Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

17.02.2017


СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ ҲАМ ДАВО, ҲАМ ШИФО

Хўш, соғлом овқатланиш тартиби қандай? Ушбу савол билан вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси терапевт-шифокори Мусаллам МЎминовага мурожаат қилдик.

- Соғлом овқатланиш узоқ умр кечиришнинг муҳим омилидир, - дейди Мусаллам Мўминова. - Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино таълимотида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Улуғ алломанинг асарларида қайд этилишича, тансиҳатликнинг асосий тадбири  парҳездир. Кам ҳаракат, меъёридан ортиқ таом истеъмол қилиш, пала-партиш овқатланиш кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади.

Ўзбек оиласида барчанинг дастурхон атрофида жамулжам бўлиб овқатланиши бебаҳо қадрият саналади. Таомга аввало ёши улуғ инсонлар қўл узатади. Бу жараёнда ёшларимиз катталардан меъёрида таом истеъмол қилиш, нафсни тийиш билан боғлиқ маънавий ва тиббий тарбия олади. Энг муҳими, бизда ҳар куни хилма-хил овқатлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ваҳоланки, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қабул қилинган соғлом овқатланишнинг ўн икки тамойилида ҳам озиқ-овқатлар хилма-хиллиги, овқатланишда меъёрни сақлаш каби жиҳатлар тилга олинади. Шунингдек, соғлом  овқатланиш борасида қуйидагилар тавсия этилади: ёғ ва тузни кам истеъмол қилиш; чойни иложи борича таом билан бирга истеъмол қилмаслик; шакар ва қандни камроқ истеъмол қилиш; ширинликлар ва ширин ичимликлар истеъмоли миқдорини чегаралаш; мева-сабзавот маҳсулотларидан кенг фойдаланиш.

Баъзилар соғлом овқатланиш деганда юқори калорияли таомларни тўйиб ейишни тушунади. Бу нотўғри ва кўплаб хасталиклар келиб чиқишига омил бўлиши мумкин. Таомни таркиби, тананинг тўғри ўсиши, ривожланиши ва фаол ҳаёт кечиришини таъминлаш, кайфиятнинг яхши бўлиши, ташқи омиллар таъсирига чидамлилик ҳосил қилиш учун зарур моддаларга бойлигидан келиб чиқиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Маълумотларга кўра, таом орқали организмга  кимёвий ва биологик жиҳатдан бир-биридан фарқ қиладиган 80 дан зиёд озиқ моддалар тушади. Соғлом ҳаёт кечириш учун эса бу моддалар инсон танасида муайян миқдорда ва нисбатда бўлиши зарур. Улардан биттаси ёки бир нечтасининг эҳтиёжга номутаносиб бўлиши организмда моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади.

Овқатланиш ҳам аниқ графикка асосланиши шарт. Шунда истеъмол қилинган таомнинг ҳазм бўлиши ва организмда ўзлаштирилиши меъёрида кечади. Аксинча бўлганда эса гастрит, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси каби турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ҳар галги овқат калорияси меҳнатнинг оғир-енгиллиги, яъни қувватнинг қай даражада сарф бўлишига мувофиқ келиши керак. Масалан, оғир жисмоний иш билан банд бўлган кишиларга нонушта учун суткалик овқат калориясининг 25-30 фоизи, тушлик учун 45-50 фоизи ва кечки тамаддига тахминан 25 фоизи тўғри келиши зарур. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларида фойдали озиқ моддалар фақат муайян миқдорда эмас, балки танамиз сарфлаган қувват ва моддалар ўрнини қоплай оладиган даражада бўлиши шарт. Зеро, истеъмол қилинадиган овқат одамнинг қувват сарфини қопласа, танада янги ҳужайра ва тўқималар тузилиши ҳамда эскиларининг тикланиши учун зарур кимёвий моддаларга бўлган эҳтиёжни таъминласа, бундай овқатланиш соғлом овқатланиш ҳисобланади.

Демак, соғлом овқатланиш      соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунга риоя этиш барча тана аъзолари ва тизимларнинг меъёрдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, саломатликни мустаҳкамлаш, эрта қариш ва турли хил касалликларга чалинишнинг олдини олиш ҳамда организмни ташқи муҳитнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча озиқ моддалар билан таъминлаш имконини яратади. Бу қоидани эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo