Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси: ҚАШҚАДАРЁЛИКЛАР ТАБИАТНИ АСРАШГА МУНОСИБ ҲИССА ҚЎШИШ ҲАРАКАТИДА

Ўз мухбиримиз

28.11.2024


"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси: ҚАШҚАДАРЁЛИКЛАР ТАБИАТНИ АСРАШГА МУНОСИБ ҲИССА ҚЎШИШ ҲАРАКАТИДА

Инсон табиат қўйнида сайр қилади, ҳордиқ чиқаради, унинг неъматларидан баҳраманд бўлади. Шу маънода табиатни севмайдиган одам йўқ. Бироқ, айни пайтда табиатнинг энг катта душмани ҳам инсоният эканлиги бор гап. Узоқ йиллар унга қилинган шафқатсиз муносабат туфайли бугунги кунларга келиб атроф-муҳит, табиат софлиги энг долзарб масалага айланди. Иқлим ўзгариши, тоза сув танқислиги, қурғоқчилик, глобал исиш, чўлланиш ҳодисалари дунё аҳлини табиатга муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Инсоният энди табиий мувозанатни асраш ҳақида жиддий бош қотираяпти.    

Бугун яшил ҳудудларни кўпайтириш атроф-муҳит, табиат софлигини асраш йўлидаги муҳим чоралардан бири саналади. Шунга кўра, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси юртдошларимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда ёппасига дарахт кўчатлари экиш анъанага айланди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, барча корхоналар табиатни асрашга ҳисса қўшиш ҳаракатида. 

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиб, яшиллик миқёсини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич 12 фоизга етди.

Айни пайтда юртимиз бўйлаб кузги дарахт экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Шу мавсумда қашқадарёликлар аввалдан танланган жойларда 10 миллион донадан ортиқ турли дарахт кўчатлари экишни мақсад қилишган.

Маълумки, Қашқадарё иқлим шароити хилма-хил, тоғли ва чўл ҳудудлари табиати бир-биридан кескин фарқ қилади. Экиладиган дарахт турларини шунга кўра танлаш ва парваришлашни тақозо этади.

- Биз иқлим шароитига кўра шартли равишда ҳудудни учга ажратиб олдик, - дейди вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қашқадарёда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида "Ўзбекистон-24" телеканалига берган интервьюсида. - Биринчи, яъни тоғли ва тоғолди минтақамизда япон сафораси, катальпа, заранг, терак каби манзарали, гилос, олма, ёнғоқ, нок, анор каби мевали дарахт кўчатларини экаяпмиз. Ўрта ҳудудларда қайрағоч, павловния, терак, акация, тут, шарқ туяси, бодом, ўрик, олма, шафтоли, анор, ток ниҳоллари ўтқазилаяпти. Чўл минтақасида эса шумтол, тол, қайрағоч, тут, терак, жийда каби дарахт кўчатларини экиш яхши самара бериши аён. Яъни кўчат турлари ҳудуд иқлими ва ўсимликнинг мослашувчанлик хусусиятлари ҳисобга олиниб танланган.

Маълум бўлишича, Қашқадарёда кузги дарахт экиш мавсумини намунали ўтказиш учун 12 миллион дона турли кўчат ва бута ниҳоллари, 100 тонна ёнилғи захира қилинган. Шунингдек, ишларни самарали ташкил этиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими орқали 5 миллиард сўм йўналтирилган. 

Кузги кўчат экиш мавсумида Чироқчи туманида 417 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган. Айни вақтга қадар 250 минг донадан ортиқ ниҳоллар танланган майдонлар, жумладан, йўл бўйлари, канал ва дарёларга туташ ерларда ўтқазиб бўлинди.

- "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида корхона ва ташкилотлар, аҳолига сифатли дарахт кўчатлари етказиб бериш учун "Кўчатлар савдо ярмаркаси"ни ташкил этганмиз, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Бекзод Абдуллаев. - Бу ерда мутахассислар харидорларга биратўла олган мевали ёки манзарали дарахт ниҳолларини экишдан тортиб, парваришлашгача бўлган агротехник маслаҳатларини ҳам бериб боришмоқда. Чунки экилгани эмас, кўкаргани амал.    

Чироқчида жамоавий боғлар ташкил этиш ҳам бугун яхши анъанага айланган. "Оналар боғи", "Депутатлар боғи", "Прокурор боғи", "Шифокорлар боғи", "Ёшлар боғи", "Ўқитувчилар боғи", "Полвонлар боғи" шулар жумласидан. 

- Зарбдор маҳалласи ҳудудидан ажратилган 5 гектар ерда "Полвонлар боғи"ни ташкил қилдик, - дейди чироқчилик номдор фахрий курашчи, 14 карра мамлакат, 2 карра жаҳон чемпиони Абдурашид Мирзаев. - Шогирдлар билан йиғилишиб, олма, беҳи, гилос, ўрик, шафтоли, хурмо каби мевали, майдон атрофида эса павловния, катальпа, тут, тол, терак, арча, япон сафораси каби манзарали, жами 5 минг туп дарахт кўчати ўтқаздик. Зеро, улар эртага бўй чўзиб, мева берса, болаларимиз,   халқимиз ейди, чиқарган тоза ҳавосидан барчамиз нафас оламиз. 

Умуман, бугун Қашқадарёнинг барча ҳудудларида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кузги кўчат экиш ишлари фаол давом эттирилмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, Нукус, Арнасой, Қоракўл ва Муборак туманларида кейинги йил сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимлигидан иборат 4 та боғ барпо қилинади. Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмнинг 250 минг гектар чўлида сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дрон билан экилади.

Демак, юртимизда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар йилдан-йилга кенгайиб, биз келажак авлод олдидаги уларга мусаффо атроф-муҳит, соф табиат, тоза ҳаво, зилол сув қолдириш бурчимизга собит турамиз.

Ўз мухбиримиз

Report typo