Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.04.2023


Ташаббусли бюджет жараёни қай тарзда такомиллаштирилади?

Қарор ва шарҳ

Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш учун жойларда фуқаролар ва жамоат ташкилотларидан таклифлар йиғилади. Шу мақсадда ҳар бир ҳудудда фуқаролар иштирокида график асосида очиқ муҳокамалар ташкил этилади. Шунингдек, таклиф ва мулоҳазалар "Telegram" ижтимоий тармоғидаги махсус бот орқали ҳам қабул қилинади.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 апрелдаги "Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида назарда тутилган.

Айни пайтда мазкур режага мувофиқ хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда халқаро амалиётда республикамизда кузатилган ҳолатларга ўхшаш муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан амалга оширилган ишларни ўрганиш ҳамда муносиб деб топилган тажрибаларни мамлакатимизда татбиқ этиш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилади.

Барча келиб тушган таклифлар оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогер ва мустақил изланувчилар ўртасида муҳокама қилиниб, ташаббусли бюджет жараёнига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича дастлабки рўйхат шакллантирилади. Бу ўзгартириш ва қўшимчалар  Олий Мажлис палаталарига киритилади ва муҳокама қилиш навбати депутатлар ва сенаторларга ўтади. Қонунчилик палатаси ва Сенатдаги муҳокама натижаларига кўра умумлаштирилган таклифлар Президент Администрациясига тақдим этилади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил 6 февралдан бошлаб "Open budget" портали орқали ташаббусли бюджет жараёнининг биринчи мавсумига старт берилган эди. Вилоятимиз шаҳар ва туманларида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича портал орқали 6 минг 166 та таклиф билдирилган бўлса, шундан 4 минг 178 таси овоз беришга маъқулланиб, 7 апрель ҳолатида 133 та ташаббус ғолиб деб топилди ва ушбу таклифларни молиялаштириш учун 143 миллиард 894 миллион сўм  маблағ йўналтирилди. Биргина мисол: Яккабоғ тумани Дарҳон маҳалласидаги Бўтасой қишлоғининг 2,5 метр узунликдаги ички йўлларини таъмирлаш бўйича илгари сурилган таклиф (тасдиқланган маблағ - 1,2 миллиард сўм) 25 минг 728 та овоз тўплаб, республика бўйича биринчи натижани қайд этди. Айнан шу маҳалладаги Дарҳон ва Шов-2 қишлоқларида ички йўлларни таъмирлаш ҳамда Дарҳон қишлоғидаги эски ўйингоҳни тиклаб, сунъий қопламали чим ётқизиш, атрофида югуриш йўлаги барпо этиш ва воркаут (кўча гимнастикаси) майдончасини қуриш борасидаги ташаббуслар ҳам кўпгина (16 минг 800 нафардан 22 минг 800 нафаргача) кишилар томонидан қўллаб-қувватланиб, ғалаба қозонди.

Бундан ташқари, Президентнинг юқорида қайд этилган қарорига асосан шу йилнинг февраль-апрель ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ ажратилиши белгиланди. Жумладан, вилоятимизда бундай ташаббуслар сони 128 тани ташкил этиб, уларни рўёбга чиқариш учун қўшимча 141 миллиард сўм маблағ ажратилди. Масалан, Косон туманидаги Ниҳол маҳалласида аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида Наврўз кўчасидаги 600 метр, Янги авлод кўчасидаги 400 метр, Гулзор кўчасидаги 150 метр, Файзобод кўчасидаги 250 метр ва Навбаҳор кўчасини 600 метр, жами 2000 метр узунликдаги ички йўлларни асфальтлаштириш борасидаги таклиф (тасдиқланган маблағ 1,1 миллиард сўм) 2 минг 2 та овоз билан ғолиблар сафидан жой олди.

Ўз мухбиримиз

Cуратларда: ғолиб деб топилган лойиҳалар доирасида таъмирланадиган объектларнинг кўриниши.

"Open budget" порталидан олинган.

Report typo