Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Толиб ТЕМИРОВ

11.01.2017


«SMS - ТУРНИКЕТ» ТИЗИМИ

Маълумки, бугунги кунда бир қатор коллеж ва академик лицейларда "Sms-турникет" тизими ишламоқда. Ўқувчиларнинг  дарсга келиш-кетишини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган бу технологияни кимлардир жуда самарали восита деб билса, яна кимлардир ортиқча дахмаза деб ҳисоблайди. Хўш, унинг қандай самараси бору нимаси дахмаза?

Аввало, тизимнинг қандай ишлаши ҳақида тўхталиб ўтсак. "Sms-турникет" ўрнатилган таълим муассасаси ўқувчилари, ўқитувчилари ва бошқа ходимларига махсус электрон карта берилади. Турникетдан ўтиш учун шу карта махсус табло ёнига келтирилади. Турникет хотирасида ўқувчи ва унга берилган карта ҳақида маълумот бўлади. Карта табло ёнига тутилгач, ундаги маълумот автоматик равишда ўқилиб, агар у рўйхатдан ўтган бўлса, турникет очилади. Акс ҳолда, турникет блокланиб тураверади. Ўқувчи таълим муассасасига кирганда ва чиққанда ота-онасига унинг коллежга киргани ёки чиққанини тасдиқловчи SMS-хабар боради.

- Бу биз ота-оналар учун айни муддао бўлди, - дейди Қарши туманилик Флюра Мирзаева. - Қизим шу йил Қарши педагогика коллежига ўқишга кирганда қиз бола шунча жойга қатнаса, уни қандай назорат қиламан деб юрагимга ҳадик оралаганди. Йўқ, ҳозир ҳеч нарсадан қўрқмайман. Қизим соат нечада коллежга етиб бордию қачон ўқишдан чиқди билиб тураман. Дарров SMS келади. Ўқишдан чиққандан кейин уйгача ярим соатлик йўл. Бир дақиқа кечиксаям дашном эшитишидан чўчиб, уйга шошади.

Турникетнинг афзаллик томонларидан яна бири шундаки, у нафақат давоматни яхшилашга, ота-она фарзандининг ўқишга бориб-келишини шахсан назорат қилишига ёрдам беради, балки таълим муассасаси ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлашда ҳам жуда қулай восита экан.

- Дейлик, бирор масалада ота-оналар йиғилишини ўтказмоқчимиз, уларни чақиришимиз керак, - дейди Қарши ахборот технологиялари коллежи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Нурбек Гуллиев. - Авваллари ўқувчидан айтиб юборилар, ўзлаштириши паст бўлган ёки тўполончи болалар хабарни ота-онасига етказмаслик ҳоллари кўп учрарди. Натижада уларнинг тарбияси ҳақида ота-онаси билан гаплашиб ололмасдик. Энди ота-оналарнинг ўзига SMS жўнатамиз. Ёки қайсидир ўқувчи коллежга уй вазифаларини тайёрламай келаяпти. Турникет ёрдамида ота-онасига у эртага қайси фандан қайси мавзуларда уй вазифасини тайёрлаб келиши кераклиги ҳақида хабар жўнатиш имкони ҳам бор.

Бундан ташқари, турникет хотирасида у ҳақда маълумот мавжуд бўлган картани таблога тутгандагина очилади. Бу таълим муассасаси ҳудудига бегоналар бемалол кириб-чиқишининг олдини олади. Четдан келган ҳеч ким коллеж ёки академик лицей раҳбариятининг рухсатисиз бинога кира олмайди. Дарс жараёнига ҳеч ким халақит бермайди.

- Қолаверса, турникет ўқитувчилар ва ходимлар фаолиятини назорат қилиш учун ҳам қулайлик яратди, - дейди Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицей директори Исмигул Хушмуродова. - Нафақат ўқувчининг, балки ўқитувчиларнинг ҳам ишга ўз вақтида келиш-кетишини назорат қилиш мумкин. Табелни шу асосда тўлдириб, ойлик маошни шунга кўра ишлаш, ўқитувчининг,     бошқа ишчи-ходимларнинг фаолияти ҳақида хулоса чиқариш имконияти бор. Ўқувчиларнинг давоматини, ўқитувчиларнинг ўз ишига қай даражада масъулият билан ёндашганини турникетдаги маълумотлар асосида таҳлил қилиб борамиз. Дейлик, таълим муассасаси раҳбари касаллиги боисми ёки бошқа бирор сабабми ишга келмай қолди. Директор келмади деб ишга масъулиятсиз ёндашиш, дарсни ўз ҳолига ташлаб қўйишнинг ҳечам иложи йўқ. Чунки турникет билан бирга ўрнатилган видеокузатув мосламалари ҳаммасини ёзиб туради ва хотирасида уч ой мобайнида сақлайди. Булар ўз-ўзидан ўқувчиларни тарбияли бўлишга, ўқитувчи ва ишчи-ходимларни ўз ишига масъулият билан ёндашишга ундайди.

Шунча қулайликларга эга мазкур электрон назорат тизимидаги қулайликлар таълим муассасалари ишини фақат ва фақат яхшилашга, ота-оналар билан алоқани мустаҳкамлашга, ҳуқуқ-тартибот идоралари органлари ишига ёрдам беришга хизмат қилади. Тўғри, SMSлар учун пул тўланади. Аммо, менимча, фарзандининг тўғри тарбия топиши учун ота-онага бу арзимаган маблағ ҳеч қачон оғир ботмаса керак. Қолаверса, таълим муассасалари вакилларининг айтишича, тўланадиган бу маблағ кам таъминланган оилалар фарзандлари учун эллик фоизга арзонлаштирилган, чин етимлар учун эса бепул экан.

Бундан кўринадики, турникетни ортиқча дахмаза деб ҳисоблаб, уни ўрнатишни пайсалга солаётган таълим муассасаси раҳбарлари ё давоматнинг минуслари, ё ўқитувчи ҳамда ишчиларининг ўзибўларчилиги ошкор бўлиб қолишидан чўчишади, ё ўша коллеж ёхуд лицейнинг ишида бошқа хомлик бор.

Толиб ТЕМИРОВ

Report typo