Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

16.11.2023


ҚУЁШ ҲАМ ЭНГ ЮКСАК НУҚТАГА КЎТАРИЛИБ, КЕЙИН ЗАВОЛГА ЮЗ ТУТАДИ

Сараланган сатрлар

Мумтоз асарлар чуқур фалсафаси, теран маъно-мазмуни, кишига ҳаётдаги ўрнини англатиши туфайли сарфланган вақтни оқлайди. Алишер Навоий қаламига мансуб "Лисон ут-тайр" достони рамзийлиги билан дунё адабиётида ўхшаши йўқ асардир. Тўғри, кейинги асрларда унга ўхшатиб, ғояси кўчириб ёзилган асарлар кўп, бироқ оригиналлик масаласида "Қуш тили"га етадигани бўлмади, бўлмаса ҳам керак.

Асар ҳақида мактаб дарсликларида у-бу шарҳлар ўқиганмиз, холос. Аслида бундай китоблар болалар учун эртак шаклида, катталар учун ҳам аслиятда, ҳам насрий баёнда кенг тарғиб этилиши керак. Бугун дунёда турли мукофотларга лойиқ кўрилаётган, адабиётда янгилик сифатида эътироф этилаётган асарларни ўқинг - Навоийнинг яқинига ҳам йўлай олмайди. Навоийда сюжет, фалсафа, тугун, ечим - ҳаммаси ўта усталик билан кўрсатиб берилади.

"Лисон ут-тайр"ни ўқинг, қушлар тимсолида инсон, унинг ўзлиги, бугун ва охири ҳақида кўп нарсаларни қайта сарҳисоб қиласиз...

*  *  *

Бутун оламни яратишдан мақсад инсон бўлиб, у ҳамма мавжудот ичида тенги йўқдир. Инсон кўнглини турли билимлар хазинаси қилди ва бу тилсим ичида Аллоҳ ўзини яширди. Инсоннинг ажойиб жисми бир махфий сир хазинаси ўлароқ ўзида ана шу ганж тилсимини сақлайди. Бу тилсим жон бўлиб, у ўша хазинада туради ва унга посбонлик қилади.

*  *  *

Мустафодан кейин Абу Бакр Сиддиқ халифалик тахтига ўтирганида, диндан қайтган бир гуруҳ кишилар дин йўлида адоват қилиб, жанжал бошладилар. Улар ислом сутунларини қулатиш учун закотни бекор қилишни талаб қилдилар. Халифа ғазаб билан шундай хитоб қилди: "Пайғамбар қонунида бирор ип миқдорича нарсани ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Кимки бунга қарши бош кўтарса, уларга жавоб қилич ва ўқ бўлади!"

Шариат ишига шунчалик қатъийлиги учун ҳам унинг номи то бу замонгача етиб келгандир. Бундай қатъийликни ким қила олади? Фақат ғорда пайғамбарга дўстлашган Абу Бакр!

*  *  *

Шундай бир нақл бор: халойиққа саодат юлдузи бўлган пайғамбар бир куни элдан фароғат истаб, бир хилватга кириб, бир оёғини узатиб ўлтириб эди. Унинг ҳузурига баъзи зодагон суҳбатдошлардан, баъзи азиз ва айрим шариф дўстларидан кириб боришди. Пайғамбар авзоида ўзгариш бўлмади. У бемалол яхши хаёллар билан тин олиб ўтирди.

Бироқ хонага Усмон киргач, миллат шами узатган оёғини йиғиб олди. Чунки Усмон жуда ҳаёли киши бўлиб, Расулнинг у ҳолидан аҳволи ўзгариши мумкин эди. Шундай Пайғамбар ҳурматини жойига қўйган зот ҳақида ҳар қандай кимсалар ҳар нима десалар беҳудадир.

*  *  *

Одам деган ташқи гўзаллик ҳақида сўз айтмайди. Кимки, ундан фахр этар экан, уни одам қаторига қўшиб бўлмайди! Ноз ва ҳусн фақат дилбар қизларгагина ярашади. Эр киши эса дард ва машаққат чекиши билан яхшидир. Барча шакл аҳли учун энг шарафли иш ана шудирки, у шаклдан маъно томон олиб боради. Сен ўз шаклингга бино қўйдинг, бунинг учун кишилар томонидан масхара этилишга лойиқсан. Чунки инсон ўз ташқи гўзаллиги билан фахрланмайди, агар фахрланса, у масхаралашга сазовордир!

*  *  *

Сен ўз ишқинг ҳақида бунчалик кўп ғавғо қилаверма! Айтганларинг ишқ эмас, бошдан-оёқ шунчаки бир ҳавасдир. Бас, у ҳавас бўлгач, эй бехабар, у ҳақдаги гап-сўзингни йиғиштир! Оламда сен каби нафсга бўйин эгувчи бирон-бир нодон бўлмаган.

Сен ўзингни зўрлаб ошиқ сифатида кўрсатиб, ишқ аро ҳар хил ғавғолар кўтардинг. Йилда бор-йўғи беш кун чаманда очилиб турадиган, ўн кун ўтмай тупроқ узра хазон бўлиб сочиладиган вафосиз ва умр боғида бақосиз бир чечак учун шунчалик ғавғоми?!

Киши бу хил гўзалликка ошиқ бўлмагани яхши, чунки у ошиқ бўлишга лойиқ эмасдир. Шундай нарсани маъшуқ деб билки, юз хастаҳол ўлса ва йўқолиб кетса ҳам у завол нималигини билмасин. Гарчи сенинг бу ишқинг шайдолик бўлиб кўринса ҳам барибир охири расволик билан тугайди.

*  *  *

Бир уқувсиз боғбон бор эди. У боғбонлик санъатидан бехабар эди. У на дарахтга пайванд қилиб, ундан ҳузур-ҳаловат берувчи мева олишни, на дарахтларни парвариш қилиб ўстиришни ва на ўз вақтида гули ҳосилга кира оладиган дон сепишни биларди. Боғ аро хас-хашак териш билан хурсанд эди. Аслида уни боғбон эмас, хашакчи дейиш керак эди. У шу тарзда заҳмат чекиб, ўз умрини ўтказар эди. Яқин ўртоқлари унга бу хил самарасиз ишни ташлаб, ўзингни фойдали иш билан овут, деган тарзда панд-насиҳатлар қилар, у эса буларга сира қулоқ солмас эди. Жоҳил боғбон бу машаққатли иш билан шуғулланишни тарк этмади. Кунлардан бир кун у жўяклар оралаб ток кесиб юрганида, уни илон чақиб ўлдирди.

*  *  *

Уммон соҳилида савдо ишлари билан шуғулланиб, денгиз савдосида бойишни кўзлаган савдогарлар кўплаб учрайди. Улар пасткаш ғаввосларга беш-ўн дирҳам бериб, катта фойда умидида бўладилар. Ўз жонларини юз ранж ўтига дучор қилган бу ғаввослар денгиз қаъридан садаф излайдилар. Агар улар топган садаф ичида хоҳ минг дона бўлсин, хоҳ подшолар тожини безовчи дури шоҳона бўлсин, барибир бу ғаввосга ҳақ тўлаганнинг мулки ҳисобланади. Савдогар ана шу тарзда ҳақиқий гавҳарни қўлга киритади, ғаввос эса арзимайдиган бир-икки чақага эга бўлиб қолаверади.

*  *  *

Бир кун Искандар шундай қарорга келиб, ўзини ўзи элчи деб тайинлади. Унинг бу иши худди Симурғ (қушлар подшоси)га нома элтувчи кабутарни эслатарди, яъни у шоҳ мактубини олиб борувчи элчи вазифасини бажариши лозим эди. У ўша элчи бориши керак бўлган мамлакатга элчиларга хос тартибда етиб борди ва у ердаги кишиларга "Искандарнинг сўзи будир..." деб айтди. Қизиғи шуки, унинг ўзи Искандар эди. У худди элчилардек сўз баён этар, ўзи ўз ҳукмини уларга етказар эди. Халқ унинг Искандар эканлигини қаердан билсин?! Ҳамма уни мамлакат ҳокимининг чопари деб ҳисобларди. Элга саноқсиз фармонлар етказиб, элчи сифатида ўз мақсадини амалга оширди. Бу ҳолатни халқнинг мингдан бири ҳам билмади, ҳеч ким бу парда нақшида қандай мақсад бор эканлигини пайқамай қолди.

*  *  *

Ишқ шундай бир денгиздирки, унинг поёни йўқдир. Ундаги ҳар бир пуфак бепоён осмонни эслатади. Ишқ бир оламдир, аммо ниҳоятда кенгдир; ишқ бир осмондир, аммо жуда юксакдир. Унда энг кичик Суҳо юлдузи чархни тескари қилади, унда пашша анқони ожиз эта олади. Агар ишқ ўтидан бирор учқун етса, у юз яшиндан кўпроқ зарар етказади. Бу денгиздаги ҳар бир қатра ҳеч бир шаксиз олам юзини бало сели билан хароб қила олади. Агар ишқ тиғи юз минг қирғин зоҳир этса, унинг олдида на қасос олишнинг, на хун пули тўлашнинг маъноси бўлади! Ишқдан кўп офат чеккан киши ўз жонига миннат қўйиш билангина чора топади.

*  *  *

Қавм орасида сардор бўлмоғи шарт. У қавм ҳолидан хабардор бўлиб туради. Агар бундай бошлиқ бўлмаса, қавмнинг ҳоли паришон бўлиб, барча ўз ҳолига ҳайрон қолиши турган гап. Агар чўпон қўйни ўт ва сувга йўллаб турмаса, бу сурувни ҳалок бўлди деб гумон қилавер. Ҳар бир жамоатда пешво йўқ экан, унинг йўлга қадам қўймоғи мумкин эмасдир.

*  *  *

Пок юракли кишилар кимгаким назар ташлар экан, бу назар тупроқни кимёга айлантиради.

*  *  *

Тана қанчалик мажруҳ ва заиф бўлмасин, ҳиммат юқори бўлса, бундан нега ғам чекиш керак?! Чунки бу иш бешак ишқ ишидир: кимки ошиқ бўлмаса, у инсон саналмайди.

*  *  *

Эй ҳирсга берилган нотавон! Нафс зулми кўнглингни жароҳатлабди. Туну кун нафснинг маҳкуми бўлиб, ўзингни шу бемаъни ҳангома билан овутасан. Нафс неки амр этган бўлса, унга бўйсунгансан. У сендан баланд келиб, сен унга мағлуб бўлгансан. У буюрмасдан туриб, бирор марта ўзингча нафас олмагансан. У нима ҳавас этган бўлса, сен ўшани бажариб келгансан. Умрингни унинг фармонига сарф этгансан. У қаерни орзу қилган бўлса, унинг орқасидан эргашгансан. Нафс сени худди эшак каби нўхталаб, орқангга миниб олган. У сени қаёққа етакласа, ўша ёққа кетасан, "юр" деса юрасан, "тўхта" деса тўхтайсан. Агар сен ёш болалик чоғингда унинг асири бўлиб, беҳуда ўйин-кулги билан ғафлатга чўмган бўлсанг, йигитлик чоғингда ҳам ундан айрилмадинг, бир лаҳза ўз ҳолингга боқиб, ўйлаб кўрмадинг. Мана энди қариликка қадам қўйдинг, аммо ўз одатингни ташламай, фисқу фужур ва исён қилиш билан шуғулланасан. Бутун умринг ана шу ғафлат ва итоатсизликда ўтди. Энди юз минг армон билан ўлиш маҳалинг етди. Умринг ўтиб кетса ҳамки, Аллоҳ амрини сира ёд этмадинг, адашиш ва ёмонликдан бошқа йўлни тутмадинг! Бутун оламни қидирса сен каби умрини беҳуда ўтказган ғалати бир зот топилмаса керак! Тириклик чоғингда бу хил ғафлатга ботдинг, ўлганингдан кейин, кўр, қандай ҳолатга тушар экансан.

*  *  *

Ноинсоф киши - одам эмас. Одам инсоф истамайди, аммо беради. Ҳақиқат аҳли кишилардан инсоф талаб қилмайди, чунки уларнинг ўзи инсоф эгасидир. Агар кимки ўзи инсофли бўлмасдан, ўзгадан инсоф талаб қилса, у ҳақиқий ноинсофнинг ўзгинасидир.

*  *  *

Ўз камолоти ҳақида мақтаниш жаҳолатдан ўзга нарса эмас. Кимки ўзини комил деб ҳисоблар экан, у албатта нуқсонлидир. Чунки ундаги бу нуқсон унга камолотга эришиш учун йўл бермайди.

Зеро, қуёш ҳам туш пайтида ўзини баркамол кўриб, энг юксак нуқтага кўтарилдим, деб ўйлайди, аммо шу ондаёқ унга завол юзланади, яъни у пастга қараб бота бошлайди. Негаки, унинг чиндан ҳам камолоти бор эди, аммо уни кўрган заҳотиёқ заволга юз тутди.

Ўзини комил деб ҳисоблаган нуқсонли киши гўё ёмон одамнинг ўзини яхши кишига нисбат этганидек бир гап. Бундайларни тузатиш қийин иш ҳисобланади. Чунки уларнинг биноси кибр билан ғурурдан қад кўтарган.

Эй нотавон, шуни билки, сен гумон қилган камолот соф нуқсоннинг ўзгинасидир.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo