Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Собир НАРЗИЕВ

16.08.2019


ЗАМОНАВИЙ ШАРТ-ШАРОИТ КУТИЛГАН НАТИЖАЛАР ОМИЛИ БЎЛМОҚДА

Нишон туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳам узоқ йиллардан буён ижара бинода фаолият юритиб келаётган эди. Ўз биносига эга бўлмаган, турли мактабларнинг спорт залларидан нажот топган муассасанинг иши қандай бўлганини тасаввур этиш қийин эмас.

Аҳамиятлиси, ўтган йили Нишон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилиши ҳудуддаги спортсевар ёшлар учун муҳим воқелик бўлди. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этган замонавий мажмуада мактаб маъмуриятининг фаолият олиб бориши ҳамда ёшларнинг бир қатор спорт турлари билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

- Мажмуамиз кенг ва шинам иш кабинетлари, 18х42 метр ўлчамдаги замонавий ёпиқ спорт зали ҳамда очиқ ўйингоҳга эга, - дейди мактаб  директори Обид Сайфиев. - Барча спорт инвентарлари, жиҳозлари мавжуд. Тўғриси, бундай шарт-шароитни кўриб ҳудуддаги ёшлар орасида спортга қизиқиш янада ошиб кетди. Айни пайтда бу ердаги 11 тўгаракда қарийб 500 нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда. Келувчилар кўплиги боис, тўгаракларимиз эрталаб 7:30 дан кечки 19:30 га қадар ишламоқда. 15 нафар малакали мураббий ёшларга спортнинг сир-асрорларини ўргатиб бораяпти.

Эътиборли томони, мажмуада ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратилгач, натижалар ҳам бўй кўрсата бошлади. Сўнгги бир йилга яқин вақт ичида ўнлаб ўқувчиларнинг вилоят, мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалардан медаллар билан қайтгани бунга мисол.

- Тумандаги 5-ўрта мактабда ўқийман, - дейди 13 ёшли Бобур Ризвонов. - Бир ярим йилдан буён дарсдан ташқари ушбу спорт мактабида бокс билан шуғулланаяпман. Шу вақт мобайнида кўплаб мусобақаларда иштирок этдим. Энг яхши натижам эса жорий йилнинг 26-30 июнь кунлари туманимизда ўтказилган 2001-2009 йилларда туғилган болалар ва ўсмирлар ўртасидаги халқаро чемпионатда ғолибликни қўлга киритишим бўлди. Энди янада кўпроқ шуғулланиб, бундан-да юксак ютуқларга эришмоқчиман.

Собир НАРЗИЕВ

Суратларда: мактаб фаолиятидан лавҳалар.

Report typo