Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.03.2024


Воҳамизда энг намунали маҳалла раиси ким экан?

Танлов

Вилоят мусиқали драма театрида “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг сектор ҳамда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар маҳалла раиси қатнашар экан, иштирокчилар учта шарт – амалга оширилган ишлар тақдимоти, соҳага оид қонун ҳужжатлари бўйича савол-жавоблар ҳамда муаммоли вазиятларга ечим топиш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Кўрик-танлов баҳолаш мезонига асосан ҳакамлар ҳайъати тақдим этилган ҳужжатлар асосида маҳалла раислари фаолиятини баҳолаб бордилар, бундан ташқари, ҳар бир иштирокчи ўз маҳалласида жиноятчилик ва ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, комиссиялар фаолиятига оид маълумот берди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан ташқари, танловда иштирок этган ҳар бир маҳалла раиси ҳам танлов ғолиблигига муносиб деб билган номзодига овоз берди. Якуний натижаларга кўра, Косон туманидаги Регзор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамза Ўринов 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Китоб туманидаги  Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Расуловга, учинчи ўрин эса Шаҳрисабз туманидаги Қутчи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулчеҳра Имомовага насиб этди. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда фаол иштирокчиларига дипломлар, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

- Маҳалла раисининг фаолиятига ҳақиқий баҳони фуқаролар беради, - дейди Ҳамза Ўринов. - Буни ҳудудлардан тушаётган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Агар раис ўз ишини тўғри йўлга қўймаган, аҳоли билан яқинлашмаган бўлса, фуқаролар “юқори”га мурожаат қилаверади. Акси бўлса, муаммо маҳалланинг ўзида ҳал бўлади. Маҳалламизда 1 минг 72 та хонадонда 1 минг 437 та оила, яъни 6 минг 472 нафар аҳоли истиқомат қилади. Асосий ютуғимиз – айни пайтда маҳаллада бирорта ишсиз фуқаро йўқ. Аввал меҳнат билан банд бўлмаганларнинг бир қисми ҳозир имтиёзли кредит асосида тадбиркорликни йўлга қўйган, яна бир қисми қурилиш ташкилотларида, тикувчилик, пишириқ цехларида ишлайди.

Танлов  ғолибларини тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo