Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жўрабек РАЖАБОВ

02.05.2017


ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ СИФАТИ ҚАЧОН ЯХШИЛАНАДИ?

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси, вилоят назорат-тафтиш бошқармаси ҳамкорлигида тиббиёт тизимида кечаётган ислоҳотлар жараёнида вилоятда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши қай аҳволда эканлиги ўрганилди. Шуни афсус билан қайд этиш керакки, жойларда бу борадаги тиббий хизматни қониқарли деб бўлмайди.

Хусусан, Шаҳрисабз, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ туманларида аҳоли томонидан тез ёрдам чақирилганда, чақирув навбатчи диспетчер томонидан ўз вақтида қабул қилинган бўлса-да, тез ёрдам бригадаси сусткашликка йўл қўйиб, айтилган манзилга ўз вақтида келмади. Яъни Шаҳрисабз туманидаги Оқдарё ҚФЙ Келдиҳаёт қишлоғида яшовчи бемор Гуландон Сайфуллаеванинг иситмаси чиққани юзасидан Шаҳрисабз туман тез тиббий ёрдам бўлимининг “103” рақамига соат 19:43 да қўнғироқ қилинди. Бироқ ҳадеганда улардан дарак бўлавермади. Қайта қўнғироқ қилинганда, диспетчер тез ёрдам бригадаси чиқиб кетганини маълум қилди. Орадан 35 дақиқа ўтгандан сўнггина навбатчи шифокор Фароғат Носирова белгиланган тартибда кийинмаган, бейжик тақилмаган ҳолда фельдшер Элдор Мардалиев билан кечикиб етиб келди.

Шу каби, тез ёрдам бригадасининг Яккабоғ туманида қарийб 50 дақиқа, Чироқчи туманида эса 1 соатга кечикиши ҳолати кузатилди. Чироқчи, Нишон туманларидаги чақирувда умумий амалиёт шифокорининг йўқлиги, фақат ўрта тиббиёт ходимлари томонидан хизмат кўрсатилаётгани аниқланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 13 февралдаги буйруғига асосан, тез тиббий ёрдам бригадаси биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонларнинг 41, тиббий жиҳозларнинг 39 турдагиси билан таъминланган бўлиши шарт. Лекин вилоятнинг барча туманларида мазкур буйруқ талаблари қўпол равишда бузилган. Тиббиёт қутиси керакли дори-дармон ва тиббий буюмлар билан тўлиқ таъминланмаган. Энг қизиғи, тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирининг юқоридаги буйруғи билан таниш эмас.

Барча туманлар тез тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчаларида деярли бир хил ҳолат: яъни чақирувлар қайд қилиш дафтарига рўйхатга олинмагани сабабли навбатчи шифокорнинг айни пайтда қайси манзилда эканини билиб бўлмайди.

Косон туманидаги Эсабой қишлоғи фуқаролари тез тиббий ёрдамга эҳтиёж сезиб қачон “103” рақамига қўнғироқ қилишса, алоқа тизимидаги чалкашликларга дуч келишмоқда.

Юқорида кўрсатилган мисолларда айтиб ўтилган муаммолар вилоятнинг барча туманларида кузатилди. Вилоятда тез тиббий ёрдам билан боғлиқ муаммолар талайгина. Тез ёрдам бригадаларининг дори-дармонлар, тиббий буюмлар билан тўлиқ таъминланмагани, зарур мутахассислар йўқлиги ҳам бор гап. Аҳолининг эътирози ҳақли.

Тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш, тизимни тубдан яхшилаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ниҳоятда долзарблиги билан аҳамиятлидир. Бугуннинг талаби ҳар бир раҳбардан мазкур вазифаларга бефарқ бўлмасликни, ўз ишига нисбатан талабчанлик ва масъулият билан ёндашишни тақозо этади. Буни айниқса, аҳоли саломатлиги учун масъул бўлган тиббиёт тизими мутасаддилари чуқур ҳис этишлари даркор.

Жўрабек РАЖАБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи

Report typo