Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

28.11.2024


Зулфия номидаги Давлат мукофотига яна бир йўналиш қўшилди

Энди ахборот технологиялари йўналишида ютуқларга эришган  хотин-қизлар ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади

Вилоят Ёшлар марказида Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг  вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова мазкур танлов истеъдодли қизларни танлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, ижодкор, санъатсевар, олима, оқила, шоира, спортчи қизларнинг сафи янада кенгайиб боришида муҳим ўрин тутаётганига тўхталди.

- Вилоятдан шу кунгача 32 нафар қиз Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби бўлган, - деди Зиёда Аминова.  - Бугун қашқадарёлик Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билими, илми билан жамиятда ўз ўринларини топишган. Улар орасида юқори лавозимларда, нуфузли ташкилотларда, вазирликларда ишлаётган қизларимиз бор.

Бу йилги танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 3 минг 800 нафар иқтидорли қизлар иштирок этиб, улар орасидан 90 нафари вилоят босқичига қатнашмоқда. Бу йил фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик йўналиши сафига ахборот технологиялари янги йўналиш бўлиб қўшилди.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг ижодий ишлари, сиёсий- ижтимоий билимлари, урф-одатлар, миллий қадриятларни билиши,  турли кўрик-танловлардаги иштироки, истеъдодини бир неча йўналишларда кўрсата олганлиги танлов комиссияси аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Танловда энг муносиб деб топилган номзодлар унинг республика босқичида иштирок этади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo