Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист

07.04.2018


СОҲИБҚИРОН ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ҚАНДАЙ ТАЪМИНЛАГАН?

Шуни айтиш керакки, ҳазрат Соҳибқирон фаолиятининг бу қирралари тарихчилар, темуршунос олимлар томонидан ҳам алоҳида мавзу сифатида тадқиқ қилинмаган. Шунга қарамай, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий асарларни мутолаа қилганимизда бу соҳада кўпгина диққатга сазовор маълумотларга дуч келамиз.

Амир Темур ҳали оз сонли аскарларга эга бўлган ва мўғул босқинчиларига қарши кураш учун майдонга бел боғлаб чиққан дастлабки пайтларда лашкарни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда қийинчиликка учрамаган. Юртни ёвлардан тозалаб, Мовароуннаҳр  ҳукмдори бўлгач, унинг зиммасига қўшиндан ташқари ўз фуқаролари таъминоти ҳам қўшилган. Олижаноб мақсадлар йўлида ўзга юртларга ҳарбий юришларни амалга ошириб, катта ҳудуд ва кўп сонли аҳолига эга бўлган улкан империяга бош бўлгач, бу муҳим ва ҳаётий масалани доимо диққат марказида тутган, унинг ечимига ўзига хос йўллар ва воситалар билан ёндашган.

Соҳибқирони акбар экин ерлари ва боғ-роғлар, озуқага бой яйловлар қанча кўп бўлса, обиҳаёт сероб бўлса, ҳосил ҳам кўп бўлади, бинобарин мамлакатда мўл-кўлчилик қарор топади, раият тўқ яшайди, турмушда қийинчилик кўрмайди, деб ҳисоблаган. Шу мақсадда деҳқону боғбонларга кўпгина имтиёзлар берган. Хусусан, “Тузуклар”да белгилаб қўйилганига мувофиқ, суғорилмайдиган, хароб бўлиб ётган ерларни обод қилган, кориз қуриб сув чиқарган  ҳамда экин экиб, боғ яратган, улардан ҳосил етиштирган деҳқон ва боғбонлардан биринчи йили давлат фойдасига хирож олинмаган. Иккинчи йили улар ўз розилиги билан қанча берса, шунча олинган, фақат учинчи йили қонун-қоидага мувофиқ солиқ тўлашган.

Лалмикор ерлар эса жарибларга (бир жариб 952 квадрат метр ҳажмдаги ер) бўлиниб, ҳисобга олинган. Бу ерларда ҳосил олишда учдан бир ва тўртдан бир қоидасига амал қилинган. Суғориладиган ердан олинган ҳосилнинг икки қисми раиятда қолган, бир қисми салтанат хазинаси учун олинган. Бундай одилона солиқ сиёсати деҳқонлар, боғбонлар ва соҳибкорларни ўзларига қарашли ерлардан мўл ҳосил етиштириш учун астойдил меҳнат қилишга рағбатлантириб, озиқ-овқат маҳсулотлари сероб бўлишини таъминлаган, нарх-наво арзон бўлишига хизмат қилган.

Академик А.Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича, Амир Темур давлатининг иқтисодий асосларида муҳим ўрин тутган деҳқончилик ва ирригация  ишларига катта аҳамият берилган. XV аср охирида Мовароуннаҳр ва Хуросондаги катта ва кичик дарёларда йирик ирригация   иншоотлари, коризлар, сув  омборлари ва ҳавзалари қурилди. Натижада бир нечта вилоят, шаҳар ва қишлоқларда сув таъминоти яхшиланди. Қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши эса суғорма деҳқончилик майдонларини кенгайтирди, янги қишлоқлар, деҳқон қўрғонлари вужудга келди. Хусусан, шу даврда Обираҳмат, Маздахин, Бозор, Коранда, наҳри Жадид деб аталувчи ҳудудларда 72 та деҳқончилик хўжаликлари пайдо бўлди. Амир Темур ҳукмдорлиги вақтида, шунингдек, Мурғоб водийсида, Кобул яқинидаги Бадон, Жуйинов қишлоқлари орқали каналлар қазилиб сув олиб келинган.  Муаррих Ҳофизи Абру ўз асарида Дилкушо, Ганчравон,    Ганчхона, Умар Тибон, Шайх Али Саъд, Шайх Али Қутлуғ Хонул каби 20 дан ортиқ каналларнинг номини келтиради. Маълумки, Амир Темур Кавказга қилган ҳарбий юришлари пайтида Грузия ва Озорбайжонни фатҳ этиб, қишни Қорабоғда ўтказади. 1399 йилда Ҳиндистон юришидан қайтишида яна Қорабоғга келади.

“Темурнинг Қорабоғда олиб борган ободонлаштириш ишлари орасида, - деб ёзади озарбайжонлик тарихчи олим З.Пириев, - Байлаконда қурилган суғориш канали муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қаровсиз, фойдаланилмай қолган канални кўрган Темур уни тозалашни буюради. 60-70 километр узунликдаги бу канал бир ой ичида қайта тикланиб, дала ва экинзорларга сув бера бошлади. Канал Темур кўрсатмаси билан “Наҳри Барлос” деб аталди”.

Амир Темурнинг каналлар қаздириб, сув таъминотини яхшилашга қаратилган тадбирлари ўз самарасини бериб, экин майдонларининг кенгайиши ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш имкониятини берди.

Соҳибқирони акбар ҳарбий юришлари пайтида озиқ-овқат таъминоти масалаларини лашкарбоши амирлар ва аскарлар манфаатларига мос ҳолда ҳал қилган. Тарихий маълумотларга қараганда, Амир Темур ҳарбий ҳаракатларга чиққан кезлари лашкар ортидан ўтовларини аравага ортиб, подаларини ҳайдаганча, жангчиларнинг оилалари ҳам йўлга чиққан. Жангчилар қаерга боришмасин, қўй, туя ва отлар уларнинг асосий емиши ҳисобланган, гўшт ва сут билан таъминлаб турган. Саҳро ва чўлу биёбонларда, шунингдек, жазирама иссиқ пайтларда лашкар асосан тунда йўл босган, кундузи эса от ва қорамолларни яйловга ҳайдаб, ўзлари ўтовларда хордиқ чиқаришган.

Буюк саркарданинг буйруғи билан савдогар ва ҳунармандлар лашкар ортидан эргашиб борган. Саррожлар, темирчилар, қуролсоз чилангарлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи тужжорлар сафар чоғи қўшинни уларга зарур бўладиган маҳсулот ва ашёлар билан таъминлаб турган.

Буюк бобокалонимиз ҳақида “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар” номли асар ёзган, Соҳибқирон амри билан Европага бир неча марта элчи бўлиб борган Султония архиепископи Иоаннинг ёзишича, “Темурбек одамлари барча    зарур нарсаларни худди шаҳар бозоридагидек харид қилишлари мумкин эди. Душман устидан ғалаба қозониб, ўлжа олган аскарлар уларни ана шу бозорда савдогарларга сотишарди. Шунингдек, озиқ-овқатлар ушбу ўлкалардан ҳам олиб келинарди. Гўшт ва гуруч истаганча топиларди. Гарчи дон-дун жуда сероб бўлса-да, нон жуда кам истеъмол қилинарди”.

Ибн Арабшоҳ эса отлар асосан арпа билан боқилишини, зарур ҳолларда аҳолидан арпани буғдой, гуруч, тариқ, кишмиш ва ясмиққа алмаштириб олишларини ёзган. Бунга аскарлар кўпинча ҳарбий сафар чоғида муҳтож бўлишган. Инглиз тарихчиси ва адибаси Хильда Ҳукхэмнинг қуйидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовордир. “Темур жангчилари иссиққа ҳам, совуққа ҳам бардош беришган. Егулик сероб бўлганида улар мечкайлик билан овқатланишар, аммо озиқ-овқат тақчил бўлиб қолса, улар учун қатиққа сув қўшиб тайёрланган айрон ҳам кифоя қиларди”.

Агар ҳарбий ҳаракатлар пайтида озиқ-овқат тақчиллиги юз берса, гўштдор ҳайвонларни овлаш учун кичик шикор қилинарди. Бунинг учун махсус шикор гуруҳлари ташкил қилинган эди.

1391 йил баҳори. Амир Темур ўз қўшинлари билан Тўхтамишхонни тўрт ойдан буён поёнсиз чўл бўйлаб таъқиб қилиб борарди. Бу ҳақда муаррих Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида шундай ёзади: “Қаёққа қараманг, ҳаммаёқ чўлу биёбон. Етти ой юрсангиз ҳам бирорта тирик инсонни, на бир экинзорни учратасиз. Лашкарларга эргашиб келаётган бозор ҳам ҳувиллаб қолди. Нарх-наво очарчилик йилларидек осмонга кўтарилиб кетди. Битта  қўйнинг баҳоси 100 динорга чиқди... Темур туман амирларига, мингбоши, юзбоши, ўнбошиларга гўшт пиширишни тақиқлаб қўйишни амр этди. Бутун қўшин илгари фақат қулларга раво кўриладиган суюқ атала билан кун кўриши керак эди. Амирларнинг ўзлари ҳам шу аталадан ичишарди... Ҳар бир кунда бир товоқ атала бериларди. Шу бир товоқ аталанинг ҳам имкони бўлмай қолганда, қўшин озгина бўлса-да егулик, ёввойи қушлар тухуми, турли майда ҳайвонлар ва ейишга арзийдиган ўт-ўлан излаб саҳрони кеза бошлади. Ана шунда Амир Темур катта шикор ўтказишга фармон берди.

Катта шикор 1391 йил 6 майда бошланди. Амирлар улкан доира ҳосил қилмоқ учун сипоҳийлар ажратдилар. Доира бора-бора торайиб барча жониворлар ўртага ҳайдаб келинди. Икки кун деганда доира  бирлашиб, доира ичи ҳайвонларга тўлиб кетди. Натижада жуда кўп кийик, товушқон, кулон ва    бошқа ҳайвонлар овланди. Соҳибқироннинг амалга оширган ана шу тадбири туфайли лашкар бир неча кун ана шу овда ғамланган гўшт билан кун кечирди.

Зафарли Деҳли жангидан сўнг декабрь ойи бошларида Темур қўшинлари ушбу шаҳардан бир неча километр узоқликда жойлашган Леон деган жойни ишғол қилди. Бу ерда бўлиқ майсазор яйловни кўрган     Соҳибқирон лашкаргоҳ  қурди. Қўшинни егулик билан таъминлаш учун шикор қилувчи ва озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланувчи гуруҳларга қишлоқлардан ғалла ва озиқ-овқат ғамлашга буйруқ берди. Кўрилган амалий чора-тадбирлар туфайли қўшин озиқ-овқат билан тўлиқ таъминланди.

Амир Темур Дамашқни эгаллаганидан сўнг катта ғалла омбори топилади. Соҳибқирон қўлга киритилган дон-дунни ўз захирасига олмайди. Шарафиддин Али Яздий амир Соҳибқирон художўйлиги, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага ҳурмати учун омбордаги барча ғаллани Қуддуси шариф орқали ана шу икки муқаддас шаҳар аҳолиси учун жўнатди, деб ёзади.

Ҳазрат Соҳибқирон даврида озиқ-овқат мўл-кўллиги йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар ўз самарасини берган. Узоқ Испаниядан Самарқандга Амир Темур ҳузурига элчи бўлиб келган Клавихо мамлакатда маъмурчилик, мўл-кўлчилик ва арзончиликнинг гувоҳи бўлган. Бу ҳақда ўз эсдаликларида шундай ёзади: “... Бу ер ҳамма нарсага бой: ғалла ҳам, шароб ҳам, мева-чева ҳам, паррандалар ҳам, ҳар хил гўшт ҳам мўл-кўл. Бу ернинг қўйлари йирик-йирик, думлари катта бўлади... Қўйлар кўп ва арзондир. Бошқа моллар ҳам арзон... Ғалла жуда ҳам арзон, шоли эса ошиб-тошиб ётади. Самарқанд ва унинг атрофидаги ерлар шундай тўкин-сочинки, ҳайрон қолмаслик мумкин эмас”.

Клавихо Самарқанд ва унинг атрофларида боғ ва узумзорлар кўплигини, боғлар оралиғидаги бўш майдонларда кўплаб қовун ва пахта экилишини, бу мамлакатда қовун жуда яхши ва серҳосиллигини қуйидагича таъкидлаган: “Ҳар куни туяларда сон-саноқсиз қовун олиб келинади. Бунчалик қовуннинг сотилиб кетишига ва истеъмол қилинишига ҳайрон қоласан киши. Қишлоқларда қовун шунчалик кўпки, уни қуритиб, келгуси пишиғигача қовун қоқи ҳолида сақлайдилар”.

Амир Темур сипоҳнинг таъминотига алоҳида эътибор берганлиги, раият аҳволидан доимо огоҳ бўлганлиги, ҳар иккисига бир кўз билан қараб, уларнинг турмуши ва фаровонлиги тўғрисидаги ғамхўрлиги давлатни ҳар томонлама мустаҳкамлади, жаҳондаги нуфузи, обрўсини оширди.

Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист

Report typo