Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

02.08.2018


ЯНГИ ШАКЛДАГИ ТЕСТ СИНОВЛАРИНИНГ БИРИНЧИ КУНИ ҚАНДАЙ ЎТДИ?

Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун 51 минг 529 нафар абитуриент ариза топширган. Агар Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида бакалаврлар тайёрлаш бўйича умумий қабул квотаси 4220 та эканини ҳисобга олсак, талабалик бахтига эришиш истагида бўлганлар сони анча кўп экани маълум бўлади. Яъни  вилоятимиз олий ўқув юртларида ҳар бир талабалик ўрни учун ўртача 12 нафар абитуриент даъвогарлик қилмоқда.

Албатта, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун абитуриентлардан тушаётган аризалар сони йилдан-йилга ортиб бориши ёшларда интеллектуал салоҳиятнинг ўсаётгани ҳамда ўқиб-ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортаётганидан далолат бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида яратилган имкониятлар бу борадаги рақамларни сифат жиҳатидан яхшилайди, деб айтиш мумкин.

Маълумки, бу йил имтиҳонлар ягона бинода: Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати манежи ва спорт залида таълим йўналишлари кесимида 2 сменада ташкил этилмоқда. Тест синовининг илк куни 1-сменасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг озиқ-овқат технологияси йўналиши бўйича 2130 нафар абитуриент билимини синовдан ўтказган бўлса, 2-сменада ҳам худди шунча ўғил-қиз кимёвий технология, ер усти тизимлари, бухгалтерия ҳисоби ва аудит таълим йўналишлари бўйича тест саволларини ечишди.

 -  5 йилдан бери институтга ўқишга кириш учун ҳужжат топшираман, - дейди Қарши шаҳрилик Ҳасан Темиров. – Бу йилги синовлар  жуда бошқача ўтаяпти. Ҳар йили кузатиладиган “паровоз”, “шпаргалка”лар ишламаяпти.  Жавоб эса эртагаёқ чиқади. Бу сафар ҳақиқий билимли ўғил-қизлар учун жуда катта имкониятлар яратилган, шунинг учун талабалик бахтига муяссар бўлишимга ишониб турибман.

Дарҳақиқат, бу йил тест синовларининг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тест синовлари ўтказиладиган залларга видеокузатув камералари ўрнатилиб, жараён кенг жамоатчилик, ота-оналар эътиборига ҳавола этилмоқда.

Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ички ишлар ходимлари ҳамда олий таълим  муассасалари қабул комиссиялари аъзолари томонидан текшириб киритилди. Абитуриентлар шахсини идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмаларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда.

Энг муҳими, тест синовларининг ҳар томонлама адолатли ва шаффоф ўтиши олий таълим соҳасига тасодифий мутахассислар кириб қолишининг олдини олади. Бунинг аҳамияти 4 йилдан кейин олий ўқув юртларидан етук   кадрлар етишиб чиқиши орқали кўринади.

Жараён 15 августгача давом этади.

С.АЛЛАЁРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo