Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

23.02.2017


СЕЛЬДЕРЕЙ

Сельдерей баргида А, К, С витаминлари ва бета-каротин мўл. Илдизмеваси таркибида 4 фоизгача шакар, шунингдек, калий, кальций, фосфор мавжуд. Ўсимликнинг барча қисмларида глутамин кислотасининг борлиги сабабли сельдерей пазандаликда таъм ва ёқимли ҳид берувчи сифатида қўлланади. Мазкур ўсимлик таркибида холестерин йўқлиги, рибофлавин ва хлорофиллга бойлиги, флавоноидлар, темир, магний, рух каби минерал моддаларга эгалиги боис парҳезда қўл келади. Унинг иккита ингичка илдизи инсоннинг А ва С витаминларига бўлган бир кунлик эҳтиёжини бемалол қоплай олади: илдиз таркибида бу витаминлар миқдори 15 фоизни ташкил қилади.

Ошқозон касалликлари, бод ва сийдик пуфаги хасталигида даво бўлади. Ундан тайёрланган салат ва шарбатни истеъмол қилиш организмни токсинлардан тозалайди ва хуш кайфият бағишлайди.

СЕМИЗЎТ

Семизўт - дарё бўйларида, далаларда,  полизда, турар жой бинолари атрофида ўсадиган ўсимлик.

Семизўтнинг ер устки қисмида оқсил, қанд, рух, мис, марганец, никель, темир моддаси, кальций, магний, натрий, калий каби микроэлементлар, органик кислоталар, алкалоидлар, сапонинлар ва бошқа гликозидлар, норадреналин, кўп миқдорда каротин, токоферол, никотин кислота, аскорбин кислота каби витаминлар, филлохинон, шилимшиқ ва смоласимон моддалар мавжуд. Уруғида ёғ моддаси, линол, олеин, пальмитин каби  ёғ кислоталари бор.

Семизўтнинг сархил, ёш барглари ва новдалари қайнатилиб ва хом ҳолича салатлар, кўк шўрва, бўтқа ва гўштли маҳсулотлар тайёрлашда зиравор сифатида  ишлатилади. Қадимдан семизўт уруғлари организмни хилтлардан тозаловчи восита сифатида қўлланилган. Семизўт барглари тиббиётда яраларни битирувчи, сийдик ҳайдовчи, заҳарга қарши (илон, чаён ва қорақурт чаққанда) зиддизаҳар сифатида буюрилган. Уйқусизлик, ич дам бўлиши (метеоризм), жигар ва буйрак касалликлари, цинга хасталиги ва авитаминозлар, ич кетишига, уруғи эса темираткига даво бўлади. Семизўт таркибида норадреналин моддаси кўп миқдорда учрайди. Бу модда қон томирларини торайтириб, қон босимини оширади. Юрак  уришини тезлаштиради. Шунингдек, семизўт қонда қанд миқдорини туширади. Қандли  диабетнинг енгил турида  семизўт таомномага киритилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

 

Report typo