Фестивални туман ҳокими З.Алиқулов ҳамда "Деҳқонобод калий заводи" МЖЧ директори Ҳ.Шерматов кириш сўзи билан очиб беришди. Ушбу тадбирни ўтказиш учун айнан Деҳқонобод тумани бежиз танланмагани, чунки бу ҳудудда достону термаларни севиб тингламайдиган кишилар деярли учрамаслиги, бугунги кунда бу ерда нафақат вилоятда, балки республикада ва халқаро майдонда ҳам танилиб улгурган кўплаб бахши-шоирлар самарали ижод қилаётгани билдирилди. Туманда бирор байрам-тантана йўқки, бахшиларсиз ўтса.
- Шу маънода ушбу тадбирга аввалдан пухта ва юқори савияда тайёргарлик кўрилганди, - дейди вилоят маданият бошқармаси бош мутахассиси Фотима Жумаева. - Халқ оғзаки ижодининг етакчи жанри бўлган бахшичиликни кенг тарғиб қилиш, фольклор анъаналари ва қадриятларини сақлаш, ўрганиш, ривожлантириш ва вилоятда яшаб ижод этаётган бахшичилик санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантириш каби мақсадлар кўзланган бундан. Шунингдек, фестиваль кишилар, айниқса, ёш авлод қалбида бахшичилик санъатига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қила олди. Ахир бу санъат одамларни мардликка, ҳалолликка ундайди, юртни севишни ўргатади.
Дарҳақиқат, сўнгги вақтда мамлакатимизда халқимизнинг ноёб мероси саналган бахшичилик санъатини янада юксалтиришга ва эски аънаналарни қайта тиклашга, соҳа ижодкорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, юртдошларимиз ва чет элликларнинг ушбу ўлмас санъатимиз намуналаридан кўпроқ баҳраманд бўлишига катта эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, Сурхондарёда биринчи марта шу йилдан бошлаб "Халқаро бахшичилик санъати фестивали" ўтказилаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир. Шунингдек, ҳукумат қарорига асосан, вилоятимизда келгусида бахшичиликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва аллақачон улар ижросига киришилган. Бугунги кунда Деҳқонобод ва Чироқчи туманларидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик ва достончилик йўналишидаги синфлар фаолияти йўлга қўйилгани ҳам мазкур қадриятимиз сир-асрорларини ўрганишга иштиёқманд ёшларга катта имконият тақдим этди. Ҳозир уларга ўз соҳасининг усталари бўлган маҳоратли бахшилар сабоқ бермоқда.
"Деҳқонобод калий заводи" МЖЧ фаоллар залида бўлиб ўтган ушбу тадбирнинг биринчи қисмида давра суҳбатига навбат берилди. Унда вилоятимизда бахчишилик санъати айни пайтдаги ривожи ҳолати, ютуқ ва камчиликлар, бу санъат намуналарининг аҳоли турмушида тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Филология фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номли адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқулов, ҚДУ фольклоршунос олимлари Абдуолим Эргашев, Насим Очилов, Халқ бахшилари Қаҳҳор ва Абдимурод Раҳимовлар ҳамда бошқалар томонидан маърузалар қилинди. "Бахшичилик санъатини бугунги ҳаётимизга тарғиб қилиш", "Деҳқонобод бахшичилик мактаби - ёш бахшилар учун ҳақиқий ҳаёт мактаби", "Халқ оғзаки ижоди материалларини тўплаш, татбиқ этиш ва нашрга тайёрлаш муаммолари", "Бахшичилик санъатида "Устоз-шогирд" анъанаси" каби мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Таъкидландики, қашқадарёлик беқиёс истеъдод соҳиблари бўлмиш ижодкор ва ижрочи бахшиларни дунё тан олган. Бу воҳа достончилари, жумладан, деҳқонободлик (марҳум) Қодир бахши Раҳим ўғли, чироқчилик (марҳум) Азим шоир, қамашилик (марҳум) Ҳазратқул бахши Худойберди ўғли каби бахши-шоирларнинг овозлари Туркия, Америка, Россия, Франция, Тоғли Олтой, Ҳиндистон, Мўғулистон ва бошқа хорижий мамлакатларгача етиб борган ва достонсеварлар қалбини забт этган. Улардан баъзилари ўзга ўлкаларда бўлиб, халқаро анжуманларда иштирок этишган, халқ достонлари ва мусиқаси шинавандаларини ўз чиқишлари билан лол қолдиришган.
