Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдулатиф РИЗАЕВ, Баҳодир КЕЛДИЁРОВ

16.05.2017


ТАҚДИРНИНГ ТИКАНЛИ СЎҚМОҒИ

Шу боис, бугун миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилалар тинчлигини бузаётган ОИТС хасталиги ўзининг мудҳиш оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу дардга даво йўқлигини била туриб, айрим кимсалар атайин ўзларини тақдирнинг тиканли сўқмоғига уришади, аянчлиси, бу сўқмоқ одамни жарга, ҳалокатга бошлайди.

Мана шундай сўқмоққа ўз хоҳиши билан кирганлардан бири, бу – навқирон ёшдаги Аброр исмли норғул йигит. У мактабда намунали хулқи, яхши билими билан бошқалардан ажралиб турарди. Аммо олий ўқув юртига киришда омади чопмади.

Аброр аввалига қурби етган майда-чуйда ишларни бажариб, рўзғорга тўрт-беш сўм топиб кела бошлади. Бироқ баъзи оғайниларининг пўрим кийиниши, юриш-туришини кўргач, унинг авзои ўзгарди. Топаётган пулига кўнгли тўлмай қолди. Қисқа вақтда кўп пул топиш истаги уни дам-бадам чалғита бошлади. Ўз истак-майлига тобелиги устун келди.

Россияда ишлаб, тўрт-беш сўмнинг ҳавоси билан ўзгариб қолган қишлоқдош дўстларидан бири Обид унга гўёки тўғри йўл кўрсатди – Россияда ишлаб, яхши пул топиши мумкинлиги, яшаши ҳам зўр бўлишини айтди. Кўп ўтмай, икки оғайни йўлга тушишди. Ҳеч ким Аброрнинг олдини қайтармади. Қаерга бораяпсан, деб ҳам сўрамади. Демак, уйдагиларига ҳам унинг қаердан бўлмасин пул топиб келиши муҳимроқ экан.

Россиянинг катта бир шаҳридаги супермаркетга ишга жойлашиб олган Аброрнинг юриш-туриши энди бошқача, чўнтагидаги пул уни турли нағмалар сари бошларди. Ўша жойларда фаррошлик қиладиган бировига илакишиб, бир муддат худди эр-хотинлардек яшади.

Икки йил ўтиб уйга қайтди. Топган даромади ёмон эмас. Қўша-қўша юк сумкаларида ота-онаси, яқинларига  қимматбаҳо совғалар олиб келди. Уйда унга роса иззат-икром кўрсатилди. Ота-онаси энди уни уйлантириб қўйишга ҳаракат қила бошлади. Келин ҳам тушириб келинди, вақт ўтиб, ҳомиладор ҳам бўлди. Ҳаммаси шундай ажойиб, чиройли бир тарзда кетаётганди. Кунларнинг бирида...

Ҳа, шунда Аброрнинг бошига кимдир гаврон билан ургандек гандираклаб қолди. Ҳуши бошидан учаёзди. Кўз ўнгида бу ёруғ дунё, ота-онаси, хотинию туғилажак фарзанди, хуллас, барча-барчаси у билан видолашаётгандек эди. Хотини ҳомиладорлигининг 12 ҳафтасида унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжудлиги аниқланди.

Хўш, у бу ажал уруғини қаердан юқтириши мумкин? Энди нима бўлади хотинига? Фарзанди-чи? Ишқилиб у соғмикан?

Шундай хаёллар гирдобида ўртанаётган Аброр чет элдаги айшу ишратга тўла ўтган бир муддатлик ҳаётини кўз олдига келтирди. Нафсига қул бўлиб, ҳаромдан ҳазар қилмай, никоҳида бўлмаган бегона аёл билан эр-хотиндек яшади-я! Демак, бу – ножўя қадам учун тўланиши лозим бўлган бадал. Хўш, хотини билан фарзандининг айби нимада? Аброрнинг ўйламай босган қалтис қадами учун улар ҳам ўзига хос товон тўлашга мажбур.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ходимларининг саъй-ҳаракати билан чақалоққа ОИВ инфекцияси юқмаслиги учун зарур тезкор тиббий чоралар кўрилди ва натижада бола соғлом туғилди. Ҳозир у сунъий озиқлантирилаяпти. Бироқ, она ўзини айбсиз айбдор сифатида кечиролмайди. Дардини кимга айтишни билмайди. Нима учун унга бундай оғир жазо муносиб кўрилди? Дунёнинг ишларига тушунмайсан киши.

Барчамизга аёнки, ОИТСдан сақланиш кўп жиҳатдан аҳолининг тиббий маданияти ва саводхонлигига боғлиқ. Бу борадаги саводхонлик нечоғлик юқори бўлса, турли кўнгилсизликларга ўрин қолмайди. Афсуски, баъзи ота-оналар фарзандларининг никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишига жиддий эътибор бермайди. Ҳолбуки, соғлом оила – келажак пойдевори. Уни мустаҳкамлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчи. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Абдулатиф РИЗАЕВ, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бўлим бошлиғи

Баҳодир КЕЛДИЁРОВ, марказ врач-эпидемиологи

Report typo