Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

15.09.2020


ТЕРИМ ПУЛИГА ҚЎШИМЧА 200 СЎМ УСТАМА ҲИСОБЛАНАДИ

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан айрим ҳудудларда қўлда терилган бир килограмм пахта учун тўланиши тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ берилади. Улар сирасига Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари ҳам киритилган.

Қарорга кўра, 2020 йилда етиштирилган пахта хом ашёси йиғим-теримини ташкил этишда:

машинада терилган 1 тонна пахта учун - 920 минг сўм хизмат ҳақи тўлаш;

қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда -  1000 сўмдан, иккинчи теримда - 1400 сўмдан кам бўлмаган меҳнат ҳақи тўлаш;

пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ушбу нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари;

пахта хом ашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақини ҳар 5 кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди.

Шунингдек, қарор билан белгиланган тартибга асосан ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари билан мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади ҳамда терим отрядлари раҳбарларига пахта хом ашёси йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Қарор билан, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва   туманлар ҳокимликлари таълим,   соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хом ашёси йиғим-теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгиланди.

 

Report typo