Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

19.03.2019


УМРБОҚИЙ ҚЎШИҚ

Қоронғи тушиши билан жўралар бойчечакни олиб, кўчага чиқдилар.  Баҳор элчисини кўрсатиб, одамларни қувонтириш истаги бола кўнгилларини чулғади. Минг бир ҳаяжон ва истиҳола билан қўшни хонадонлардан бирига киришди:

Бойчечак айтиб келдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга...

Бой-че-чак!..

Ҳовли томондан ҳеч ким чиқмади. Эшитмаяпти, деган хаёл билан яна овозларини баландлатишди:

Бойчечак  айтган билан тўямизми,

Қадимники  расмимизни  қўямизми,

Бой-че-чак !..

Ҳовлидан эркак кишининг йўталган овози эшитилди. Болалар ҳаяжон билан уни кута бошладилар.

- Ҳа тирранчалар, - деди у кутилмаганда. - Сенларга бойчечак айтишни ким қўйибди? Ўтиб кетди у замонлар.  Қани, жўна ҳамманг!

Бундай бўлади, деб сира ўйлашмаганди, болаларнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Наҳотки, бу киши бойчечак ҳақидаги қўшиқни эшитмаган бўлса?  Наҳотки у баҳор келаётганидан қувонмаса?

- Э, бу одамнинг ўзи қўпол, салом берсаям алик олмайди, - деди алам билан Жаҳонгир. - Кетдик, Тоҳирларникига борамиз.

Ҳамма индамай эргашди. Болалар дарвозадан ичкарига кириб, бор овозлари билан яна қўшиқ бошлашди:

Шу уйнинг орқасидан ой кўринар,

Шу уйнинг эгалари  бой кўринар,

Бой-че-чак!..

Болалар сўнгги сатрларни айтиб бўлишган ҳам эдики, кимдир челак билан сув қуйиб юборди. Сўнг уй томондан кулги, "Мана сенларга бойчечак", деган мазахли сўзлар эшитилди.

Болалар мулзам бўлиб, кўчага чиқишди. Уларнинг ҳафсаласи пир бўлган, йиғлаб юборгудек аҳволда эдилар.

- Ойниса момоникига борақолайлик, - деди Жаҳонгир сукунатни бузиб. - Яхши аёл.

Бу ишнинг ташкилотчиси Жаҳонгирнинг ўзи эмасми, икки хонадонга кириб умиди сўнган бўлсаям сир бой бергиси келмади. Болалар кўчанинг нариги бетига ўтишди. Илгариги иштиёқлари сўнган, иккиланиб қўшиқ бошлашди:

Бойчечак айтиб келдик эшигингизга...

Болаларнинг қўшиғи ҳовлида куймаланиб юрган Ойниса момонинг қулоғига етиб борди. Қўшиқ унга жуда азиз, қадрдон туюлди шекилли, ёшига ярашмаган чаққонлик билан ҳаллослаб болалар ёнига келди:

- Ўзим сизлардан айланай. Бойчечак очилиб қолибдими-а? Баҳорга етиб келибмизми? Худойимдан ўргилай. Шукур, шукур, етказганига шукур. Қани, қани, бойчечагингни бер-чи.

 Ойниса момо Жаҳонгирнинг қўлидан бойчечакни олди. Кўзларига суртаркан: "Омонлик, омонлик, сира кўрмайлик ёмонлик", дея пичирлади ва рўмолчасини титкилай бошлади...

 Жўраларнинг кўнгли ёришиб кетди. Ҳаммадан ҳам Жаҳонгирнинг қувончи терисига сиғмасди. Бойчечакни муқаддас билган кишилар бор экан, демак, бобосининг хотиралариям, бувисининг севинчи ҳам рост. Демак, бойчечак қўшиғини айтаверса бўлади, у умрбоқий қўшиқ.

Болалар кўчани тўлдириб чопиб кетишди...

БАҲОР ВА ҚИЗАЛОҚ

Табиат камалакранг қўшиғини бошлади. Томларда алвон қизғалдоқлар очилди. Ҳаётнинг ҳуснига оҳор сепгандай олма, олча оппоқ гуллади. Булар эндигина тилга кирган қизалоқни ажаблантиради. У ҳайратини саволларга ўрайди:

"Бу нима, опа?".

Қалдирғочлар чарх уриб учади. Ҳозиргина ёришиб турган осмон бағрини қуюқ булут қоплаб, чақмоқ чақади, момақалдироқ гумбурлайди. Қизалоқ ҳам қўрқув, ҳам қизиқиш аралаш сўрайди:

"Бу нима, опа?".

Қизчага қарайман. Уни йилнинг  бу сархуш дамлари, дилбар манзаралари билан таништиргим келади.

"Баҳор бу", дейман.

Қизалоқ менга термулади. Жавобимдан кўнгли тўлмайди, шекилли, киприкларини пирпиратиб:

"Баҳор нима, опа?", дейди.

 Яна қизчага боқаман. Унинг маъсум чеҳраси,  самимий сўзлари, гўдак қалби қўнглимни баҳордай равшан қилиб юборади. Онгимда бир уйғунлик туйиб:

"Баҳор бу - сенсан!", дейман. 

ЛОЛА

Оғриқлар танини эзиб, касалхонага тушди. Кўзига ҳеч нарса кўринмади. Иштаҳаси  йўқ. Овқатларга қайрилиб қарамайди. Танасига қулоқ солган, бошланиши мумкин бўлган хуруждан хавотирда қолган,  бемажол бўлган.

Дўстларининг оёғи узилмайди. Бугун бу таниши йўқласа, эртага у таниши йўқлайди. Қариндош-уруғлар, дўсту биродарлар. Эҳ-ҳе, ёнидан одам аримайди. Улар билан ҳорғингина сўрашади. Кайфиятини кўтармоқчи бўлган дўстларига ноилож табассум қилади.

Баногоҳ хонасига дўсти бир даста тоғ лоласи билан  келди. Унинг кўзлари чақнаб, юзлари яшнаб кетди. Ўрнидан туриб олди. Лолаларни қўлига олдию қалби бир гўзалликни, латофатни ҳис этди. Ташқарида баҳор кезиб юрганини эслади.  Лолаларни гулдонга солиб қўйди.

У лола гулида яшириниб  ётган  Ҳаётнинг сувратини  кўрди.

ЮРТИМ БАҲОРИ

Қуёш кулиб, қор кўрпалар ситилган чоғлар,

Тўлғонади яшилликни қўмсаб бутоқлар,

Капалаклар қувнаб-қувнаб гулни қучоқлар.

Димоғимга келиб қўнди райҳон ифори.

Бу сенмисан, кулиб боққан  юртим баҳори.

 

Чаманларда камалакнинг ранги товланар,

Қизғалдоқлар шуъласидан кўз оловланар,

Дил озордан эл безор деб кўнгил овланар.

Қиз қалбини ловуллатар ишқнинг изҳори,

Бу сенмисан, ойдай балққан юртим баҳори.

 

Момоларим сумалакнинг буғдойин чошлар,

Пишқирган сой бўйида ялпизлар яшнар,

Яйловларда чўпонларнинг самани кишнар.

Дарёларга сел ҳайдаган, жўшқин, тўпори

Бу сенмисан,  чақин  чаққан юртим баҳори.

 

Қалдирғочлар хас ташишиб инларин  бутлар,

Дона  сочиб деҳқон ҳосил чўғини чўтлар,

"Наврўз",  дея аҳли миллат бир-бирин қутлар.

Бойчечакнинг гулларида қадим алёри,

Бу сенмисан,  эшик қоққан юртим баҳори.

Лола ЎРОҚОВА

Report typo