Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Шаҳрисабз шаҳрида ҳимоя зонасидаги ер майдонларида 77 та ноқонуний уй-жой қурилган

30.10.2020


Шаҳрисабз шаҳрида ҳимоя зонасидаги ер майдонларида 77 та ноқонуний уй-жой қурилган

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан қўшма мажлисида айтиб ўтилди.

Сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда қайд этилишича, Сенат қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун Қашқадарё вилоятида ижро этилиши ўрганилган.

Айни пайтда вилоятда жами 1468 та моддий маданий мерос объекти мазкур йўналишдаги кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, аҳоли уй-жойлари маҳаллий аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграсидан камида 50 метр узоқликда жойлашиши керак. Аҳоли уй-жойлари республика аҳамиятига молик моддий маданий мерос объектларидан 100 метр узоқликда бўлиши зарур. Бироқ Қашқадарё вилоятидаги айрим объектларда мазкур талаб бажарилмаяпти.

Бундан ташқари, VII-XII асрларга оид Қаландартепа археология ёдгорлигида ноқонуний тупроқ қазиш ишлари олиб борилган. Қарши шаҳрида  Қалъаи Заҳоки Марон археология ёдгорлигида ҳокимлик қарорлари  асосида ҳамда ўзбошимчалик билан 12 та уй-жой қурилиши оқибатида маданий мерос объектига 93,3 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Яккабоғ тумани Дархон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Сариқтепа археология ёдгорлигида олиб борилган ноқонуний тупроқ қазиш ишлари натижасида объектга 7,8 млрд. сўм миқдорида зарар келтирилган.

Қолаверса, тарихий объектларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ва муҳофаза белгилари ўрнатилмагани ҳам уларни сақлашда жуда катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, 2019 йилда тасдиқланган Давлат дастурига кўра, бу ишлар аллақачон тугатилиши керак эди. Маданий мерос департаменти ўз имкониятидан келиб чиқиб 67 фоиз объектларнинг кадастрини тайёрлашга маблағ топган. Аслида кадастр ишлари учун маблағлар маҳаллий бюджетдан ажратилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, департаментга туман ва шаҳарларнинг маҳаллий бюджетидан маблағ ажратилмаган.

Мажлисда юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенат қўмитаси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Report typo