Маълумки, воҳа аҳолиси дилидаги қувонч туйғуларини, орзу-умидларини, ўй-кечинмаларини достонларда куйлаган. "Алпомиш", "Рустам", "Гўрўғли", "Аваз" сингари достонларни яратган халқ, тинглаган аждодларимиз улар каби алп, жасур, мард, ор-номусли, элпарвар ва юртсевар, ахлоқий баркамол бўлишга интилган ва ўз авлодларини шу руҳда тарбиялаганлар. Анъанага изчил риоя қилиш, фарзандларнинг оталар ишига садоқати, маънавият, маданият ва санъатдаги давомийликни сақлаб қолиши ҳозирги кунда ҳам қашқадарёлик бахши-шоирларнинг достонлар куйлашига, янгиликлар яратишига, кўплаб достонхонлик давралари, давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманларнинг ташкил этилишига имкон яратмоқда.
Фестиваль доирасида машҳур Қодир бахши Раҳимов хотирасига бағишлаб, бахшилар баҳси ташкил этилди. Мазкур кўрик-фестивалда орзу-умид билан қўлига дўмбира ушлаган 30 дан зиёд бахши ва ҳаваскорлар қатнашди. Асли Деҳқонободдан бўлган, ҳозирда Сурхондарёнинг Музработ туманида яшовчи Чори бахши Умиров, Расул бахши Умиров, саккиз ёшли Диёрбек Расулов, Халқ бахшиси Шодмон Хўжамбердиев ўз маҳоратларини намойиш этишди. Учта шарт асосида ўтган баҳсда қатнашчиларга дўмбира чертиш, таниқли бахшилар ижодидан парча айтиш, ўзи ижод қилган термаларни куйлаш вазифаси топширилди. Бунинг учун уларга маълум вақт ҳам берилди.
- Бу ўзига хос мусобақада рақобат жуда кучли бўлди, - дейди танловниг биринчи ўрин соҳиби Баҳром бахши Раҳимов. - Чунки бу ерга Қашқадарёнинг чор тарафидан, қўшни Сурхондарёдан манаман деган бахшилар келишганди. Бу ҳам кишига янада завқ ва куч берди. Отам ижодига мансуб, "Гўрўғли" туркумига кирувчи "Жорҳун" достонини ижро этдим. Кейин ўзим яратган "Қолар" термасини куйладим. Чиқишим ҳакамларга маъқул келиб, юқори ўринга муносиб кўришди. Бундай баҳслар, юқори эътибор ҳар қандай бахшини руҳлантиради, албатта.
Кўрик-фестиваль якунларига кўра, иккинчи ўрин нишонлик Муродулла Алиқуловга, учинчи ўрин чироқчилик Санжар Чубаевга насиб этди. "Энг кекса бахши" йўналишида 82 ёшли Чори бахши Умиров, "Энг ёш бахши" номинациясида унинг набираси Диёрбек Расулов тақдирланди. Шунингдек, бахшилар - Аҳмад Шотўраев, Алиёр Норматов, Анвар Бўриев, Муҳаммади Даминов, ака-ука Шойқул ва Бойқул Мирзаевлар, Эркин Ўролов, Илҳом Раҳимов сингари қатнашчилар маҳорати эътироф этилди. Барча иштирокчиларга "Деҳқонобод калий заводи" МЖЧ раҳбарияти томонидан тайёрланган махсус совғалар, ғолиб ва совриндорларга эса сертификатлар берилди.
Якунда бу каби фестивални ҳар йили шу вақтда Деҳқонобод туманида ташкил этишга келишиб олинди.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган "Халқаро бахшичилик санъати фестивали"да ҳам вилоятимиздан асосий ғолибликка даъвогар қатор маҳоратли бахши-шоирлар иштироки кўзда тутилган. Уларга катта ишонч билдириб қоламиз.
Абдиолим ЭРГАШЕВ
М.ШУҲРАТОВ