Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Жорий йилда Қашқадарёда 11,3 триллион сўмлик лойиҳаларни рўёбга чиқариш режалаштирилган

16.03.2021


Жорий йилда Қашқадарёда 11,3 триллион сўмлик лойиҳаларни рўёбга чиқариш режалаштирилган

Қашқадарёда йилига 106 минг тонна гипсокартон, 102 минг квадрат метр кафель ва бошқа қурилиш материалларига талаб бор. Лекин, керакли хом ашё бўлишига қарамай, вилоятда бу маҳсулотлар умуман ишлаб чиқарилмас эди. Шу боис бу соҳада бир нечта лойиҳа режалаштирилган.

Мисол учун, Чироқчи туманида 210 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига гипсокартон, пардозбоп тошлар, газобетон, темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқариш мўлжалланган. Бунинг натижасида уй-жойлар қурилишида 1 квадрат метр таннархини 25 фоизгача қисқартириш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, Чироқчи туманида кафель ишлаб чиқариш, Шаҳрисабз шаҳрида гранит ва мармарни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар ҳам бор.

Бу ҳақда давлат раҳбари шу йилнинг 15 март куни Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишиши жараёнида маълумот берилган.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, Қашқадарёда ҳамма тармоқлар бўйича салоҳият юқори. Саноат учун зарур хом ашё ресурслари, хизмат кўрсатиш учун инфратузилма, қишлоқ хўжалиги учун ер-сув ва тажриба бор. Шулардан келиб чиқиб, тўқимачилик, қурилиш материаллари, кимё ва озиқ-овқат саноати, туризм, узумчилик, боғдорчилик ва чорвачилик асосий “ўсиш нуқталари” сифатида белгилаб олинган.

Жорий йил учун умумий қиймати 11 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 125 та ҳудудий лойиҳа шакллантирилган. Хусусан, саноат соҳасида 296 та, хизмат кўрсатишда 449 та, қишлоқ хўжалиги тармоғида 380 та корхона ташкил этилиши режалаштирилган. Бунда иқтисодий самарадорлик ва бандликка алоҳида эътибор қаратилган. Бўлғуси корхоналарда йилига 6 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Бу 131 миллион долларлик импорт ўрнини босиш, 180 миллион долларлик экспорт қилиш имконини беради. 19 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.

Тақдимот жараёнида айтилишича, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 26 та лойиҳа таклифи билдирилган. Шундан 10 таси тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган. Буларнинг натижасида пахта хомашёсини вилоятнинг ўзида қайта ишлаш даражасига сезиларли ошади. Биргина шу тармоқда 7 минг 600 дан зиёд иш ўрни ташкил этилади.

Қашқадарёнинг тоғли туманлари мева-сабзавот, узум, картошка, коврак каби бозорбоп маҳсулотлар етиштиришга, дашт ҳудудлар чорвачиликка ихтисослаштирилган. Жумладан, Нишон туманида чорва комплекси ташкил этиб, сутни қайта ишлаш бўйича 110 миллиард сўмлик лойиҳага киришилган. Бу мажмуада 614 бош наслли қорамол боқилиб, йилига 5 минг 760 тонна сут маҳсулотлари тайёрланади. 230 нафар қишлоқ аҳолиси ишли бўлади.

Шаҳрисабз туманининг тоғолди қишлоқларида картошка ва сабзавотлар етиштириш лойиҳалари ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан муҳим. Бунинг учун аҳолига ер ажратиб берилиб, маҳсулотлар кооперация асосида сотиб олинади. Ҳисоб-китобларга кўра, шу ҳудуднинг ўзидан вилоятда картошкага бўлган талабнинг 34 фоизини таъминлаш мумкин. Бу ишларга 6 минг 500 дан зиёд аҳолини жалб этиб, уларга даромад манбаи яратиш мақсад қилинган.

Давлат раҳбари лойиҳаларни бир-бирига яқин, ихчам жойлаштириб, коммуникация харажатларини камайтириш, ҳудудий корхоналарни йирик саноат тармоқлари билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳар бир лойиҳа замирида аҳолини иш билан таъминлаш масаласи ётгани учун уларга маблағларни тезроқ ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Report typo