Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.09.2019


ТАНҚИДИЙ ЧИҚИШЛАРГА НЕГА ЖАВОБ ЙЎҚ?

Бу ҳақдаги қайдлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва   оммавий коммуникациялар агентлиги ўтказган мониторинг натижалари бўйича тайёрланган маълумотномада акс этган. 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ушбу чиқишларнинг аксарияти бевосита ёки билвосита маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига тааллуқли бўлиб, уларда муайян факт ва ҳолатлар кўрсатиб ўтилган, турли қараш ва мулоҳазалар баён этилган. Ушбу ойда мутасаддилар ва кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилган мазкур танқидий материалларнинг 52 фоизи тенг миқдорларда матбуот ва веб-сайтларда эълон қилинган бўлса, 18 фоизи телерадиоканаллар, яна шунчаси мобиль мессенжерлар, қолгани "фейсбук" ижтимоий тармоғи ҳиссасига тўғри келади. 

Масалан, "Қашқадарё" телеканали орқали эфирга узатилган лавҳада Қарши шаҳри Ғафур Ғулом маҳалласи Турон кўчасида жорий йил бошидан буён ичимлик суви таъминоти муаммо бўлиб келаётгани, ҳолат юзасидан аҳоли бир неча бор шаҳар ҳокимлиги, "Сувоқова" корхонасига мурожаат қилганига қарамай, аҳвол ўзгармаётгани ҳақида фикр юритилади.

Таассуфки, август ойи давомида ОАВда эълон қилиниб, шу каби муаммолар кўтарилган чиқишларнинг энг кўпи (9 та) ҳам айнан Қарши шаҳрига тааллуқли. Кейинги ўринларни эса Деҳқонобод     тумани (7 та) ва Яккабоғ тумани (4 та) банд этган.

Тан олиш керак, ушбу танқидий чиқишларда кўтарилган муаммолар, факт ва тасвирланган ҳолатларнинг барчаси ҳам тўла-тўкис ўз тасдиғини топмас, бироқ ОАВда (айниқса, маҳаллий нашрларда) эълон қилинган бу каби материаллар юзасидан аксар мутасаддилар, тегишли матбуот хизматлари нега "сукут" позициясини танлаётгани ажабланарли. Ваҳоланки, улар шуни маъқул кўришда давом этишар экан, бизга хайрихоҳ бўлмаган ва хорижда туриб фаолият кўрсатувчи, асосий мақсади халқаро доирада мамлакатимизни обрўсизлантиришга қаратилган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқларда бўрттирилган, асоссиз гап-сўзлар, танқидлар урчишига йўл очилади. Лақма, фақат ўз манфаати учун арзи дод солишга одатланган мурожаатчилар эса уларга ишониб юраверади...        

Ўз мухбиримиз

Report typo