Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "ЯШИЛ" ВА МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКА - МАМЛАКАТ ИҚТИСОДИЁТИ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ МУҲИМ ТАЯНЧИ

10.10.2024


"ЯШИЛ" ВА МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКА - МАМЛАКАТ ИҚТИСОДИЁТИ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ МУҲИМ ТАЯНЧИ

Иқтисодиётни "яшиллаштириш", йилдан-йилга муттасил ўсиб бораётган энергияга бўлган эҳтиёжни "яшил" энергия ва бошқа муқобил турларига ўтиш асосида қондириш тобора глобал тус олаётган иқлим ўзгаришининг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда унга мослашиш йўлида муҳим қадам экани жаҳон ҳамжамияти томонидан айтилмоқда. Бутун дунёда бошланган бу саъй-ҳаракатларга Ўзбекистон ҳам фаол қўшилмоқда.

"Яшил" иқтисодиётга ўтишнинг илк қадами энергетика соҳасини, хусусан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобланади. Бу эса табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш билан биргаликда экологик мувозанат барқарорлигини ҳам таъминлайди.

Ўзбекистон Экологик партияси 2024-2029 йилларга мўжалланган Сайловолди дастурида электр энергетикаси соҳасини "яшиллаштириш" борасида аниқ ташаббус ва таклифларни тақдим этди.

Биринчидан, "яшил" иқтисодиётга ўтиш жараёнида аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини хавфсиз ва    барқарор энергия билан таъминлаш.

Бугунги кунда энергетика тармоғидаги кўплаб асосий ва тақсимловчи тармоқ подстанциялари ва трансформатор станциялари маънан эскиргани ва тизимда янгиланишлар жараёни нисбатан суст бораётгани оқибатида соҳада технологик йўқотишлар юқорилигича қолмоқда. Мисол учун, мавжуд магистрал тармоқларда электр энергиясининг технологик йўқотишлари ўртача 2,7 фоиздан, тақсимловчи тармоқларда 12,4 фоиздан ортиқни ташкил этиб, бу хорижий мамлакатлардаги кўрсаткичлардан юқори ҳисобланади.

Мана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини камида икки карра оширишни мақсад қилган.

Энергетик барқарорликни таъминлаш учун соҳанинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш зарур деб ҳисоблаймиз.

Эндиги муҳим вазифа - бу неъматни қадрлаб, тежаб, ўз ўрнида фойдаланиш.

Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизда истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш доирасидаги асосий вазифалар қуйидагилардан иборат бўлиши керак деб ҳисоблайди:

биринчи - республиканинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини, энергоресурслар импортига боғлиқ бўлмаган ҳолатда, ички электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобига қоплаш ва бу орқали энергетик хавфсизликни таъминлаш;

иккинчи - иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш билан параллел равишда унинг энергия сарфини камайтириш, шу жумладан, истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан оқилона фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган иқтисодий механизмларни жорий этиш;

учинчи - ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида электр энергиясини ишлаб чиқаришда, етказиб бериш ва тақсимлашда энергия йўқотишларини камайтириш орқали самарадорликни ошириш;

тўртинчи - электр ускуналарни босқичма-босқич янгилаш ва ишлаб чиқариш ҳамда электр тармоқларини қувват захирасини кўпайтириш ҳисобига  электр ускуналар эскиришининг олдини олиш;

бешинчи - қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада ривожлантириш, кенгайтириш ва уларни ягона электр тизимига интеграциялаш;

олтинчи - электр энергетика бозорининг самарали моделини ишлаб чиқиш.

Партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган йирик саноат корхоналарида микро энергетика ишлаб чиқариш манбаларини жорий этиш, 2050 йилгача 60-80 фоиз уйларни иситиш тизимини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қопланишини таъминлаш бўйича дастур қабул қилишга оид муҳим таклифлар мамлакатимизда энергия самарадорлигини оширишда шубҳасиз катта қадам бўлади.

Мисол учун, партиямиз қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилган ва ундан фойдаланишни йўлга қўйган барча турдаги истеъмолчилар учун мазкур қурилма  харид қийматининг 50 фоизини давлат томонидан субсидиялаш тизимини жорий этишни таклиф этмоқда. Бундан ташқари, энергия тежовчи арзон уй-жойлар қуриш бўйича лойиҳаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш бўйича таклифимиз ҳам айни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган.

Иккинчидан, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланмоқда.

Ўзбекистон углеводород энергияси - нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Шу боис мамлакатимизда ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган "яшил энергетика"га ўтиш ҳар жиҳатдан афзал ҳисобланади.

Аҳоли ва хўжалик юритиш тармоғи иситиш тизими куз-қиш мавсумида энергияни энг кўп истеъмол қилиши натижасида энергия етказиб беришда муайян қийинчиликлар юзага келади. Партиямиз томонидан айни шу муаммога муносиб ечим бўла оладиган ташаббус илгари сурилмоқда.

Учинчидан, глобал иқлим ўзгариши шароитида мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор экологик ривожланишга асосланган иқтисодиётни барпо этиш жуда муҳим.

Ушбу ғояни амалга ошириш учун Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида бир қатор вазифалар белгилаб олинганини қайд этишимиз лозим. Жумладан:

экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғидан озод этиш;

иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган иқлимий молиялаштириш тизимини жорий этиш;

"яшил" инновацияларни жорий этишда хусусий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликни ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;

тижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахслар учун "яшил" депозит хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этиш ва бундай мижозлар учун алоҳида имтиёзли банк тарифларини йўлга қўйиш, яшил ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун инвестиция фондини ташкил қилиш.

"Яшил" иқтисодиётга ўтиш бирданига амалга ошадиган тезкор жараён эмас, албатта. Бу борада қандай молиявий дастаклардан фойдаланиш муҳимлигини эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур. Айниқса, бу жараёнда давлатнинг ўрни, бозор механизмлари учун яратилаётган шарт-шароит соҳанинг нечоғлик ривожланиб кетишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини камайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш.

Сайловолди дастуримиздан атмосфера ҳавоси ифлосланиши муаммосига ечим бўладиган бир қатор таклифлар ўрин олган. Жумладан, 2035 йилгача автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш, 2050 йилга қадар углерод нейтраллиги ва ноль эмиссияга эришиш таклиф этилмоқда. Бунинг учун зарур инфратузилма яратиш, жумладан, жамоат транспортини электробуслар ҳисобидан ривожлантириш, электробусларни зарядлаш станцияларини қуриш учун тадбиркорларга ер майдонларини ажратиш каби вазифаларни илгари сурмоқдамиз.

Бутун дунёда автомобилсозликда экологик тоза электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтиш жараёнлари шиддат билан ривожланаётганини ҳисобга олиб, 2035 йилга қадар автомобилсозлик йўналишини босқичма-босқич электромобилларга ихтисослаштириш ташаббуси билан чиқилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида белгиланган стратегик вазифалар мамлакатимиз барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитини яратиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Халқимизни, экологияга бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизни дастуримизда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бебаҳо табиий бойликларни асраб-авайлашдек муҳим мақсадларга эришиш йўлида бирлашишга чақирамиз. Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзодларга, партиямизга овоз беринг!

Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ахборот хизмати

Report typo