Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 октябрь, якшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • ВЕЛОСПОРТ ТУРЛАРИ РИВОЖЛАНМАГАН ҲУДУДДА ВАЗИЯТНИ ЎЗГАРТИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛИНАДИ?

Темур НИЗОМОВ

08.10.2021


ВЕЛОСПОРТ ТУРЛАРИ РИВОЖЛАНМАГАН ҲУДУДДА ВАЗИЯТНИ ЎЗГАРТИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛИНАДИ?

 Қарор ва шарҳ

Кейинги ўқув йилидан бошлаб Қарши олимпия захиралари коллежида, шунингдек, вилоятимиздаги тўртта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби (БЎСМ)да велосипед спорти турлари бўйича бўлимлар ташкил этилади.

Ўзбекистон велоспорт федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори,  Қарши олимпия захиралари коллежи раҳбари Эркин Воҳидовнинг таҳририятимизга хабар беришича, янги бўлимларнинг очилиши мамлакат Президенти томонидан шу йил 24 сентябрда қабул қилинган "Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорда назарда тутилган.

- Мазкур ҳужжатга мувофиқ, - дейди Э.Воҳидов, - 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Ғузор тумани ва Шаҳрисабз шаҳар БЎСМда, шунингдек, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган вилоят болалар-ўсмирлар спорт мактабида велоспортнинг шоссе (Road), Шаҳрисабз туманида ташкил этилажак 2-сонли БЎСМда эса мотокросс (BMX Racing) турлари бўйича бўлимлар иш бошлайди.

Шу ўринда аниқлик киритадиган бўлсак, BMX Racing велоспортнинг энг ажойиб ва жозибадор турларидан бири ҳисобланиб, ўзида мотокросс хусусиятлари ҳамда махсус велосипедларда бажариладиган мураккаб акробатик элементларни бирлаштиради. Кейинги йилларда велосипед спортининг бу кўриниши бутун дунёда тобора оммалашиб бормоқда.

Эркин Воҳидов Қашқадарё велоспорт турлари ривожланмаган ҳудуд эканлигини тан оларкан, вилоятда бу борадаги муаммолар ва тўсқинлик қилаётган омилларни ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузилишини  айтиб ўтди.

- Президент қарори билан тасдиқланган дастур доирасида воҳамизнинг велоспорт турлари бўйича мавжуд имкониятлари ва салоҳиятини таҳлил қилиб, спорт-таълим муассасалари ва клубларининг қамрови ва ресурс таъминоти, аҳолининг бу спортга қизиқишини ўрганиш режалаштирилган, - дея маълум қилади мутасадди. - Шунга асосан велоспорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган ҳудудий дастур ишлаб чиқилади ва ҳаётга татбиқ этилади.

Дастурда ҳудудларни велоспорт турларига ихтисослаштириш ҳам мўлжал қилинган. Масалан, Қашқадарёнинг бу борадаги ихтисослашуви шоссе ва тоғ велоспорти йўналишларини қамраб олади.

- Ҳудудлар ихтисослашувидан келиб чиқиб, жойларда халқаро ва маҳаллий миқёсдаги мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун зарур инфратузилма шакллантирилади,  - дея таъкидлайди Ўзбекистон велоспорт федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори. - Мисол учун, Қашқадарёда велосипед шосселарини белгилаш ва қўшимча барпо этиш ҳамда тоғли ҳудудда  велосипедчилар учун тоғ трассасини қуриш вазифаси қўйилган.

Велосипед спорти билан шуғулланиш учун нафақат профессионаллар, балки аҳоли вакиллари учун ҳам шароит яратилади. Велоспорт турларини 2021-2022 йилларда ривожлантириш дастурида маҳаллалар, шаҳар ва туманлар, шу жумладан, ижтимоий объектларни боғлайдиган велосипед йўллари қуришга жиддий эътибор қаратилган. Шунингдек, велотураргоҳлар бунёд этиш, туристик ва ижтимоий инфратузилма объектларида велосипед йўлларини барпо қилишда ногиронлар учун "тўсиқсиз муҳит"ни ташкил этишга ҳам алоҳида урғу берилган.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан уч ярим йил олдин қабул қилинган махсус резолюцияга мувофиқ 3 июнь санаси Бутунжаҳон велосипед куни этиб эълон қилинган эди. Президентнинг юқорида қайд этилган қарори билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга мувофиқ ҳар йили 3 июнь куни юртимизнинг барча ҳудудларида аҳолининг турли қатламларини жалб қилиш орқали узунлиги 15-20 километрдан кам бўлмаган веломарафонлар ташкил этилади. Уларнинг ғолиб ва совриндорларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш баробарида муваффақиятли қатнашган иштирокчиларни профессионал велоспортга жалб этиш ҳамда спорт-таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш кўзда тутилган.

Юртимизда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда велоспортнинг шоссе ва тоғ турлари бўйича Тошкент вилоятида "Oqtosh-Chorvoq-Mountain", Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида "Save-Aral", трек тури бўйича Тошкент шаҳрида "Silk-Road Tashkent", Наманган шаҳрида "Silk-Road Namangan", мотокросс тури бўйича Жиззах вилоятида "Zaamin-Cup" халқаро велопойгалари ўтказилади. Шу билан бирга пойтахтда велоспортнинг фристайл тури бўйича "Tashkent-Grand Prix" халқаро мусобақаси ташкил қилинади. Эътиборли томони, бу велопойгалар ва мусобақада маҳаллий спортчилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган кучли хорижий спортчи, тренер ва ҳакамларнинг иштироки таъминланади.

- Шу йилнинг апрель ойида вилоятимизда ҳам велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича "Shahrisabz Open" мусобақаси ўтказилиб, унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 70 нафардан ортиқ спортчи қатнашган эди, - дейди Эркин Воҳидов. - Улар Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"дан старт олиб ва 110 километрга яқин масофани босиб ўтиб, Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур ҳиёбонига етиб келишганди. Кейин эса 60 километр масофадаги велопойгада беллашганди. Коронавирус пандемияси боис "Shahrisabz Open"да хориждан бирорта ҳам спортчи иштирок эта олмади, аммо ўйлаймизки, келгуси сафар унда нафақат ўзбекистонлик, балки чет эллик велоспортчилар ҳам қатнашади ва мусобақа ўзининг халқаро мавқеига мос ҳолда ўтади. Зеро "Shahrisabz Open" ҳар икки йилда бир марта, халқаро миқёсда ташкил этилиши белгиланган.

Мамлакатда велоспортни ривожлантиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлардан яна бири Ўзбекистон велоспорт федерациясининг ҳудудий бўлинмалари тўлақонли фаолият юритиши учун зарур чораларни кўриш, шу жумладан, уларнинг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.

- Айни пайтда қарорда федерациянинг ҳудудий бўлинмалари учун ҳар йили 40 донадан велосипед ажратиш ва уларни 2 тадан "Дамас" русумли автотранспорт воситаси билан таъминлаш ҳам айтилган, - дея  шарҳлайди Эркин Воҳидов. - Бу борада масъул ҳисобланган ҳокимликлар олдига шаҳар, туман ва вилоятлар миқёсида мунтазам равишда ҳаваскорлар ўртасида велопойгалар ўтказиш ва ҳар бир ҳудудда ҳаваскор ва профессионал спортчилардан иборат велоспорт турлари бўйича хусусий клубларни ташкил қилиш топшириғи қўйилган.

Умуман олганда, Президент қарорида велосипед спортини ривожлантириш билан боғлиқ яна кўплаб жиҳатлар (допингга қарши курашдан тортиб муайян спорт анжомларини божхона божидан озод этишгача) ҳисобга олинган экан, уларнинг барчаси аҳоли ўртасида велоспорт оммавийлигини ошириш,  ўзбекистонлик спортчилар ва миллий терма жамоаларимизнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиши ва юқори натижаларга эришишини таъминлашга қаратилган. Бу чора-тадбирлар ҳозирча велоспорт ривожланмаган ҳудуд - Қашқадарёда қандай самара беришини эса вақт кўрсатади...

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

Report typo