Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу анъанавий танлов ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она юртни мадҳ этувчи юксак бадиий қўшиқлар яратилишини рағбатлантириш, янги истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Ҳудудий саралаш босқичларида 300 нафарга яқин иштирокчи ўз ижод намуналари билан қатнашгани кўрик-танловга бўлган қизиқиш ва қамров кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Танловнинг вилоят босқичида 30 нафар истеъдод эгаси Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари билан иштирок этди. Ижод намуналари матн ва оҳанг уйғунлиги, ижро маҳоратига кўра баҳолаб борилди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Деҳқонобод туманидаги 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Меҳробшоҳ Бекназаров "Сен она юртимсан, Ўзбекистоним" қўшиғи учун ғолиб деб топилди. Қарши тумани маданият бўлимига қарашли "Чўл чамани" ашула ва рақс ансамбли мусиқа раҳбари Сайфулла Убайдуллаев "Ўзбекистон бу юрт" ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Жонибек Эшбобоев "Ватан" қўшиғи билан иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Н.ХЎЖАЕВ