.

Қарши шаҳрида бўлиб ўтаётган футбол ўйинлари “Насаф” футбол мактаби ва “Геолог”  маданият ва спорт-соғломлаштириш маркази стадионларида ўтказилмоқда. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри жамоалари қуйидаги тартибда тўрт гуруҳга бўлинди:

“А” гуруҳи: Тошкент шаҳри, Хоразм ва Наманган вилоятлари.

“В” гуруҳи: Қашқадарё, Жиззах ва Андижон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси.

“С” гуруҳи: Сирдарё,    Самарқанд ва Бухоро вилоятлари. 

“D” гуруҳи: Тошкент, Навоий, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари.

Қайд этиш жоиз, аввалги мусобақада, яъни Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод-2014” спорт мусобақаларининг якуний босқичи футбол баҳсларида вилоятимиз терма жамоаси иккинчи поғонани эгаллаган.  Ўшанда вилоятимиз вакиллари биргина Тошкент шаҳри жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой берганди. Навбатдаги “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларининг футбол ўйинлари учун  вилоятимиз жамоасига тажрибали мураббий Нурали Султонов жалб этилди. Бироқ айни дам ёш футболчиларимиз Жиззах шаҳридаги финал ўйинларида қандай натижа қайд этиши ёки олдинги муваффақиятни такрорлай олиши борасида ўйлашга эрта. Ундан олдин саралаш мусобақаларидан эсон-омон ўтиб олиш шарт. Бир томондан футбол баҳслари вилоятимиз ҳудудида, қашқадарёлик мухлислар қўллаб-қувватловида ўтаётгани футболчиларга далда ҳамда куч-ғайрат берса, бошқа томондан уларнинг зиммасидаги масъулият ҳисси икки баравар ортади.

Таъкидлаш жоиз, 28 март куни футбол бўйича гуруҳ босқичининг биринчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз терма жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси жамоасини йирик 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Гуруҳнинг иккинчи жуфтлик ўйинларида Андижон вилояти жамоаси жиззахлик тенгқурларидан 2:1 ҳисобида устун келишди. Шунингдек,  Фарғона ва Навоий жамоалари ўйинида фарғоналик футболчилар ғалаба қозонишган бўлса, Бухоро ва Самарқанд жамоалари баҳсида ҳисоб очилмади.

- Гуруҳ босқичидан кейинги босқичга чиқиш учун барча   жамоаларда имконият етарли,    - дейди вилоятимиз терма жамоаси бош мураббийи Нурали Султонов. – Ўйинлар давомида рақибларнинг ўйин услубини кузатдик. Андижон ва Жиззах вилояти жамоалари менда ажойиб таассурот қолдирди. Аммо ҳаммаси ўз қўлимизда.

Энди буёғини кузатамиз. Хўш, улар ишончни оқлай олишармикан?

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, мусобақа дастуридан 17 та спорт тури ўрин олган бўлиб, уларнинг 12 тури бўйича спортчилар тўғридан-тўғри Жиззах шаҳрида ўтказиладиган асосий баҳсларга йўлланмани қўлга киритишган. Умид қиламизки, қолган спорт турлари бўйича ҳудудий саралаш мусобақаларида иштирок этаётган жамоаларимиз олдиларига қўйилган мақсад сари дадил интилиб, финал баҳсларида ҳам вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишади.

Азизбек НОРОВ 

Report typo