Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 май, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

04.04.2024


ҲУКУМАТ УЧУН ХАЛҚ, ХАЛҚ УЧУН ҲУНАР, ҲУНАР УЧУН ИЛМ, ИЛМ УЧУН АҚЧА ЛОЗИМДУР

Сараланган сатрлар

Кейинги йилларда юртимизда жадид маърифатпарварлари фаолиятига қизиқиш кучайгани, улар қолдирган илмий, адабий меросни ўрганиш кенг тус олгани бежиз эмас. Миллат фидойилари юз йил аввал давлат ва жамият тараққиёти ҳақида қайғуриб, турли муаммоларни ҳал этиш йўлларини излашганки, уларнинг кураш услуби, жўшқин фаолияти бугунги ва кейинги авлодларга хулоса ўлароқ ўрнак-намуна бўла олади.

Жадид адабиётининг йирик вакили шоир, драматург Абдулла Авлоний (1878-1934) мактаблар очиб, ўзи муаллимлик қилиши баробарида қатор дарсликлар ҳам тасниф этгани яхши маълум. "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ", "Биринчи муаллим", "Иккинчи муаллим", "Мактаб Гулистони" каби китоблари бир неча бор нашр этилгани улар нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

"Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ" асари ўзбек классик педагогикасининг ажойиб намунаси сифатида эътироф этилади. Форс мумтоз шоири Саъдий Шерозийнинг "Гулистон" асаридан таъсирланиб ёзилган ушбу битиклар ёшлар тарбиясида бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қуйида саралаганларимиз фикримизга далил бўлишига эса ишончимиз комил.

*  *  *

Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билуб, иқрор қилуб тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур. Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: "Мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроқи йўқдур. Мўмин банда яхши  хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутуб ибодат қилган кишилар даражасига етар", - демишлар.

*  *  *

Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, "Аллоҳу акбар" бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур.

*  *  *

Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилган каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига "яхши хулқ" деган давони ичидан, "поклик" деган давони устидан беруб, катта қилмоғи лозимдур.

*  *  *

Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила териси кабидур. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопоннинг устини қўйиб астарини ювуб овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур.

*  *  *

Ҳукамолардан бири: "Агар ақлингни қўли нафсингни жиловини ушласа, сани ёмон йўлларга кирмоқдан сақлар. Ҳар нарса кўп бўлса, баҳоси арзон бўлур, ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур", - демиш.

*  *  *

Дангасалик ҳар вақт инсонни хор, тама балосига гирифтор қилур. Бир ишга машғул бўлган кишилар вақтнинг ўтганини билмас, ялқов кишилар учун бир соат ўткармак қиёматдан қийиндур. Ғайрат вужудимизга қуввати масъуд ва бахтиёр бўлишимизга сабабдур. Шунинг учун ҳар биримиз саъй қилуб, ўз кучимиз ила маишатимизга керак бўлган нарсаларни топуб, бошқаларга муҳтож бўлмай роҳат-роҳат яшамоқ лозимдур.

*  *  *

Ғайрат имона, салобати виждона далолат этар. Ҳазрати Умар эшик олдида бекор ўтирган бир кишини кўруб: "Ғайратсиз кишилардан Худо безор, исломият ғайрат ила ривож топди, сандек ялқов кишилардан  исломият ҳазар қилур",  демишлар.

*  *  *

Ҳозирги замонда ботирлик - бойликда, қайси давлат ва миллатнинг давлати бўлса, шул устун бўлмакдадур. Чунки ҳукумат учун халқ, халқ учун ҳунар, ҳунар учун илм, илм учун ақча лозимдур.

*  *  *

Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур. Чунки илмсиз кишилар ота-онасига, қариндош-уруғига, ёр-дўстига, дин ва миллатига фойда еткурмак бир тарафда турсун ўз устига лозим бўлган ибодат ва тоатни ҳам лойиқича қила олмас.

*  *  *

Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозуъга, ёмонликни яхшиликға айландурмакға қуввати етар.

*  *  *

Дунёда чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимдур.

*  *  *

Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан - уюридан айрилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар.

*  *  *

Инсониятнинг илдизи ўлан раҳмдиллик, ҳақшунослик, одиллик каби энг яхши сифатларнинг онаси ҳаққониятдур.

*  *  *

Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса синчиклаб қараган нарсалардан бир ҳисса олмай қўймаслар.

*  *  *

Ҳаё деб ишда, сўзда адабни риоя қилмакни айтилур. Ҳаё дилни равшан қиладурган бир нурдурки, инсон ҳар вақт шул маънавий нурнинг зиёсига муҳтождур. Шариат буюрмаган, одамлар суймаган ишларни ишламак - ғийбат, ҳажв, масхара, сафсата, сўкув каби одамларнинг нафсига, иффатига тегадурган адабсиз сўзларни сўзламак зўр ҳаёсизликдур.

*  *  *

"Ёҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқуб кетдук. Яхши қўшнингдан олгунча ёмон уйингни қидир", демишлар. Боболаримизга етушғон ва яраган муқаддас тил ва адабиёт бизга ҳеч камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак йўқолганларини ҳам топармиз. "Йўқолса йўқолсун, ўзи бошимга тор эди",  деб Ёврупо қалпоғини киюб, кулги бўлмак зўр айб ва уятдур.

*  *  *

Агар сўз ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлуб, ўзига ёки эшитувчига бир фойда чиқадурган бўлмаса, асаларилари орасида ғунғуллаб юрган қовоқари каби қуруқ ғўнғулламоқ фақат бош оғриғидан бошқа бир нарса эмасдур. Бошимизга келадурган қаттиғ кулфатларнинг кўпи юмшоқ тилимиздан келадур. Шунинг учун: "Кўп ўйла, оз сўйла",  демишлар.

*  *  *

Мол қадрини билувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас.

*  *  *

Боболаримизнинг "бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар" замонлари ўтуб, ўрнига "билган битар, билмаган йитар" замони келди. Америкалилар бир дона буғдой экиб, йигирма қадоқ буғдой олурлар, ёвруполилар ўзимиздан олган беш тийинлик пахтамизни кетуруб, ўзимизга йигирма беш тийинга сотурлар. Аммо биз осиёликлар, хусусан, туркистонликлар, думба сотуб, чандир чайнаймиз: қаймоқ беруб, сут ошиймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз. Сўзнинг қисқаси, ҳозирги замонга мувофиқ киши бўлмак учун илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас саъй, битмас ғайрат лозимдур.

*  *  *

Дунёда умиддан яхши нарса йўқдур. Ҳамма инсонлар умид орқасида яшарлар. Ноумид шайтондур, умидсиз кун кечурмак мумкин эмасдур. Бойлар мол умидида, шогирдлар илм умидида кеча-кундуз тиртишурлар. Агар бойлик, олимлик умиди бўлмаса эди, кеча-кундуз жонларини фидо қилуб, кўзларининг нурларини умид орқасида тўкмас эдилар.

*  *  *

Ҳазрати имом Ҳусайнга ҳазрати Али: "Сўзингда тўғри бўл, ёлғончилар каби мунофиқ ўлинмассан", деб насиҳат қилмишлар. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: "Тўғриликни ихтиёр қилингиз, гарчи ҳалокат каби кўринса ҳам, нажот тўғриликдадир. Ҳар қанча нажот каби кўринса ҳам, ёлғондан сақланингиз, зероки оқибати ҳалокатдур", демишлар.

*  *  *

Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлиқдур. Адолатдан айрилган подшоҳларнинг давлатлари йўқ бўлуб, тарих саҳифаларида фақат исмлари қолганлиги ҳаммага билгулидур.

*  *  *

Олижаноб кишилар узрни қабул қилур. Бир киши қусур ва қабоҳатини бўйнига олуб узр айтса, афв қилур, кечирур. Катталик ва улуғликнинг лаззати бировдан ўч олмакда эмас, балки афв қилмакдадур.

*  *  *

Имом Шофеъий ҳазратлари: "Қилич ва найза ила ҳосил бўлмаган кўп ишлар юмшоқлик ва мулойимлик ила ҳосил бўлур. Ғазабнинг зарари эгасига қайтур", демишлар.

*  *  *

Инсон бошқа гуноҳларни нафсининг лаззати учун қиладур. Аммо ғийбат соҳиби лаззат ўрнига ўз бошига ёки бир бошқа кишининг бошига бир бало ҳозирлайдур. Чунки сўз боруб ғийбат қилинмиш кишининг қулоғига етар. Ғазаб қони ҳаракатга кирар, ғийбатчидан ўч олмак фурсатини пойлар. Шундай қилуб, ғийбат соясида икки мусулмон орасига зўр душманлик тушар. Охири ўлимгача боруб тиралур. Шул тариқа ғийбатдан туғулган адоват чўзилмоқға оид бўлуб, душманлик зўраюб, ўз ораларидаги хусусий жанжаллар ила азиз умрларини уздируб, умумий халқ фойдаси учун ишланадурган миллий ишлардан маҳрум бўлмаклари ила баробар аҳолининг орасидан иттифоқнинг йўқолувига сабаб бўлурлар. Алҳосил, қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиғи тарих саҳифаларидан маълумдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: "Ғийбатдан сақланингиз, ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдур" демишлар.

*  *  *

Мансаб ва давлатга, куч ва қувватга мағрур бўлуб, бировнинг ҳақиға таарруз ва тажовуз қилмак зулмдур. Катталикнинг иззати зулм ва тааддида эмас, шафқат ва марҳаматдадур. Кичикликнинг лаззати нафрат ва қаршуликда эмас, садоқат ва ҳурматдадур.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo