Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • УРУШ ҲАР ҚАНДАЙ ЮРАГИ ТОЗА, МАЪНАН СОҒЛОМ КИШИЛАРНИНГ ҲАМ ҲАЁТИНИ ЯКСОН ҚИЛИБ ТАШЛАЙДИ

Б.САЙФИЕВ

08.05.2024


УРУШ ҲАР ҚАНДАЙ ЮРАГИ ТОЗА, МАЪНАН СОҒЛОМ КИШИЛАРНИНГ ҲАМ ҲАЁТИНИ ЯКСОН ҚИЛИБ ТАШЛАЙДИ

Сараланган сатрлар

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида Иккинчи жаҳон уруши тугаши – фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги кенг нишонланмоқда. Юртимизда эса ушбу сана янада қамровли тус олган: нафақат уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганлар, ўз навбатида шу Ватан ривожи, осойишталиги йўлида жон нисор этган инсонларни хотирлаш, фидойи юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек эзгу қадриятга айлангани эътиборга молик.

Бу кунда барча эътироф этадиган ҳақиқат ягона: инсоният уруш билан ҳеч қачон бахтли бўлолмайди, уруш йўлини танлаган жамиятлар ҳеч қачон ривож топмайди, фақат завол топади, холос. Бунга узоқ ва яқин тарих гувоҳ.

Қуйида ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг “Биз жангдан қайтмадик” қиссаси ҳамда қатор ҳикояларидаги урушга қарши руҳ билан суғорилган лавҳаларни сараладик. Ўйлаймизки, ушбу битиклар урушлар даҳшатини яна бир карра англатиши баробарида тинчлик бебаҳо неъмат эканини тушунишга ундайди...

***

Инсон ҳамиша ўзига тирикликдан таскин излайди, яшашни яхши кўради. У гарчанд уруш комида қолган бўлса-да, эртага ҳаёти нима билан тугашини сезмаса-да, яшашнинг ҳеч ким кашф қилмаган қонунлари измидан чиқолмайди. Дарахт экади ёки манови совуқ биноларни (ҳеч қанақа эҳтиёжи бўлмаса ҳам) бўяб чиқади, йўлакларга тош ётқизади, казармалар олдига оёқ буюмларини тозалаш учун махсус қурилма ясайди, бу ҳам етмагандай ҳар бир эшик қаршисида чекиш хоналарини қуриб ташлайди, Хуллас ўзини чалғитади.

***

Эртага бу қисмнинг аскарлари жангга чиқади. Уйларни ёндиради, сувларни заҳарлайди, боғларни ёқиб юборади, одамларни ўлдиради, ўлади, неки бор қирилади. Булар кирган боғларда мангу кузак фасли бошланади. Умуман, уруш чоғи қилинган ҳар қандай “савоб” иш иккиюзламачилик каби ифлос бир тушунчадан ҳам шармандалироқдир.

***

Инсон қартайиб қолиши учун жуда кўп йиллар яшаши шарт эмаслигини, аллақачон, илк жанглардаёқ ҳис қилгандик. Тез-тез ўлимни ўйлайдиган одамлар ўзларини нечоғлик бепарво, иродали тутмасинлар, барибир ичларидан тўкилиб бўлишади. Ботинан ваҳм ўтида қоврилаётган одамлар зоҳиран савдойи кўринади, буни бепарволикка йўймаслик учун эса ўша одамларнинг орасида бўлиш, уларнинг бошида ўйнаётган чархи-дун қилмишларидан бир чимдим татиб кўриш кифоя эди.

***

Дунёда одам боласидай ёвуз махлуқ йўқ, у ҳамма ишни қойилмақом қилиб бажаради, яна одам боласидай ожиз махлуқ йўқ, ўз юрагининг азобларидан, ботиний оғриқлари, кўнглини қоплаган хижилликлардан қочиб қутулолмайди. Ҳар нарсани, ҳатто бир-бирини қиришни-да машқини олган инсон, барибир ўз кўнглидан, юрагидан мағлуб бўлади. Ичкариси бут одамгина ҳеч қандай кўргуликка ўзини олдирмайди.

***

Урушнинг даҳшати ҳам шундаки, унда қатнашганларнинг барчаси мажруҳ ҳолга тушадилар, ботиний туйғулар ўрнини куйиб, кулга айланган карахтликнинг бир ҳовуч кули эгаллайди.

***

Мен агар инсон қўлига қурол ушласа, худди ҳайвонлар каби бир-бирини ғажишдай мунофиқликдан ҳам ҳазар қилмаслигини тушуниб етдим. Ҳайвоннинг инсонга айлануви ҳақида бир нарса деёлмайману, бироқ инсонларнинг ҳайвоний ёвузликдан ҳам баттарроқ хислатни қандай қилиб яшириб юришларига ақлим бовар қилмай қолди. Инсон қурол ушласа, ёвузлик тан беради. Аммо ҳар қандай юраги тоза, маънан соғлом кишиларнинг ҳам ҳаётини уруш яксон қилиб ташлайди.

***

Бизнинг уйдагилар ҳозир нима қилишаяптийкин? Отам ухлаб қолган. Бечора ишдан роса чарчаб қайтган. Онам, укаларим, катта энам уйғоқ. Нима ҳақида гаплашишаяптийкин? Балки, мени эслашаётгандир. Ахир мен ҳам уларни ёдга олаяпман-ку. Улар мендан хавотирланишади. Бу ерда уруш. Ўлиб кетишинг мумкин. Мен ўлишни ҳеч қачон истамайман. Мен сизларни ташлаб кетмайман, ҳали учрашамиз, жигарларим.

***

Инсон ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг бахтли эканлигини, гарчанд бахт сўзи нисбий эрса-да, бахтиёрлигини сезиб қолади, демакки, олдинда бундан-да кемтикроқ, нотугал, ғамгин кунлар бор. Назаримда, бу кечалик бахтим – менинг тириклигимда эди. Бутун инсоният бахт ва бахтсизлик тушунчаларини ўзини овутиш учун ўйлаб топгандир. Ҳаёт ва ўлим оралиғидаги қўрқув қанчалик улғайган сари, инсон ўзини ҳалокатга шунчалик тез тайёрлайди ва кўникиб боради. Биз айтган “тириклик – бахт!” деган зўракилик эса жудаям кулгили бўлиб қолади.

***

Урушда асаби мустаҳкамлар, ичидан тўкилиб, адо бўлмайдиганлар ўзларининг расво бўлганликларини, бироқ бунга чидаш зарурлигини тушуниб етадилар. Қўрқоқлик ва жасурлик борасида жанг кўрмаган жангчига бир нарса деб сифат бериш адолатдан эмас.

***

Жангдан кейин аскарлар ҳорғин кайфиятда бўладилар, қиёфаси тундлашади. Ҳеч ким ҳуда-беҳуда вайсамайди. Худди ўласи қилиб калтакланган ит каби сулайиб қолишади. Ҳамманинг қадам олиши оғирлашади. Бунақа пайтлар руҳингга фақатгина қўшиқ сингийди. Йиғлагинг келади. Ҳеч нима ҳақида берилиб хаёл суролмайсан. Дунё бир мискин қоронғилик ичида ғарқ бўлганга ўхшайди. Сен ҳаётинг давомида фақатгина мана шу зим-зиё бўшлиқ давригача яшаб бўлганингни ҳис қиласан. Урушми уруш – энг тоза кунларингни соғиниш, деган хулосага келасан ва ҳеч қандай маънини англатмовчи ўйингнинг бир четида милтиллаган таскин чироғи ёғду сочиб туради. Яъни мен тирикман, дейсан, паришонхотирлик билан. Сенинг миянгда тирик қолиш учун қайғуриш оғриғи зирқирайверади.

***

Мен жангдан сўнг кўз ёшларини оқизмай йиғлаш, ўзининг тирик қолганига ҳам кўнглида шукрона айтишга ор қилиш аскар учун ўлимдан ҳам ёмонроқ эканлигини ҳис қилдим. Чинакам жангдан кейин одам ўлим ҳақида ўйламайди, балки урушнинг чегараси йўқ бедаво азобини ҳис қилади. Чунки бу азобнинг оғриғи уни бир умр тарк этмайди.

***

Аскар овдан қайтмоқда… Уруш комида унинг мўлжалига тушган ҳеч бир нишон қуламасдан қолмаганди. Бугун эса унинг қуроли илк бор ўз нишонини қулатмади.

Аскар қайтаётиб тоғ гулларидан бирини узиб, милтиқ нилига тиқиб қўйди.

Аскарнинг елкасидаги қурол худди гул отиб, гуллаб юборганга ўхшарди.

Аскар қишлоққа қуп-қуруқ, елкасида гуллаган қурол ва кўксида тирилган юрак билан қайтиб келмоқда.

Аскар бугун тинчлик ва тириклик моҳиятини чуқурроқ тушунгандай бўлди…

Атрофга ғолибона боқиб, жилмайиб қўйди.

***

Қизалоқ олти ёшда.

Дийдаси тош эди.

Деразадан ташқари қаради.

Кўчада уруш.

Пардани тортди.

Оғир-оғир юриб стол ёнига келди. Тик турган алпозда оппоқ қоғозга ажи-бужи қилиб ёзди: “Кетдим. Уруш тугаса, менга хабар беринглар. Қайтиб келаман…”

Қизни онаси олис-олисларга олиб кетди.

Вақт ўтди. Вақт учди. Ўша олис-олисларда бир қабр пайдо бўлди. Қабртошда ажи-бужи ҳарфлар билан шундай ёзилганди: “Кетдим. Уруш тугаса, хабар беринглар. Қайтиб келаман…”

***

Даҳшатли жанглар олдидан Парвардигорга ялиндим: “Эй, худо, ўзинг асра, мен ўлмайин, отам етим қолмасин…”

Мен қайтдим. Мен бир урушни кўрдим. Отам икки урушни – мен ва отаси туфайли икки урушни кўрди. Тўғри, урушнинг катта-кичиги бўлмайди. Фақат бир нарса таскин беради: “Менинг урушим” отамни етим қилмади.

Худога шукр, отажоним ҳаёт! Умри узоқ бўлсин, саксон ёшга қараб юраяпти. Ҳовлимиз ўртасида ўша устун ҳали ҳам турибди. Яқинда мен устун атрофига тўртбурчак қилиб одам бели баробарида мармар девор тортдим. Мен бу ишни энди ҳеч ким устунга суянмасин деган ўй билан қилдим. Чунки устунни ағдариб ташлашга журъатим етмади. Чунки у оғир кунда отамни суяган эди, мен отамга устун бўлолмаган кез устун отамга бир ўғилдай суянч бўлган эди.

***

“Бир бурда нонга одамнинг қорни тўяди…”  дейсан. Ҳақ айтасан. Мана бир бурда нонга қорним тўйди-ку. Лекин… Одамзот нега шуни тушуниб етмайди? Нега одамзот бир бурда нонга қорни тўйса ҳам очкўзлик  билан бир-бирини ғажийди. Уруш қилади, Шарапов?! Агар буни ҳамма тушунганда эди, ер юзи тинч бўларди, ер юзида уруш бўлмас эди… Сен билган оддий гапни бугун бутун дунё тушунишини истайман, Шарапов.

***

Бу урушда этикчалар эгасиз қолди.

Аёл этикчаларни хона бурчагига олиб бориб қўйди.

– Қани, ўгирилиб тур, – дея этикчалар тумшуғини деворга тақади.

Эгасиз этикчалар девор бурчида чорак соат турди.

Аёлнинг раҳми келди:

– Бошқа тўполон қилмагин-а, хўпми?! У этикчаларни кўксига босди. Сўнг стулчага олиб келиб қўйди:

– Қани, энди овқатингни еб ол!..

Аёл этикчаларга узоқ тикилиб турди. Нимадир ёдига тушгандай бўлди. Сўнг… сўнг… чинқириб йиғлаб юборди.

Этикчалар соҳибаси бор-йўғи олти ёшдагина эди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo