Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

15.06.2017


ЗАМОНАВИЙ СПОРТ ИНШООТЛАРИ ЯНА КЎПАЯДИ

Шунга монанд, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён юртимизда 1700 дан зиёд спорт объекти барпо қилинди. Ўз навбатида улар замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланди. Бунинг натижасида юртимиз болалари спортга ошно бўлиб ўсмоқда. Хусусан, жамғарма фаолиятида асосий эътибор болалар спортини ривожлантириш, биринчи навбатда, мактабларда замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, уларни замонавий спорт ускуна ва инвентарлари билан жиҳозлаш, шунингдек, бу иншоотлардан самарали фойдаланишга кўмаклашиш масалаларига қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ўтган йиллар давомида талаб даражасидаги болалар спорти мажмуаларини бунёд этиш, уларни малакали ҳамда тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича улкан тажриба тўпланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги тегишли қарорига асосан, жорий  йилда Ўзбекистон  Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг бюджети ва болалар спорти объектлари ҳамда сузиш ҳавзаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастури тасдиқлангани соҳадаги ислоҳотлар давомийлигини таъминлади. Дастурга кўра, вилоятимизда бир қатор спорт объектлари қурилади, реконструкция қилинади ва таъмирланади.

- Ҳар йилги анъанага кўра, жорий йил ҳам вилоятимизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир қанча объектда бунёдкорлик ишлари амалга оширилади, - дейди жамғарманинг вилоят филиали қурилиш бўлими бош мутахассиси Ойбек Қиёмов. – Жумладан, Нишон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун II типдаги спорт мажмуасини янгидан қуриш режалаштирилган. Аввал спорт мактаби бошқа бинода ижарада турарди. Эндиликда улар учун замонавий иншоот бунёд этилади. Шунингдек, Миришкор тумани Помуқ қишлоғидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабини реконструкция қилиш, Қарши шаҳридаги сув спорти турига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг усти ёпиқ сузиш ҳавзасини капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Уларда спортга ошно ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Бундан ташқари, жорий йил Қарши олимпия захиралари коллежи ва Қарши шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг усти ёпиқ сузиш ҳавзалари реконструкция қилиниши, шу билан бирга, Қарши шаҳрида барпо этилаётган спорт-соғломлаштириш мажмуасида кўп тармоқли усти ёпиқ сузиш ҳавзаларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш ишлари олиб борилиши мўлжалланган.

Албатта, сўнгги йилларда вилоятимизда сув спорти анча ривожланди. Кўплаб истеъдодлар юзага чиқди. Улар ўз маҳоратларини жаҳон ва халқаро мусобақаларда намойиш этишмоқда. Мисол учун, ўтган йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги ХV Паралимпия ўйинларида вилоятимиз спортчилари, хусусан, сузиш спорти бўйича вакилларимиз Ўзбекистон терма жамоаси қўлга киритган натижага  муносиб ҳисса қўшишди. Айниқса, паралимпиячиларимиз орасида Фотимахон Амилова энг кўп – 3 та медаль жамғарди. У сузиш бўйича 100 метр масофани 1 дақиқаю 12,45 сонияда босиб ўтиб, биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон рекордини янгилади. Сўнг 200 метр масофага комплекс сузишда кумуш ҳамда 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсларида 1 дақиқаю 04,93 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди. Иккинчи вакилимиз Шоҳсанам Тошпўлатова аввалига 200 метрга комплекс усулда сузишда учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритган бўлса, кейинчалик 50 метрга эркин усулда сузиш бўйича 28,02 сония натижа билан иккинчи бронзасини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Шунингдек, вилоятимизнинг яна бир вакили Дмитрий Хорлин 400 метрга эркин усулда сузишда 4 дақиқаю 06,63 сония қайд этган ҳолда маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига эга чиқди. Бу натижалар ўз-ўзидан юзага келмайди. Бунинг замирида ёш спортчиларга қаратилаётган эътибор, уларга яратилиб берилаётган намунали шарт-шароитлар ётибди.

Хулоса ўрнида айтганда, вилоятимизда бўлажак чемпионларни камол топтиришга мўлжалланган масканлар сони энди  яна ортади, таъмирталаблари замонавий қиёфа касб этади, уларда барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилади.

Азизбек НОРОВ

 

 

Report typo