Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

СОЖИДА

01.03.2019


ШЕЪРЛАРИДА БАҲОР НАФАСИ

Баҳор кечи тиниқ ва оппоқ,

Борлиқ тўлган гуллар ҳидига.

Ҳислар уйғоқ, табиат уйғоқ,

Уйғун бўлиб киши дилига.

Кунлар исиб, қуёш нури оламни қиздираяпти, борлиқ  яшилликка бурканаётир. Бу баҳор келганидан дарак. Айни шу дамларда ўзбекнинг севимли шоираси, кўклам куйчиси Зулфия Исроилованинг таваллуд айёми кенг нишонланмоқда. Атроф-олам жонланиши билан ҳамоҳанг шоира ижоди ҳам қайта жонланади. “Баҳор кечаси”, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Соғиниб”, “Тингла булбул”, “Ўриклар гуллар” номли шеърлари кўнгилларга хуш кайфият бағишлайверади.

Таниқли ўзбек шоираси Зулфия Исроилова 1915 йилнинг 1 мартида Тошкент шаҳрида Исроил темирчи оиласида туғилган. 1922 йилдан 1931 йилгача мактабда, сўнг 1931–1934 йилларда қизлар билим юртида сабоқ олган. Шоира деярли бир умр журналистика ва нашриёт соҳасида ишлади. Унинг илк тўплами - “Ҳаёт варақлари” 17 ёшлигида чоп этилган. Сўнгра “Шеърлар”, “Қизлар қўшиғи”, “Уни Фарҳод дер эдилар”, “Ҳижрон кунларида”, “Мен тонгни куйлайман”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Куйларим сизга”, “Шалола” каби  шеърий тўпламлари нашрдан чиққан.  

Ушбу тўпламларда Ватан ишқи, халқ ҳаёти ва турмуш тарзи, уларнинг фидокорона меҳнати юксак маҳорат ва меҳр-муҳаббат билан мадҳ этилган. Ижодий фаолияти  ва турмушида кўклам - баҳор мавзуси алоҳида ўринга эга. Бир қатор шеърларида кўкламга ошуфта қалб тасвирлари жо бўлган. Жумладан, “Соғиниб” шеърида шоира ҳаётининг оғир кунларини бошидан кечиргани, дард юрагини эзган дамлар баён этилган... 

Шу кунларда баҳорга зорман,

Навжувонлик ўти танда йўқ.

Куз сингари заъфар рухсорман,

Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

***

Шу кунларда баҳорга зорман,

Танхасталик эзади руҳим.

Танҳо эмас, қаторда борман,

Яна нени излайди суқим?

Баҳор - шоира учун янгилик - яшиллик, табиатнинг уйғониши, миллий урф-одатлар, анъаналар тимсоли. Бундай тимсол шоира ижодининг асосий йўналиши эканлигини шеърият мухлислари яхши билади. Буни унинг “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеърида янада яққолроқ кўриш мумкин.

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

***

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Ушбу шеърда баҳор тасвири гўзал манзаралар билан тасвирланадики, ўқувчи ўзини гўёки қиру адирларда юргандек, қушлар првозию, ёқимли шабада насимидан сархуш ҳис қилади, балки дарахт куртакларининг инсонга куч бағишловчи кучининг асирига айлантиради .

Зулфия шеърияти табиатга ҳамда унинг ажралмас қисми ва юқори чўққиси бўлмиш одамзотга нисбатан ҳаяжонли севги билан бурканган. Ана шундай шеърларидан бири Тингла булбулдир.

Булбул сайрар, ирмоқ куйлар, ўйнар ел,
Ҳамма ёққа нур тўлганга ўхшайди.
Ширин куйга тўлиб кетди маъсум дил,
Севги унга ёр бўлганга ўхшайди.
***
— Тўхта, булбул, мен куйлайин, жон булбул,
Сен тинглагин қалбимдаги торимни.
Баҳор десам, рашк қилмасин чаман гул,
Юрагимга кириб олган ёримни.

Шоира ижодида табиат оч рангларда, ёрқин бўёқ ва тимсолларда гавдаланади. Бундай тасвирни “Ўрик гуллари” шеърида ҳам кўриш мумкин.

Шоир севган ўлка кўксида
Хушбўй баҳор кезиб юради.
Не боғ! Ҳатто қоя устида
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.
***
Жуда ҳам кўп гуллади ўрик,
Зеро, чўллар боғ бўлиб кетган.
Ҳамма ерда очилган қўриқ,
Юртин халқи гулистон этган.

Ҳар баҳорда олам яшилликка бурканган маҳал, севимли шоирамизни ёдга оламиз, шеърларидан баҳра оламиз. Ўзбекнинг ана шундай жонфидо шоираси бўлганидан фахрланамиз. Зеро Зулфия ўлмаган, унинг юзлаб издошлари, маънавий меросининг давомчилари етишиб чиқмоқда.

                                                              СОЖИДА

Report typo