Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

30.01.2017


ЎТГАН ЙИЛГИ РЕКОРД ЯНГИЛАНДИ

Таъкидлаш жоизки, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун абитуриентлардан тушаётган аризалар сони йилдан-йилга ортиб бориши мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.

Эътиборли жиҳати, жорий йилда вилоятимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун 49 минг 873 нафар абитуриент ариза топширди. Бу аввалги йилгидан 5 минг 170 тага кўп. Агар Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида бакалаврлар тайёрлаш бўйича умумий қабул квотаси 3420 та эканини ҳисобга олсак, талабалик бахтига эришиш истагида бўлганлар сони бир талабалик ўрни учун ўртача 14,6 нафарни ташкил этиши ойдинлашади.

Абитуриентлар ўртасида энг жиддий рақобат Қарши давлат университетининг меҳнат таълими йўналишида кечишига шубҳа йўқ. Чунки бу йўналиш бўйича ҳар бир талабалик ўрни учун 37 нафардан ортиқ абитуриент кураш олиб боради.

Жорий йилда абитуриентларнинг 1395 нафари Қарши давлат университети, 1800 нафари Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, 225 нафари эса Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали талабасига айланадилар. Қарши давлат университетида ўқишга қабул қилинадиган талабаларнинг 425 нафари давлат гранти, 970 нафари тўлов-контракт, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида 740 нафари давлат гранти, 1060 нафари тўлов-контракт, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши   филиалида эса 65 нафари давлат гранти, 160 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилда қабул жараёни сўнгги бор 20 июлгача давом этди. Келгуси йилдан эътиборан эса олий таълим муассасаларига ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Б.ЖОНИМОВ

Report typo