Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

24.04.2017


ТАЙЁРГАРЛИК АВЖИДА

Маълумки, мусобақа низомига кўра, баҳслар кечадиган 17 спорт турининг 5 таси - футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпидан ҳудудларда ўтган саралаш босқичларида муваффақиятли қатнашиб, ярим финалга йўлланма олган жамоалар ва бокс бўйича ҳар бир вазн тоифасида ярим финалга йўлланма олган спортчилар Жиззахда учрашишади.

Ҳудудий саралаш босқичида вилоятимиз футбол жамоаси анча ишончли тарзда тўп сурди. Вакилларимиз гуруҳда Жиззах, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари устидан йирик ҳисобларда ғалаба қозониб юз фоизли натижани қайд этди. Чорак финалда фарғоналик ёшларни ишончли тарзда мағлубиятга учратди. Шунингдек, бокс бўйича биргина 49 килограмм вазн тоифасида вилоятимиз вакили Мирзабек Муртазоев ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Қўл тўпи бўйича қизлар, волейбол бўйича эса ўсмирлар терма жамоаси баҳсларни мусобақанинг республика финал босқичида давом  эттирадиган бўлди. Афсуски, баскетбол бўйича саралашда ҳар иккала - ўғил ва қиз болалар бўйича вилоят терма жамоаси муваффақиятсиз иштирок этди. Бу орада саралашсиз тўғридан-тўғри финалда иштирок этадиган қолган 12 та спорт тури, яъни теннис, сузиш, стол тенниси, енгил атлетика, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, таэквондо WTF, оғир атлетика, бадиий гимнастика, бадминтон бўйича терма жамоаларимиз машғулотларга зўр беришди. Хусусан, теннис бўйича мураббий Олим Аннақулов мусобақа иштирокчилари билан  қизғин машғулотлар олиб бормоқда.

- "Баркамол авлод" спорт мусобақалари финалида теннис бўйича икки нафар атлетимиз иштирок этади, - дейди у. - Ўғил болалардан Шаҳзод Раҳматуллаев, қизлардан Камола Алиева. Айни вақтда улар билан бўлажак ўйинларга жиддий тайёрланаяпмиз. Ҳам яккалик, ҳам жуфтлик баҳслари учун уларнинг маҳорати оширилмоқда.

Қайд этиш жоиз, мусобақалар Ўзбекистон теннис федерацияси томонидан тасдиқланган қоидалар асосида ўтказилади. Барча учрашувлар уч сетдан иборат бўлиб, "тай-брек" тизими асосида бўлиб ўтади ва жамоалар эгаллаган ўринлар якка ва жуфтлик мусобақаларида ўғил болалар ҳамда қизлар тўплаган очколар йиғиндисига кўра белгиланади.

Енгил атлетикачиларимиз ҳам мусобақада ўз олдиларига катта мақсадларни қўйишган.

- Мусобақанинг асосий босқичида 8  ёш спортчи - тўрт нафар ўғил бола ва тўрт нафар қиз иштирок этади, - дейди енгил атлетика бўйича мураббий Шавкат Холёров. - Ўғил болалар 100, 200, 400, 800, 1500 ва 3000 метрга югуриш ва эстафета, тўсиқлар оша югуриш, баландликка, узунликка ва узунликка уч ҳатлаб сакрашда ўз маҳоратини синовдан ўтказса, қизлар 100, 200, 400, 800,1500 ва 3000 метрга ва 100 метрга тўсиқлар оша югуриш, эстафета, баландликка, узунликка ва узунликка уч ҳатлаб сакраш мусобақаларида тенгдошлари билан беллашади.

Шунингдек, бошқа спорт турлари бўйича ҳам иштирокчиларимиз жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

Мусобақа низомида республика босқичи апрель ойининг учинчи ўн кунлиги ёки май ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши қайд этилган. Демак, тайёргарлик учун қисқа вақт қолди. Зеро, ҳал қилувчи баҳсларда машғулотлар жараёнида жиддий тайёргарлик кўрган, мақсади қатъий жамоалар ғолибликни қўлга киритади. Шундай экан, Жиззахда ўтадиган асосий баҳсларда вилоятимиз вакиллари муносиб иштирок этишади, деган умиддамиз.

Азизбек НОРОВ

Report typo