Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

16.03.2021


Жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи 5 миллион сўмга “учмади”

Шу йилнинг 14 март куни соат 20:00 ларда Тошғузор-Қайирма темир йўл бекатлари оралиғининг 7-километр 1-пикети яқинида жойлашган кўприк остида ғузорлик амакиваччалар Н.П. ва Н.У. металл қувурларни яширин равишда талон-торож қилаётганлиги вилоят ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси жиноят қидирув бўлинмаси ходимлари томонидан аниқланди.

Эртаси куни мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётган вилоят ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи Алишер Тўраевга учрашган фуқаро Н.П. ишни “ёпди-ёпди” қилиш эвазига 5 миллион сўм пора таклиф этади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматига кўра, бўлинма бошлиғи фуқарога бу ҳаракатлари қўшимча жиноятга сабаб бўлишини тушунтирган, бироқ Н.П. айтганидан қайтмаган.

Натижада А.Тўраевнинг раҳбариятга берган билдиргисига асосан, шу йилнинг 15 март куни ИИВ ўз хавфсизлиги бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлими ва Қарши транспорт прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда бошқарманинг Тошғузор бекатидаги бўлинма маъмурий биносида фуқаро Н.П. жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғига 250 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтда ушланди.

Ҳозирда Қарши транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

Report typo