Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Низомжон МАҲМУДОВ

21.08.2020


СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕРАДИ?

Фармон ва моҳият

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони соҳада туб бурилиш ясади десак, тўғри бўлади.

Фармонда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш асосий мақсад қилиб олинган.

Шунга кўра, одил судловни тўлақонли амалга оширишда суд тизимини ислоҳ қилиш, суднинг ва судьялар мустақиллигини таъминлаш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, барча бўғиндаги судларни келиб тушган ишларни кўришга жалб этиш йўллари белгилаб олинди. Бунда судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақлаб қолинган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Натижада бошқарув ва суд ишини ташкил этиш янада такомиллашади.

Шунингдек, фармонда 2021 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, суд ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш институтини бекор қилиш ва жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишувчанлик принципига амал қилган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш белгиланди.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини  (маъмурий судлардан) жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни сақлаб қолиш қайд этилди.

Фармон билан айрим туман судлари тугатилиб, айрим туманларда янги судлар ташкил қилиниши ҳам қайд этилди.

Хусусан, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

2021 йил 1 январдан Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судлари тугатилиб, бу ҳудуддаги иқтисодий низоларни кўриш вазифаси яқин туманлардаги судлар зиммасига юклатилади.

Аҳоли сони нисбатан кўп бўлган ҳамда қўшни туман судлари узоқ масофада жойлашганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро суди, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор туманлари судлари, Пастдарғом туманлараро иқтисодий суди, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманлари судлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Президент фармонида Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузиш ҳам белгиланди.

Умуман олганда, фармонда белгилаб берилган масалалар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш билан бирга жамиятимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ривожланиш йўлимизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Низомжон МАҲМУДОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани суди раиси

Report typo