Қаршилик Илҳом Саидолимов вилоят қўғирчоқ театрида қўғирчоқ механизми ишчиси. Бугун у ясаган ўнлаб образлардаги қўғирчоқлар ўзига хос "тарбиячи"га айланган.
- Болалигимда бўш қолдим дегунча гоҳ асфальтга бўр ёрдамида, гоҳ тупроқли ерларга, қолаверса расм дафтарларига турли шаклларни чизиб кетаверардим, - дейди у. - Кейинчалик Қарши санъат коллежида санъат ва маданият борасидаги билимимни оширдим. Театрдаги фаолиятим давомида қўғирчоқ ясаш усуллари, эскизлар чизиш ва ниқоб тайёрлаш сирларини чуқур ўргандим.
Илҳом дастлаб "Ҳаёт сабоқлари" эртак томошасида Дангаса бола, Билағон каби образларни яратди. Кейинчалик "Чодир хаёл", "Мешполвон", "Тандир она саховати", "Муқбил ва Мудбир", "Тўрт эгизак", "Миттивойнинг саргузаштлари", "Мақтанчоқ қуён", "Ғаройиб ертутлар", "Миу номли мушукча", "Дўстлик уйи" каби томошалар учун эзгулик ва ёвузлик, ростгўйлик ва ёлғончилик, меҳнаткашлик ва ишёқмаслик каби турли феъл-атвор эгаси бўлган қатор образларни яратишга ҳисса қўшган.
Ўйинчоқлар боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши, ҳеч шубҳасиз, болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсганига ҳам боғлиқ. Буни чуқур англаган уста янги образ яратишга эҳтиёткорлик билан ёндашади.
Шу ўринда бир мулоҳаза: шиддат билан ривожланаётган ахборот ва техника асрида профессионал ишланган мультфильмлар, интернет ўйинлари олдида қўлда ясалган, оддийгина матодан ишланган қўғирчоқлар ёш авлоднинг диққатини торта олармикан?
Бу савол ҳар куни мутахассис устахонасига қадам қўйиши билан уни ҳам қийнай бошлайди. Аммо, театр томошаларига ташриф буюриб, саҳнадаги ҳар бир қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатларини жон-дили билан томоша қилаётган, ундан руҳий озуқа олаётган мурғак қалбларни кўргач, ўзини қийнаётган саволга жавоб топади.
Айни кунларда театр жамоаси "Бобурнинг ёшлиги", "Шумбола" эртак-томошалари устида ишламоқда. Янги яратилаётган эртаклардаги образлар ҳам болалар дунёсини бойитишга, меҳрибонлик, раҳмдиллик, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, яхши хулқ каби сифатларни шакллантиришга хизмат қилаверади.
С.АЛЛАЁРОВА