Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.03.2021


Сovid-19: 1 АПРЕЛДАН АЙРИМ ЧЕКЛОВЛАР ЎРНАТИЛАДИ

Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият  барқарорлашган даврда қатор йўналишларда карантин чекловлари юмшатилган эди. Бироқ айни пайтга келиб, касалликка чалинганлар сони ошаётгани, шунга мувофиқ, ҳозирги шароит аҳоли гавжум бўладиган тадбирларни бироз чеклашни тақозо қилаётгани айтилмоқда.

Қатор соҳа мутахассислари ва етакчи олимларнинг таклифларини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортганлиги муносабати билан мамлакатимизда кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги таклифларни маъқуллади:

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш;

театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда:

томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчи томошабинлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда (маскада) бўлишларини таъминлаш;

томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик;

томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш;

томоша дастурларига ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати назоратини ўрнатиш ҳамда тана ҳарорати кўтарилган шахсларни дастурга  қўймаслик;

томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно);

томоша дастурлари бўйича тарқатилаётган (сотилаётган) чипталарга "Фақат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг" ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликка чақириш ва бошқа томошабинларга касаллик юқиб қолишининг олдини олиш чораларини кўриш;

томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг кириш қисмида томошабинларнинг бинога тартибли киришларини таъминлаш мақсадида махсус ленталар ёрдамида бир қаторли кириш ва чиқиш йўлакларини ўрнатиш тартиби белгиланди.

Томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулият ташкилотчилар зиммасига юклатилади.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 24 мартидан бошлаб:

жамоат жойларида, шу жумладан, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) тиббий ниқобдан ва антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиш бўйича санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилиши бўйича назорат кучайтирилди.

25 мартдан бошлаб:

касаллик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётганлиги сабаб уй шароитида даволанаётган беморлар саломатлиги назорати ва даволанишини ташкил этиш мақсадида зарурат бўлган ҳудудлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида мобил бригадалар фаолияти қайта йўлга қўйилади.

Карантин чекловларини ва санитария-эпидемиологик талабларни бузаётган фуқаролар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши, шу жумладан, ушбу ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган қатъий чоралар кўрилиши белгиланди.

"Ҳурматли юртдошлар, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида шахсий масъулиятни оширишингизни, тиббий ниқобларни тез-тез алмаштириб туришингизни сўраб қоламиз. Санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя қилмаслик салбий оқибатларга олиб келишини унутманг, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига бефарқ бўлманг!" дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo