Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 февраль, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

06.08.2021


"ЎТКАН КУНЛАР" "БОБУРНОМА" ТАЪСИРИДА ЁЗИЛГАНМИ?

Сараланган сатрлар

Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб "Бобурнома" ва Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асарларини нима боғлаб туради, улар орасидаги муштараклик нимадан иборат? Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим яқиндагина ўқувчилар қўлига етиб борган "Икки даҳо - икки бебаҳо" деб номланган мўъжаз китобида 400 йил фарқ билан яратилган икки китоб орасидаги уйғунликка эътибор қаратади.

Бунда муаллиф "Бобурнома ўқиётган Отабек", "Сўз уринди, сўздан сўз чиқди", "Шакл ва шамойил тавсифи", "Одимлар ва қадамлар", "Жон қадри - умр мазмуни", "Ийжоз мақоми", "Икки тилчи", "Гул ва чоғир", "Замон ўлчови", "Китоб - восита" деб номланган мавзулар орқали Бобур ва Қодирийга хос умумий хусусиятларни баён қилади. Ўзаро қиёс асносида эса ўқувчининг буюк асарлар борасидаги билимлари бойиб боради. Мутолаа асносида эътиборсиз қолган жиҳатларга синчков назар сизни бефарқ қолдирмайди. Қуйида китобдан айрим муҳим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

"Бобурнома"да қўлланган бир қанча нодир сўзларни Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар"да ишлатади; ўз ўрнига тушган жонсўз романга жозиба бағишлайди.

Отабекнинг қутидор эшигидан қувилиб, Тошкентда нисбатан узоқ қолиб кетган кунларининг бирида Ҳасанали ундан Марғилонга кетмай юриши сабабини сўрайди. Отабек: "Ҳавсала йўқ", дегач: "Қайин отангиз кўнса, кўчингизни олиб келсангиз ҳам маъқул эди қатнаб юрғандан...", дея таклиф айтади. Бу ўринда "кўч" - хотин, оила маъносида. Ўзбек ойим Офтоб ойим билан Кумушга қараб: "Ахир маним ҳам ўзимга яраша обрўйим бор. Тошкандда кимсан, Юсуфбек ҳожи деганнинг кўчиман. Худоёрхон ҳам бир кун кечаси келиб бизга меҳмон бўлдилар...", деб гина қилади.

Айнан "Бобурнома"да ҳам "кўч" сўзи "оила, хотин" маъносида келади. Бобур 1497-1498 йил воқеаларида ёзади: "Беклар ва ичкилар ва йигитларким, менинг била қолиб эдилар, аксарининг кўчлари Андижонда эди". Бошқа мисолларга қараймиз: "Менинг онамни ва улуғ онамни ва баъзи менинг била қолғонларнинг кўчлари била Хўжандқа менинг қошимға йибордилар"; "Менинг волидаларим ва кўч ва улуғларим мен Андижондин чиқғандин сўнгра юз ташвиш ва машаққатлар била Ўратепа келиб эдилар...";  "Ушбу кун Мулло Алихонким, Самарқандға кўчини келтурғали бориб эди, келиб мулозамат қилди". "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да "кўч" сўзи "1.кўчиш пайти ташиладиган уй-рўзғор буюмларидан иборат юк" ҳамда "2.аҳли аёли, хотин (эрига нисбатан)" тарзида изоҳланган. Эрининг уйига ота уйидан кўчиб ўтгани учун ҳам ўтмишда хотин "кўч" деб аталган.

Буйруқ феълининг "кўч" шаклидан фарқли ўлароқ ҳозирги ўзбек адабий тилининг от сўз туркумида "кўч" ёлғиз қўлланмайди. Кўпинча жуфтлашиб "кўч-кўрони" тарзида луғатдаги изоҳнинг биринчи маъносига мос ишлатилади.

Ҳозирда "кўч" сўзини "оила, хотин, бола-чақа" маъносида ишлатиш оғзаки нутқда ҳам, ёзма адабиётда ҳам кузатилмайди. Тасаввуримизча, "Бобурнома"даги "кўч"лар семантик жиҳатдан Абдулла Қодирийнинг "кўч"ларига уйғун келади.

* * *

"Ўткан кунлар" романида орадан ўтган йиллар суронига боқиб Мирзакарим қутидор: "Умр - отилған ўқ эмиш", дейди; аслида умр мазмуни устида фикрламайдиган, ҳаёт моҳиятини ўйлаб кўрмаган одам кам бўлади. Зеро, Ватан, ишқ-муҳаббат, ҳаёт, ўлим, садоқат, дўстлик, инсоннинг дунё қараши бадиий ижоднинг доминант мавзулари саналади. Рус адиби Лев Толстойнинг: "Агар инсон фикрлашни ўрганган бўлса, нимани ўйлашидан қатъи назар - у ҳамиша ўлим тўғрисида фикр юритади" деган мазмунли гапи бор. Жон қадрини, синовли дунё ўткинчилигини, имтиҳонни, ўлимни эслаш - ўзлигини англаган ориф инсонга хос фазилат. Бобурнинг бошига турли кўргиликлар ёғилиб, омад ундан юз ўгирган ва душмани Аҳмад Танбал одамлари изига тушиб таъқиб этган, шоир ўз таъбири билан айтганда "иш тадбирдан ўтган" кунларнинг бирида у: "Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш", деб ёзади.

* * *

"Ўткан кунлар"да ёзувчи: "Дарҳақиқат, бизнинг қаршимизға йўлбарс чиқса, биз қаттиқ қўрқамиз, чунки бизни ўлум кутадир, инсон учун дунёда ўлумдан қўрқунч нарса йўқ", дейди.

* * *

Абдулла Қодирий ўзининг бетакрор бадиий асарлари билан ўзбек адабий тилининг бойлигини исбот этди; ўрни келганида шева сўзларидан унумли фойдаланди. Адиб халқ тилида қўлланадиган "чип" сўзи учун "ғов, баррикада" маъносида, бошқа бир саҳифадаги диалогда келган "эшик" сўзини "Фарғонада ҳовлини эшик дейдилар" деб изоҳлайди. Ҳомид Жаннат опага "гузардан чиқиб бир чорак эт келтириб, шўрба қилиб берсангиз" дейди. Ёзувчи "бир чорак"ни "уч ярим-тўрт қадоқ чамаси тошдир" деб изоҳлайди. Бугунги ўқувчи учун бир қадоқнинг 409,512 граммга тенг оғирлик ўлчов бирлиги эканини эслатишга зарурат бор. Бошқа бир эпизодда узоқ айрилиқдан кейин қайта учрашган Кумуш Отабекка "Сиз энди қирчиллабсиз!" деб айтади. Адиб "қирчиллаш" сўзига: "Қирчиллаш - одатда қорга айтиладир. Масалан, қаттиғ совуқда ёқған қор қирчиллайдир. Шундан олиб, айни етилган йигитларни қирчиллама йигит, дейдилар" тарзида романнинг асосий контекстидан ташқарида изоҳ ёзди.

* * *

Бобур "Бобурнома"да жой номлари, турли тарихий шахслар, мамлакат, шаҳар ва қишлоқларнинг тавсифи, турфа урф-одат, удумлар, ҳайвонот, наботот олами муносабати  билан кўп сўзларга изоҳ ёзади. Масалан: "Яна ҳинд эли ададни ҳам хўб тайин қилибтурлар: юз мингни "лак" дерлар, юз лакни "курур" дерлар. Юз курурни "арб" дерлар. Юз арбни "карб", юз карбни "нил", юз нилни "падам", юз падамни "сонг". Бу ададларнинг тайини Ҳиндустон молининг кўплугининг далилидур". Тилшунослар фикрича, Бобур икки юздан ортиқ сўз этимологиясига аниқлик киритади.

* * *

Бобур ўғли Ҳумоюнга ёзган жавоб мактубида набираси исмининг маъносига, хатида йўл қўйган имло хатоларигача эътибор беради. Энг асосийси услубига нисбатан: "Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити: ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға", деб ўзи қўллаган усуллардан қимматли ўгит беради. Бундай мулоҳазалар барча давр фарзандлари учун оталар айтган умрибоқий насиҳатдир. Бобур билан Абдулла Қодирийнинг асар, битик, мактуб, иншони аниқ ва тиниқ ёзиш хусусидаги фикрлари ўзаро уйғун. Қодирий фикрича, ёзганларига "ёзувчининг ўзигина тушуниб бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб", "фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрин бермаслик лозим". Ёш ёзувчилар ўз асарларига бировнинг сўнгсўз ёки сўзбошиси билан тумор таққандан ёки нашриёт муҳаррирларга ортиқча иш қолдиргандан кўра ўз сўзларида собит туриб, "бир соатда эмас, ўн соатда ёзишлари" ва ёзганларини "бир қайта эмас, ўн қайта тузатишлари кишининг ёрдамига термулишга қараганда ҳам фойдалик, ҳам умидликдир".

* * *

Отабекнинг "Бобурнома" ўқиши бежиз эмас. Абдулла Қодирийнинг бошқа қаҳрамонларини ҳам маълум ва машҳур китоблардан насибадор қилади. Дейлик, Юсуфбек ҳожига Қуръони карим ва "Далойил ул хайрот"ни, ошиқларга Фузулийнинг "Девон"ини ўқитади. Раъноси эса Навоий, Фузулий, ўзларига замондош шоирлардан Амирий билан Фазлий Намонгонийни ўқиган. Қодирийнинг иккинчи романи "Чаённинг намойиши" фаслида масжиддаги ҳужралардан бири тасвири келади. Ҳужра токчасига "Шарҳ мулла Жомий", "Ал-виқоя маъалҳавоший", "Ҳикматул айн", "Алвиқоя", "Сияри шариф" каби мўътабар китоблар тахлаб қўйилади. Калоншоҳ мирзо, Шаҳодат муфти, Абдураҳмон домла шу китобларни ўқиганми - ўқиган эмасми? Адиб уларнинг қўлларига бу китобларни тутқазмайди. Токчага тахлаб қўяди. Ўқилмаган китоб - очилмаган тилсим. Ўқиганлар билан ўқимаганлар ҳеч қачон бир-бирлари билан тенг келмайди. Ўқиганлар олим, уламо бўлади, ўқимаганлар кўнглига шайтон оралайди, ғийбату ғурбатлар билан машғул бўлишади.

* * *

Адиб романи учун ном танлаши хусусида ҳам бир фикр бор. Мутахассислар орасида "Ўткан кунлар"ни Абдулла Қодирий татар адиби Олимжон Иброҳимовнинг "Бизнинг кунлар" романи номига уйқаш қўйган, деган гап бор. Ҳолбуки матнда аниқ битилган бир жуфт сўз, "Бобурнома" мутолааси туфайли адиб шуурига муҳрланиб қолмаганмикин, деган фикр келади. Сарсон-саргардон кезган 1502-1503 йиллар воқеалари охирида Бобур шундай ёзади: "Ўшал замон отланиб, Андижон тарафиға юруй бердук. Икки кун бўлуб эрдиким, ҳеч таом емайдур эдим. Намози пешин бўлуб эдиким, бир қўйни топиб келиб, бир ерда тушуб, ўлтуруб, кабоб қилдилар. Ўшал кабобдин тўйғунча едим. Андин сўнгра отланиб беш кунлук йўлни икки кеча ва кундуз илғор қилиб келиб, Андижонға кириб, улуғ хон додам ва кичик хон додамни кўрунуш қилдим ва ўткан кунларни тамом баён қилдим". Роман мавзуини "яқин ўткан кунлар"дан танлаган Абдулла Қодирий ҳам Туркистон ўтмишини, Қутидор эшигидан қувилган Отабекни хаёлан ўткан кунларига қайтаради; сўнгра адиб ўз қаҳрамонига унинг "ўткан кунларини заҳар билан булғаб келган" мудҳиш душманларини танитади ва манзарани тиниқлаштириб воқеликни имкони борича батамом ростлик рутбасида баён қилади.

* * *

"Бобурнома" матнида баъзан бирор воқелик ёнида оят ва ҳадислардан парчалар келади. Абдулла Қодирий мумтоз эпик анъанага мос равишда ўз асарларининг айрим саҳифаларида замона ҳазми кўтаргунча  "Ҳар бир нарса ўз аслига қайтади", "Аллоҳ сабр  қилгувчилар билан биргадир", "Агар бир қавмнинг иши ноаҳил одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил", "Ҳар ишнинг ўртачаси яхши", "Қаноатли азиз, таъмали киши хордир" каби айрим оят ва ҳадисларни қўллайди.

Ёки: "Бобурнома"да шоир кўнгилли Бобур шижоатли фотиҳ  қиёфасига эврилганда "калла минор"лар тиклашни буюради. "Ўткан кунлар"да ҳам "инсон бошидан турғузилған" айрим тепаликлар кўзга ташланади. Бу каби мавзулар қиёси учун яна бир неча саҳифаларни қоралаш мумкин...

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo