Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 декабрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Тўловга қобилиятсизлик жараёнларини онлайн мониторинг қилиш имконини берадиган Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси ишга туширилади.
* * *
«Рақамли прокуратура – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Назорат қилувчи органлар фаолиятида коррупциянинг олдини олиш ҳамда улар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектларини ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг молиявий ҳолатини текшириш билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги назорат тадбирларида қонунларга қатъий риоя этилиши устидан мониторинг олиб боришга мўлжалланган «Tekshiruvlarning yagona elektron reyestri» ахборот тизимининг тўлиқ версияси ишга туширилади.
* * *
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан замонавий хизматларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Пенсия тизимида қуйидаги жараёнларни автоматлаштириш орқали:
фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича «Менинг пенсиям» онлайн хизмати жорий этилади;
пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив, электрон ҳамда интерактив шаклга ўтказилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкума аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 21-сон жазони ижро этиш колонияси қошидаги Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда уч ёшгача бўлган болалар учун «Она ва бола маркази» махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади.
* * *
Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилиш (Бунда фуқаро олаётган пенсия миқдоридан кам пенсия тайинланган тақдирда, аввалги пенсия тури ўзгаришсиз қолдирилади);
фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисида архив ёки ташкилотлар томонидан тақдим этилган қўшимча электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилади.
* * *
Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида
Пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан
Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш ҳамда уларнинг оқибатида етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисида
Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш сунъий интеллектга асосланган «Xavfsiz mehnat» электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши жорий этилади.
* * *
Ўзбекистон Республикасида экскурсия хизматларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига гидларга (гид-таржимонларга) уларнинг хоҳишига кўра ҳаваскор, ихтисослашган ва профессионал малака тоифасини бериш ваколати берилади.
* * *
Қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан маҳалла ҳудудидаги қабристонни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш бўйича эҳтиёжидан келиб чиқиб тегишли Ободонлаштириш бошқармасига ёзма ёхуд электрон ариза киритиш амалиёти йўлга қўйилади.
Бунда Ободонлаштириш бошқармаси маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан киритилган аризага кўра буюртмаларни ўрганиб чиқиб, киритилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари қабристонлар учун очилган шахсий ҳисобварақларида шаклланган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминлайди.
* * *
Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Тўлиқ давлат таъминоти пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар, шунингдек, транспортда юриш тўловидан иборат бўлади. Бунда таълим муассасаларида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга пул нафақалари фақат ижтимоий карта орқали тўланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.