Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 август, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

05.07.2018


Ҳужжат топшириш учун Тошкентга эмас, ДХМга боришаяпти

Албатта, мазкур тартиб мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртида таҳсил олишга талабгор воҳадошларимиз учун кенг қулайлик яратди. Бу орқали улар ўзларининг қимматли вақти ва маблағини тежаб қолиш имконига эга бўлди.

Айтиш жоизки, ушбу регламент талаблари Тошкент давлат юридик университетининг магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишга, шунингдек, мазкур таълим муассасасининг бакалавриатига ҳужжат топширувчи хорижий фуқароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

- Давлат хизматлари марказларида айни пайтга қадар 130 нафардан ортиқ талабгордан ҳужжатлар қабул қилиниб, уларга буни тасдиқловчи бланклар тақдим этилди. Жараён 15 июлгача давом этади, - дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси юрисконсульти Қувончбек Гадаев.

Тегишли тартибга кўра, талабгор абитуриент рухсатномасини олиш учун шахсан Тошкент давлат юридик университети қабул комиссиясига мурожаат этади. Бу ерда талабгорнинг паспортидаги биометрик маълумотлари махсус сканер орқали текширилиб, бармоқ излари олинади.

- Тошкент давлат юридик университетига иккинчи бор ўқишга ҳужжат топширишим, - дейди Қамаши туманилик Ҳамза Пардаев. – Аввалги гал билимим сал камлик қилганди. Бу сафар жиддий тайёрландим. Маъқул бўлгани, бу йил ҳужжат кўтариб Тошкентга боришимга ҳам тўғри келмади, оворагарчиликдан қутулдим. Ҳамма ҳужжатларимни Давлат хизматлари маркази орқали топширдим.

Қайд этиш жоиз, ушбу давлат хизматини кўрсатишда ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Бу хизмат вақтинчалик характерга эга бўлиб, шу йилдан синов тариқасида кўрсатилмоқда. Агар мазкур янгилик кутилган натижани берса, келгусида ўқишга ҳужжат топшириладиган олий ўқув юртлари қамровини кенгайтириш кўзда тутилган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo