Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

06.03.2020


ЯККАБОҒДА ЯНА КИМ КИМНИ ЁҚИБ ЮБОРИШГА УРИНГАНДИ?

Интернет оламида - Қашқадарё

 Интернет сайтларида эълон қилинган "Яккабоғда фермер ишчиси аёлларни ёқиб юбормоқчи бўлди" сарлавҳали видеолавҳа юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

 "Мазкур ҳолат туман ИИБдаги жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида киримга олиниб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 январдаги қарорига асосан ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида Ўрта МФЙ Ҳусн қишлоғи ҳудудидаги 499, 470, 487қ, 743қ контурларидаги 8 та фермер хўжалигига тегишли 11,5 гектар ер майдони туман ҳокимининг 2019 йил 24 январдаги қарорларига асосан захира ер фондига қайтарилган.

 Туман ҳокимининг 2019 йил 27 июлдаги 4696/07-сонли қарори билан "Асқаров Музаффар Жабборович" фермер хўжалигига мазкур 11,5 гектар ер майдони қўшимча ажратиб берилган.

 Туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан 2020 йил 27 январда мазкур фермер хўжалигига ер майдонидаги олма ва бошқа дарахтлар замбуруғ ва бошқа касалликларга чалиниб, яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли дарахтларни бузиб, ўрнига интенсив боғ барпо этиш бўйича ёзма тавсия берилган.

 Шунга кўра, 2020 йил 14 февралда самарасиз боғни бузиш бошланган. 2020 йил 29 февраль куни соат 13 ларда боғни бузиш давом эттирилаётган вақтда Ҳусн қишлоғида яшовчи, боғнинг собиқ эгалари - Т.Омонов, М.Мансуров ва бошқалар таёқ ва тош билан боғни бузишга қаршилик кўрсатишган. Жанжалда иштирок этаётган аёллар 20 литрлик елим идишдаги 5 литрлар чамасидаги дизель ёнилғиси қолдиғини ҳайдов трактори устига сепмоқчи бўлганида ҳайдовчи Б.Нормўминов елим идишни аёллардан тортиб олиб, ёнилғи қолдиғини тўкаётганида қаршилик кўрсатаётган Ў.Бурхонованинг ҳам устига сачраган. Ҳайдовчи воқеа жойидан кетганидан кейин Т.Омонов ва бошқалар тарқалишган.

 Ҳодиса юзасидан туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи ер низоси иштирокчилари билан учрашиб, "Асқаров Музаффар Жабборович" фермер хўжалиги раҳбарига боғни бузишни вақтинчалик тўхтатиб туриш ва ерга эгалик ҳуқуқи масаласи қайта кўриб чиқилиши тушунтирилган, тарафлар тушунтиришдан қаноатланишган.

 Ҳозирда вилоят прокуратураси ва ҳокимлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Яккабоғ туманидаги воқеа ҳолатлари ҳамда ерга оид қонунчилик ижроси аҳволи жойида ўрганилмоқда".

 "ҚЎЛГА ТУШГАН" ИНСПЕКТОР 2018 ЙИЛДА ЖАЗОСИНИ ОЛИБ БЎЛГАН

 Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида участковий бир аёл билан қўлга тушиб қолди" сарлавҳали видеоролик юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан қуйидагича муносабат билдирилди:

 "Мазкур видеороликда Касби тумани марказида жойлашган гўзаллик салонида фуқаролар ва ИИБ ходими А.Умидов ўртасида 2018 йил 8 ноябрь кунида бўлиб ўтган тортишув акс этган.

 Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил декабрь ойида тегишли соҳа хизмати масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, Қарши шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҲПБ ТП профилактика катта инспектори лавозимида ишлаган майор Аҳрор Умидовга эгаллаб турган лавозимидан озод этиш жазоси қўлланилиб, кам ҳажмли лавозимга ўтказилган".

 ИККИ НОҚОНУНИЙ КИРАКАШНИНГ ЎРТАСИГА ТУШИБ, ЖАРОҲАТ ОЛДИ

 Шу йилнинг 2 март куни Республика шошилинч  тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига бўйин соҳасига ўткир кесувчи жисм  билан жароҳат етказилган Ғ.Т.ни олиб келишган.

 Маълум бўлишича, у ўзаро жанжалда оғайнисининг тарафини олиб жароҳат олган.

 Вилоят ИИБ келтирган тафсилотга кўра, Н.Ш. Эски шаҳар-Пистакент оралиғида тегишли ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келган. Худди ўзи каби ноқонуний киракашлик қилувчи Ф.Э. билан ўзаро навбат талашиб, "сен-мен"га боришган. Жанжал Қарши тумани Гулистон маҳалласи ҳудудида давом этади. Ғ.Т. эса дўстининг тарафини олмоқчи бўлиб жанжалга аралашганида, киракаш ёнидаги пичоқ билан ҳамла қилиб, унинг бўйин соҳасига жароҳат етказади.

 Айни пайтда Ф.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

 Н.ХЎЖАЕВ

 

 

Report typo