Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 июль, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯ БЎЛМАСА, ДУЧ КЕЛГАН ОДАМГА ПУЛ ТИҚИШТИРИШ МУМКИНМИДИ?

НАСРИДДИН

15.12.2020


ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯ БЎЛМАСА, ДУЧ КЕЛГАН ОДАМГА ПУЛ ТИҚИШТИРИШ МУМКИНМИДИ?

Тарки одат - амри маҳол, деганларидек, аввал фирибгарликка қўл урган кимса жазога тортилса-да, кейин барибир эски "ҳунар"ини давом эттираверар экан. Бўлмаса денг, Касби тумани Денов қишлоғида яшовчи М.Ю. аввал жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2019 йил 21 октябрдаги ва 2020 йил 25 августдаги ҳукмларига кўра, фирибгарлик ва пора бериш жиноятларини содир этгани учун 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосини олганди.

Аммо у бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига қинғир қилмишларидан қайтмайди. Чироқчи тумани Торжилға қишлоғида яшовчи таниши Х.А. билан тил бириктириб, одамларни алдаб пул топишга киришади.

Х.А. шу йилнинг 29 октябрь куни Қарши шаҳар Заҳокимарон маҳалласидаги чойхонага Чироқчи туманидаги Уйшун қишлоғида яшовчи Т.У.ни бошлаб келади ва унга "Сизни вилоят ИИБ жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи билан таништириб қўяман, ишингизни ҳал қилиб беради", дейди. Шундан сўнг бу ерга айтилган "бошлиқ" - М.Ю. кириб келади. Меҳмоннинг Чироқчи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят иши юзасидан жабрланувчи эканлигини билгани ҳолда, унга тан жароҳати етказган айбдор шахсларга нисбатан қаттиқроқ жазо чораси қўлланишига ваъда қилади ва эвазига 700 минг сўм олади.

Аслида қўлидан ҳеч нарса келмаслиги маълум бўлгач эса М.Ю. олган пулни қайтариб беришга мажбур бўлади ва шу йилнинг 25 ноябрь куни 700 минг сўмни эгасига бераётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

М.Ю.нинг фирибгарлик билан пул топиш борасидаги иши шу билан чекланмаган экан. У Чироқчи туманидаги Торжилға ва Шўрқудуқ қишлоқларида яшовчи С.Б. ҳамда С.Т.нинг ички ишлар органларига ишга кириш учун ҳужжат тайёрлаб юрганидан хабар топади. Сўнг бирданига вилоят ички ишлар бошқармасида ишловчи    масъул шахсга "айланиб" қолади. Эскидан шерик Х.А. чироқчилик йигитларни "мансабдор" билан таништириб қўяди. М.Ю. йигитларга ички ишлар органлари хизматига кириш учун номзодлар танловидан ўтказиб қўйишини, лекин бунинг учун кадрлар    бошқармаси бошлиғига пул бериши кераклигини, шундагина уларнинг иши осон битиб, 2-3 ой ичида хизмат кийимини кийиб, ишга киришишлари мумкинлигини айтади.

Шунга кўра, 2020 йил ноябрь ойи давомида улардан ҳарбий гувоҳномалари ва жами 2 минг 300 АҚШ доллари ва 3 миллион 800 минг сўм нақд пулларни Қарши шаҳрининг турли жойларида қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Вилоят ИИБдан хабар беришларича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Албатта, ҳар қандай киши қилмишига яраша жазо олиши керак. Аммо айни ўринда бир мулоҳаза ҳам туғилади-да: хўш, бу кимса қайта-қайта боши тошга урилса-да, нега ўзини ИИБ ходими сифатида кўрсатишдан тап тортмади? ИИБ ходимига айланиш шунчалар осонмики, йигитлар ҳам ўйламай-нетмай дуч келган кимсага пул тутқазиб кетаверди? Бордию тизимда коррупция бўлмаса, кўчада юрган, соҳага алоқасиз кимса ўзини ходим сифатида кўрсатиши, бўз болалар ҳам унга отасига ишонгандай ишониши қандайдир ғайритабиий эмасми?

НАСРИДДИН 

Report typo